08:59 / 20.02.2022
19308

«Алламжонов билан орамизда совуқчилик йўқ» – Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг мурожаати ёзилган хат эълон қилинди

Instagram'даги Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳақида пост қўйиб борувчи саҳифада Тошкент шаҳар ҳокимининг мурожаати ёзилган хат эълон қилинди. Унда ёзилишича, Ортиқхўжаев ва Комил Алламжонов ўртасида ҳеч қандай тушунмовчилик йўқ ва ҳеч қачон «матбуот уруши» бўлмаган.

Фото: Kun.uz

Ортиқхўжаев бу соҳада (матбуот) тажрибаси йўқлиги ва Алламжонов билан кунига 3-4 маротаба телефонлашиб, хабарлашиб, фикр алмашиб туришини маълум қилган.

«Ассалому алайкум барчага. Охирги 3-4 кунда менинг атрофимда бўлаётган мавзулар ва мен билан Комил Алламжонов ўртасида қандайдир хабарларни тарқатаётган, ҳолатни бўрттириб, ёлғон хабар қўшиб, ижтимоий тармоққа сиздирилаётган, тасдиқланмаган ахборотлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётгани ортидан ёзишга аҳд қилдим.

Аслида эътибор бермасдан, вақтимни кеткизмасдан, бундай уйдирмаларга аҳамият бермасдан юраман. Лекин тинимсиз бўлган қўнғироқлар сабаб ҳолатга шахсан аралашишни жоиз деб топдим.

Мен билан Комил Алламжонов ўртасида ҳеч қандай совуқчилик йўқ, биз ҳеч қачон матбуот уруши қилмаганмиз, бу соҳада тажрибам йўқ. Муносабатларимиз доим очиқ ва самимий бўлган, кунига 3-4 марта телефонлашиб, хабарлашиб, ҳурматли президентимиз олдида, шу юрт олдида қандай вазифаларимиз, мажбуриятларимиз бўлса, маслаҳатлашиб, фикр алмашиб, тажриба алмашиб турамиз. Кеча президентимизнинг Тошкент шаҳрига ташрифларида иккимиз ёнларида бўлиб, ўзимизга тегишли вазифаларни олиб келмоқдамиз. Буни барча расмий фотолардан кўришингиз мумкин.

Биз амалдорлар халқ хизматидамиз. Президентимиз бизни бир оила каби ишлаб келишимизни таъкидлаб келадилар. Ўзбек халқида бир гап бор – агар оиладаги фарзандлар ўртасида зиддият бўлса, бу оила бошининг ишончи йўқолишига олиб келади. Келинглар, бошни бир ёқадан чиқариб, давлатимизга, халқимизга, оиламизга ва оила бошини топшириқларини ҳалол адо этишга кучимизни сарфлаймиз.

Қолаверса, бизнинг орамизга ким қандай мақсадда бундай тушунмовчиликлар, совуқчиликлар солмоқчи бўлгани, бунинг ортида қандай манфаатлар ётгани менга қоронғи. Ўшаларга биргина гапим бор: ишлашимизга халақит берманглар. Бундай уйдирмаларга ишонмаслигингизни ва қимматли вақтингизни бундай арзимас нарсаларга кетказмаслигингизни илтимос қилиб қолардим. Сизларга катта раҳмат!» деб якунланган хат.

Охирги кунларда Telegram мессенжеридаги гуруҳ ва каналларда Комил Алламжонов Тошкент шаҳар ҳокими бўлиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалди. Ҳатто Ортиқхўжаев ва Алламжоновдан қай бири пойтахт ҳокими бўлса яхшилиги борасида сўровномалар ўтказилди. Бу эса икки сиёсатчи ўртасида «ахборот уруши» бошлангани ҳақида навбатдаги миш-мишларни келтириб чиқарганди.

Top