10:50 / 25.02.2022
10864

Тошкентда «права» алмаштириш учун «сўнгги мижозгача» иш режими жорий этилди - ДХА

Тошкент шаҳрида ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш учун “сўнгги мижозгача” иш режими жорий этилди. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги хабар бермоқда.

Фото: Kun.uz / Ma'rufjon Asqarov

Қайд этилишича, Давлат хизматлари агентлиги давлат хизматлари марказларига ташриф буюрувчи фуқаролар, жамоатчилик вакиллари ва ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари фикри ва таклифларини таҳлил қилган.

Эски ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадагига алмаштириш сўнгги муддати ўтган йили декабр ойидан, 2022 йил 31 декабрга қадар узайтирилган ва бу жараён 4 босқичда амалга оширилиши белгиланган. 

Эски ҳайдовчилик гувоҳномалари қуйидаги муддатларда янгисига мажбурий алмаштирилади:

  • 2010 йилгача берилганлари – 2022 йил 31 мартгача;
  • 2010 – 2012 йилларда берилганлари – 2022 йил 30 июнгача;
  • 2013 – 2015 йилларда берилганлари – 2022 йил 30 сентябргача;
  • 2015 йилдан кейин берилганлари – 2022 йил 31 декабргача.

“Муаммонинг асосий сабаби - 2022 йил 31 март куни эски гувоҳномаларни алмаштириш биринчи босқичи якунланиши, 2010 йилгача берилган эски "права"лар ҳақиқий эмас деб ҳисобланиши ва белгиланган муддатда ҳужжатини алмаштирмаганлар сони кўплиги. Бу эса, табиийки, марказларга ташриф буюрувчилар оқими сезиларли ортишига сабаб бўлган”, дейилади хабарда. 

ДХА масъуллари томонидан ДХМларга хизматдан фойдаланиш учун ташриф буюрувчилар кўплиги, жумладан, улар орасида ҳудудлардан ҳам ташриф буюраётганлар оз эмаслигини, шунингдек, фуқароларга ушбу давлат хизматини кўрсатишда қўшимча қулайлик яратиш мақсадида, Тошкент шаҳрининг Миробод, Мирзо Улуғбек, Яшнобод, Яккасарой, Сергели, Чилонзор, Учтепа, Шайхонтоҳур, Олмазор, Юнусобод тумани Давлат хизматлари марказларида 2022 йилнинг 21 февраль кунидан бошлаб “сўнгги мижозгача” иш режими ташкил қилинди. Бунинг учун иш графиги меҳнат қонунчилиги доирасида қайта кўриб чиқилган.

Бунда, юқорида қайд этилган ДХМлар орқали ҳайдовчилар душанбадан жума кунига қадар эрталаб соат 9:00 дан кечгача ҳамда шанба куни соат 09:00 дан 13:00 га қадар хизматдан фойдаланиши мумкин.

Эски "права"ни янгисига алмаштириш учун нафақат ДХМларга, балки бевосита ваколатли идора - ИИББ ЙҲХБ бўлимларига ҳам мурожаат қилиш мумкин.

“ДХА давлат хизматларини тақдим этиш жараёнида қулайликларни яратишда давом этади. Хизмат кўрсатиш жараёнида ИИВ ахборот тизимида айрим ҳолатларда узилишлар кузатилиши мумкин. Сизлардан ҳам хизматлардан фойдаланишда тартибни сақлашингизни, навбатга риоя қилишингизни ҳамда ўзаро ҳурматни сақлаб, сабрли бўлишингизни сўраб қоламиз”, дейилади маълумотда.

Top