09:41 / 02.03.2022
10155

Жаҳон банки Афғонистонга музлатиб қўйилган 1 млрд доллардан ортиқ маблағни ишлатишга қарор қилди

Маблағлар «БМТ алоҳида тузилмалари ва халқаро ноҳукумат ташкилотларга йўналтирилади», дейилади банк баёнотида.

Фото: Getty Images

Жаҳон банки директорлар кенгаши сешанба куни Афғонистонни қўллаб-қувватлашга мўлжалланган ва музлатиб қўйилган 1 миллиард доллардан ортиқ маблағни қатор муассасалар ва гуманитар ёрдам ташкилотларига ўтказишга қарор қилди. Бу ҳақда Жаҳон банки сайтида чоп этилган баёнотда айтилади.

«Жаҳон банки директорлар кенгаши бугун Афғонистонни тиклаш жамғармаси ва халқаро ҳамжамият донорлари сўрови муносабати билан афғонларни қўллаб-қувватлаш бўйича кенгайтирилган ёндашувни маъқуллади», — дейилади ҳужжатда. 

Режага кўра, Афғонистон тикланиш жамғармасидан грант олувчилар сифатида БМТнинг алоҳида тузилмалари ва халқаро ноҳукумат ташкилотларга 1 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратилади.

Ҳужжатда айтилишича, бу маблағлар «Толибон» ҳаракати томонидан тузилган Афғонистон муваққат ҳукумати назоратидан ташқарида бўлади. Қайд этилишича, маблағлар турли дастурларга, жумладан, таълим, қишлоқ хўжалиги ва соғлиқни сақлаш соҳаларига йўналтирилади.

2021 йил декабрь ойида Жаҳон банки директорлар кенгаши Афғонистонни қўллаб-қувватлашга мўлжалланган ва музлатиб қўйилган маблағлардан икки гуманитар ёрдам ташкилотига 280 миллион доллар ўтказишга қарор қилганди. Гап Жаҳон озиқ-овқат дастури ва БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ) ҳақида бормоқда.

Top