14:23 / 02.03.2022
15134

«Ултра замонавий» Қорасув: коммунал тўловдан қарзингиз бўлса, лифтдан фойдалана олмайсиз. Одамлар бу тартибдан норози

Ўзбекистоннинг қаеридадир лифт пулли экани ҳақида эшитганмисиз? Самарқандда вазият шунга қараб кетмоқда. Қорасув деб ном олган массивдаги янги уйларда яшовчилар коммунал тўловдан қарзи бўлса, лифтдан фойдалана олмаяпти.

Самарқандда сўнгги пайтларда лифт ва кузатув камераларига қасддан шикаст етказувчи шоввозлар кўпайгани рост. Лифт ичидаги камера қаршисида ўзини тутолмай қолаётганларнинг аксарияти негадир Қорасув массивидан бўлиб чиқяпти.

Энг охирги ҳолатга ҳам кўп бўлмади, 23 феврал куни Қорасувдаги 83-кўп қаватли уйнинг лифтида жамиятда юриш-туриш қоидаларини бузган йигитга 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Қорасувликлар Kun.uz'га мурожаат қилиб, бу каби ҳолатларнинг кўпайганини ҳудуддаги лифтларга махсус чип ўрнатилгани ва ўша матоҳсиз лифт ишламаслиги билан боғлашди. Қорасув массивида бўлиб, 16 қаватли уйларнинг ҳовлисида набираларини ўйнатиб турган онахонларни суҳбатга тортдик.

Назокат Абдувойитова Оқдарёдан набираларига қараб туриш учун Қорасувга – ўғлининг уйига келиб туради. Онахоннинг айтишича, унинг қўлида лифт учун ишлатиладиган махсус чип йўқ, одатда кимдир лифтга кирмоқчи бўлса, у билан биргаликда қўшилиб чиқиб-тушади. Ёнида чип бўлмагани учун бир сафар набиралари билан лифтда ярим соатдан ортиқ қамалиб қолганини айтди. Онахон 11-қаватда яшаркан.

Лифтларга чип ўрнатилгани нафақат кекса инсонлар, балки ёшлар учун ҳам ноқулайлик келтириб чиқараётганига гувоҳ бўлдик.

Кўп қаватли уй ҳовлисида турган учинчи гуруҳ ногирони Шаҳноза Қувватова «Ўзим-ку майли, ҳозир кекса ёшли меҳмонимиз келяпти, уларни қандай олиб чиқаман, хижолат бўлиб турибман», деди.

Маълум бўлишича, Қорасувдаги 16 қаватли уйлар лифтига камера ва чип ўрнатилган, шу уйларда яшовчи аҳоли ва уларнинг меҳмонларида чип бўлмаса лифтдан фойдалана олишмайди. Тасаввур ҳосил қилиш учун айтиш лозим: кимдир лифтга кирса, автомат тарзда эшик ёпилади ва ўша вақтда қўлида чип бўлмаган инсон ҳеч қандай ҳаракатлана олмайди. Лифт на кўтарилади, на эшик очилади. Токи ташқаридан кимдир келиб очмаса ёки лифт назоратчилари сизнинг қамалиб қолганингизни билишмаса.

Аҳоли чипнинг фаоллашуви коммунал тўловлар билан боғлаб қўйилганини айтмоқда. Ҳудудга хизмат кўрсатувчи ширкат – «NUR SHARQ TESS» бошқарув сервис ташкилоти раҳбари Жасур Шариповдан изоҳ олдик.

«Лифтга чип ўрнатишдан биринчи мақсад – биз билан шартнома қилган аҳоли хавфсизлигини таъминлаш. Яъни қўлида чип бўлмаса, лифтдан ҳар ким ҳам фойдалана олмайди. Қолаверса, лифт ва бинолар атрофидаги ҳолат тўлиқ назоратимизда бўлади. Лифтни чипсиз фойдаланадиган қилиб қўйсак, тез орада яроқсиз ҳолатга келиб қолади», деди Жасур Шарипов.

Шу ўринда бир ҳолатга изоҳ берсак: «NUR SHARQ TESS» БСТ билан қилинган шартномага кўра, кўрсатиладиган барча хизматлар учун ҳар бир хонадон квадратига қараб ўртача 50 минг сўмдан ойлик мажбурий бадални тўлаб боришга мажбур. Агар бадал тўланмаса, чип автоматик тарзда ишдан чиқади ва ўша фуқаро лифтдан фойдалана олмай қолади.

«Агар шундай қилмасак, тўловларни ундира олмаяпмиз. Ҳозирча бу тажриба бизда бошланди, аммо яқин ойларда барча ширкатлар шу тартибга ўтишга мажбур бўлади, чунки электр, табиий газ, интернет учун пул тўлаётган фуқаролар оддий коммунал тўловга келганда тўлашни истамай қоляпти. Шундай бўлишига қарамай, коммунал тўловларнинг бироз кечикишини маълум қилиб келган аҳолига чипни ишлатиб беряпмиз. Қарияларга, ногиронларга 50 фоизгача чегирма ҳам берганмиз», дейди Шарипов.

Бироқ аҳоли ва ширкат ўртасида тузилган шартномаларда коммунал тўловлар қилинмаса, лифтдан фойдалана олмасликка оид банд йўқ. Қолаверса, фуқаролар бу уйларни харид қилаётган вақтда келажакда лифтдан фойдаланиш пулли бўлиши мумкинлиги кўзда тутилмаган. Чунки нафақат кексалар, балки ёшлар ҳам бундай «жазоланиш»га тоқат қилолмайди. Ҳақиқатан ҳам уйингизга келган меҳмонни 16 қаватга зиналардан етаклаб чиқаркансиз, «коммунал тўловни қилмагандим», деб изоҳ бериш жуда хижолатли ҳолат аслида.

Қорасувдаги вазият нечоғли тизим қоидаларига тўғри келиши бўйича Самарқанд вилояти Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Баҳодир Негматов билан телефон орқали боғландик. Бошқарма бошлиғи ҳам «NUR SHARQ TESS» МЧЖ аҳолидан ўз вақтида коммунал тўловларни ундириб ололмагани учун бу тажрибани қўллашга мажбур бўлганини айтмоқда. Негматовга кўра, фуқаролардан қарздорликни суд тартибида ундириб олиш вақт ва ортиқча маблағ талаб қилар экан. Коммунал соҳадан қарздор фуқароларни лифтдан маҳрум қилиш ҳозирча фақат Қорасувда қўлланаётганини маълум қилди.

Дунё тажрибасида ҳам пулли лифтлар бор, бу аслида бошқа масала, аммо Қорасувдаги ҳолат ҳам шунга яқин. Қачондир Ўзбекистонда ҳам бу тизим ишлаб кетишини инкор этиб бўлмайди. Аммо тартибни шундай ўрнатиш керакки, унинг ортидан аҳоли жабр кўрмасин, инсонлар камситилмасин. Барчаси ўзаро келишув асосида, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тенг ифодаловчи шартномавий-ҳуқуқий тартибда бўлиши лозим.

Исомиддин Пўлатов, Kun.uz мухбири,

Монтажчи ва тасвир устаси – Фахриддин Ҳотамов

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top