16:01 / 03.03.2022
43739

Россия қўшини Херсонга кирди, делегациялар музокараларга йўл олган. Сўнгги маълумотлар

Киев ва Харьковни ўққа тутиш давом эттирилди. Пойтахтда темирйўл вокзали яқинига авиазарбалар берилган. Херсон руслар томонидан эгалланган, Мелитопол бир неча кундан буён руслар қўлида.

2 март куни россиялик ҳарбийлар Украина жанубидаги Херсон шаҳрини эгаллашди. Бу ҳақда шаҳар мэри Игорь Колихаев маълум қилди.

280 минг аҳоли яшайдиган Херсон - Украинанинг оғир жанглардан кейин Россия томонидан эгалланган илк йирик шаҳри ва илк област маркази бўлди.

Колихаевнинг хабар қилишича, россиялик ҳарбийлар шаҳар ҳокимияти биносига киришган ва шаҳар аҳолиси учун соат 20:00дан соат 6:00гача комендантлик соати жорий этган.

Унинг сўзларига кўра, Россия томони билан бу борада музокаралар бўлмаган, аммо шаҳар қандай ишлаши муҳокама этилган.

«Бу музокаралар эмасди, миш-мишларда айтилганидек бўлмади. Мен ҳеч ким билан ҳеч нарса ҳақида келишмадим. Аммо, чиндан ҳам, қуролланган шахслар шаҳар ижроия қўмитасига ташриф буюрди.

Бизнинг жамоа - тинч аҳоли, бизда қуроллар йўқ. Биз шаҳар хавфсизлигини таъминлаш учун ва босқин оқибатларини бартараф этиш учун ишлаётганимизни кўрсатдик. Биз жасадларни йиғиш ва дафн этишда, озиқ-овқат ва дори-дармон етказиб беришда, чиқиндиларни олиб кетиш ва авариялар оқибатларини бартараф этишда мисли кўрилмаган қийинчиликларга дуч келмоқдамиз», дея ёзган шаҳар мэри.

Унинг ёзишича, шаҳарда ҳамон Украина байроғи ҳилпирамоқда, аммо россиялик ҳарбийлар билан келишувга кўра шаҳарда қуйидаги қоидалар амал қилади:

  • Кўчага фақат кундузи чиқиш мумкин.
  • Соат 20:00дан соат 06:00гача қатъий коммендантлик соати амал қилади.
  • Шаҳарга фақат озиқ-овқат, дори-дармон ва ҳаёт учун зарур бўлган бошқа маҳсулотлар юкланган машиналар кириши мумкин.
  • Ходимлар нон заводи, дўконлар, дорихоналар ва бошқа жойларга етиб боришлари учун жамоат транспорти фаолиятини тиклаймиз.
  • Кўчаларда пиёдалар бир киши бўлиб, максимум икки киши бўлиб ҳаракатланиши мумкин. Ҳарбийларга провокация қилмаслик керак. Биринчи талаб биланоқ тўхташ ва зиддиятга бормаслик керак.
  • Шаҳарда ҳаракатланишига рухсат берилган автомобиллар (минимал тезликда) исталган вақтда юклари текшириб кўрилишига рухсат бериши керак.

«Мен инфратузилмани янгилаш, Херсонга инвестициялар олиб кириш, шаҳар янги ҳаёт бошлаши учун уйлар, йўллар ва хиёбонлар қуриш учун келгандим. Энди эса жасадлар учун махсус пакетлар қидириш, «яшил йўлак» сўраш билан бандман ва энди шаҳарни танклардан кейин қандай тиклаш ҳақида ўйлаяпман», дея ёзади Херсон мэри.

Мариуполь оғир вазиятда

Жоэл Гантер, BBC News, Украина

Украинанинг муҳим портларидан бири Мариуполь 15 соатдан ортиқ вақт давомида танаффуссиз бомбардимон қилингач, «гуманитар фалокат ёқасига келган». Бу ҳақда шаҳар мэри ўринбосари Сергей Орлов BBC билан суҳбатда маълум қилди.

«Россия армияси бу ерда ўз ихтиёридаги барча турдаги қуролларни қўлламоқда - артиллерия, ракета қурилмалари, самолётлар. Улар шаҳарни вайрон қилмоқчи», деган Сергей Орлов.

Унинг сўзларига кўра, россиялик ҳарбийлар шаҳардан бир неча километр масофада турибди ва тўрт томондан муҳим инфратузилмаларни ўққа тутмоқда, шаҳарнинг айрим қисмлари ичимлик суви ва электр таъминотидан узилган.

Мэр ўринбосари шаҳарнинг аҳоли зич яшовчи районларидан бири тўлиқ яксон қилинганини айтди.

«Биз ҳозир қурбонлар сонини санай олмаймиз, аммо камида юзлаб одамлар ҳалок бўлмоқда деб ўйлаяпмиз. Биз у ерга бориб, жасадларни йиға олмаймиз. Менинг отам ўша ҳудудда яшайди, ҳозирда у тирик ёки йўқлигини билмайман», деган Сергей Орлов.

«Биз Украина армиясига ишонамиз, аммо биз даҳшатли ҳолатдамиз», дея қўшимча қилган у.

BBC барча давом этаётган йирик қуролли можароларда бўлгани каби Мариуполь ва Херсондаги қурбонлар сонини аниқ тасдиқлай олмайди.

2 март куни РФ мудофаа вазирлиги ДХР кучлари шаҳар атрофини «ҳалқа бўлиб» ўраб олганини маълум қилган ва шаҳар аҳолисига шаҳарни шарқий йўналишда тарк этишни таклиф қилганди.

Йўқотишлар ва ҳарбий муваффақиятлар

Россия томони баҳоси

Россия мудофаа вазирлиги Украинага босқиннинг биринчи ҳафтаси якунида илк бор ўзининг ва Украинанинг йўқотишлари бўйича маълумот берди. Унга кўра, 498 нафар россиялик ҳарбий бурчини ўташ чоғида ҳалок бўлган, 1597 киши яраланган. Шунингдек, Украинанинг йўқотишлари 2870 дан ошгани, 3700 дан ортиқ киши яралангани ва 572 киши асирга тушгани маълум қилинган.

Россия мудофаа вазирлигининг «ҳарбий муваффақиятлар» бўйича янги баёноти:

  • «Украина қуролли кучлари томонидан Россияга қарши психологик операциялар» ўтказишда қўлланган Киевдаги технологик радиотелевизион марказ сафдан чиқарилди, қурбонлар ва турар жойлар вайрон бўлиши ҳолати кузатилмаган;
  • россиялик ҳарбийлар Чистополье, Новополтавка ва Жовтневоени қўлга олишди;
  • Балаклея шаҳри (Харьков области) «миллатчи батальонлардан озод этилди»;
  • ҳарбий ҳаракатлар бошидан буён 1612 объект йўқ қилинган, шундан 62 таси бошқарув пункти ва ҳарбий алоқа тузилмалари, 39 таси ҳаво ҳужумидан мудофаа комплекслари (С-300, «Бук М-1» ва «Оса», 52 та радиолокация станциялари;
  • қуруқликда 49 самолёт, ҳавода 13 та самолёт йўқ қилинган, шунингдек 606 танк ва бошқа жанговар зирҳли машиналар, 67 ракета тузилмалари, 227 та артиллерия қурилмалари ва миномётлар, 53 дрон сафдан чиқарилгани айтилган.

Украина томони баҳоси:

3 март куни Украина қуролли кучлари Россиянинг йўқотишлари сони 9 мингдан ошгани (қурбонлар ва яраланганлар) ҳақида маълум қилди: 

  • Шахсий таркибдан 9 минг атрофидаги киши сафдан чиққан (аввалроқ УНИАН агентлиги бу рақамлар ҳалок бўлганлар билан бирга яраланганларни ҳам ўз ичига олишини маълум қилганди)
  • 217 танк
  • 900 жанговар зирҳли машиналар
  • 11 та ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари
  • 31 вертолёт.
  • Украина ўз йўқотишлари ҳақида сўнгги маълумотларни янгиламаган.

Тинчлик музокаралари

Украина ва Россия делегациялари музокараларга йўл олган — учрашув 3 март куни тонгида бўлиши кутилганди, аммо сўнгги хабарларга кўра, музокаралар Тошкент вақти билан 19:00да бошланиши кутилмоқда. Россия томони маълумотига кўра, делегациялар Беларуснинг Польша билан чегарадош Брест области ҳудудида учрашади.

2 март куни РФ ТИВ раҳбари Сергей Лавров россияликларнинг талабларини баён этди: Қрим Россия ҳудуди сифатида тан олиниши, ДХР ва ЛХР Донецк ва Луганск областлари чегараларида тан олиниши, Украинада «Россия Федерацияси хавфсизлигига таҳдид солувчи» қуроллар бўлмаслиги ва «денацификация».

Украина делегацияси вакили Михаил Подоляк Россия «том маънода халқ урушига аралашиб қолгани» ва урушнинг ҳар бир куни «Россия давлати, Россия жамияти ва Россия иқтисодиёти салоҳиятини ҳалокатли даражада пасайтириб бориши»ни тушуниши кераклигини айтди.

Музокараларнинг биринчи куни 28 февраль куни Беларуснинг Гомель областида ўтказилган ва шундан кейин томонлар маслаҳатлашув учун ўз пойтахтларига қайтганди.

Россия делегацияси раҳбари Владимир Мединский томонларнинг умумий позициялар прогноз қилинадиган айрим нуқтаи назарларни белгилаб олгани ҳақида айтганди.

Украина президенти Владимир Зеленский эса Россия билан музокараларда Украина хоҳлаган натижага эришиш имкони бўлмаганини қайд этганди. У музокараларда Россия томони ўз позициясини эълон қилгани, Украина эса «урушни якунлаш бўйича» талабларини илгари сургани ҳақида гапирганди. «Россия томонининг айрим сигналларини биз олдик», дея қўшимча қилганди президент.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top