19:27 / 05.03.2022
21648

Вазир ўқитувчиларга: «Тест сизга болани саралаб беряптими, сиз ҳам уни маънан мажруҳ қилмай, ўқитиб беринг»

Умумий ўрта таълим мактабларида таълим сифати яхши эмаслигига олий таълимдаги муҳит сабабчидир. Бу ҳақда Абдуқодир Тошқулов Бухоро давлат университетида таълим сифати бўйича ўтказилган ўрганиш натижаларига бағишланган йиғилишда таъкидлаб ўтди.

«Халқ таълимида иш кетмаслигига биз сабабчимиз. Университетда ҳозир бўлаётган ғилли-ғашликларни талаба билиб ўтирибди. У билади қайси ўқитувчи уни нега фандан йиқитяпти?

«Бунинг шогирди бўлгани учун», деган кайфият бор университетда. У (талаба) бориб мактабда ҳам муҳитни булғайди эртага.

Кўп айтишади «мактабдан билимли бола келмаяпти, шунинг учун олий таълимда сифат тушиб кетди», деб. Йўқ, Олий таълим вазири сифатида мен бу фикрларга қўшилмайман. Биз мактабдан билимли болани селекция қилиб оляпмиз. Тестдан ўтказиб оляпмиз. Билими бор у боланинг», -  деган вазир.

Абдуқодир Тошқулов айрим ўқитувчилар томонидан олий таълимда сифат тушишига супер контрактда ўқиётган талабалар айбдор қилиниши аммо бу янглиш фикр эканини ҳам қўшимча қилади.

«Келаси йилдан бошлаб, аввалги уч йилга нисбатан 10 фоиз ҳам қолмайди супер контракт.

Хусусий университетлар кўпайиб кетди, энди одамлар боласини супер контрактда ўқитгандан кўра, хусусий университетларда ўқитишни маъқул кўряпти. Хусусий университетлар кел бизга, дея ёшларни бағрига оляпти.

Тест сизга болани селекция қилиб беряптими, сиз ҳам уни маънан мажруҳ қилмай, мустақил қилиб ўқитиб беринг.

Реферат, презентация тайёрлаш дегани бу мустақил таълим дегани эмас. Кўринг сиз, дунёнинг ривожланган таълим муассасалари платформаларига киринг. Хўш, улар қандай амалиётлар ўтказяпти?

Кафедрангизни олиб бориб, ишлаб чиқариш корхонасига жойлаштиринг. Мактабда битта кафедра қилинг. Биология, химия, математика. Адашмасам, халқ таълимида 22 та фан бор.

Университетнинг педагогик таълим йўналишида 4 йил ўқиган талаба мактабнинг китобини варақламай, сизга боряпти», - дейди Олий ва ўрта махсус таълим вазири.

Top