Ўзбекистон | 16:34 / 01.11.2023
24405
1 дақиқада ўқилади

Абдуқодир Тошқулов Термиз давлат университетига ректор бўлди

У мазкур университетга 2017—2021 йилларда ҳам раҳбарлик қилган, кейин эса вазир лавозимига кўтарилганди.

Фото: Термиз давлат университети

Термиз давлат университетига Абдуқодир Тошқулов ректор этиб тайинланди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар берди. ОТМга 2021 йилдан бери Авазжон Мараҳимов ректорлик қилиб келаётганди.

Аввалроқ Тошқуловнинг президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимидан (амалда тугатилди) кетганлиги хабар қилинганди.

Абдуқодир Тошқулов 2010 йилдан Қонунчилик палатаси депутати бўлган, 2017 йил сентябрида Термиз давлат университетига ректорликка ўтган, 2018 йилда сенаторга айланган.

2021 йил январидан эса олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига раҳбарлик қила бошлаганди. 2022 йил декабридаги маъмурий ислоҳотлар доирасида президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига тайинланганди.

Мавзуга оид