15:13 / 12.03.2022
32007

85 млндан 2,6 млрдгача — Наврўз байрами учун қайси вилоят қанча пул сарфлайди?

Ҳудудларда Наврўзни нишонлаш ва Тошкент шаҳрида ўтадиган байрам тантаналарида жамоалар иштирокини таъминлаш вилоятларга қанчага тушаётгани маълум бўлди.

Фото: KUN.UZ

Айни пайтга қадар 7та ҳудуд ҳокимининг Наврўз байрамини ташкил этиш учун маблағ ажратишга оид фармойишлари e-qaror.gov.uz порталига жойланди.

Қолган еттита ҳудуд – Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Хоразм ва Тошкент вилоятлари раҳбарларининг бу ҳақдаги ҳужжатлари порталда йўқ.

Бухоро – 2,6 млрд сўм

Наврўзни нишонлашга маблағ ажратиш бўйича Бухоро вилояти етакчи бўлса ажаб эмас. Вилояти ҳокими Ботир Зарипов бу учун 2 млрд 631,5 млн сўм ажратган. Мазкур маблағ билан Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Наврўз умумхалқ байрами сайилларида иштирок этиш учун 100 нафардан кам бўлмаган фольклор ва бадиий ҳаваскорлик жамоалари, дорбозлар, карнай-сурнай гуруҳлари, цирк артистлари, ошпазлар, ҳунармандлар, оилавий ансамбллар, бахшиларнинг хизмат сафари билан боғлиқ барча харажатларни қоплаш ҳам назарда тутилган.

Шунингдек, ижодий жамоалар учун янги саҳна либослари, бош кийим, саҳна пойабзали, миллий безак, тақинчоқлар сотиб олиш режалаштирилган.

Наманган – 1,9 млрд сўм

Вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов Наврўз байрамига 1 млрд 933 млн сўм сарфлайдиган бўлди. Маблағ вилоятда умумхалқ сайилларини кўтаринки руҳда ўтказиш ҳамда Тошкент шаҳридаги тантаналарда вилоят учун ажратилган майдонларни безатиш, миллий ҳунармандчилик кўргазмалари, ижодий гуруҳ иштироки билан боғлиқ харажатларга ишлатилади.

Қашқадарё – 1,4 млрд сўм

Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти кенгаши қарори билан Наврўз байрами харажатларига 1 млрд 466 млн сўм йўналтирилган. Харажатлар байрамни юқори савияда ўтказиш ва Тошкент шаҳридаги тантаналарда вилоят композиция участкаларини яратиш билан боғлиқ.

Андижон – 800 млн сўм

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов вилоят ҳамда Тошкент шаҳрида ўтказиладиган байрам тантаналари харажатлари учун 800 млн сўм ажратган.

Фарғона – 560 млн сўм + 186 млн сўм

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг фармойиши асосида Наврўз байрамига 560 млн сўм сарфланиши кўзда тутилган. Ушбу маблағ Тошкент шаҳрида ўтадиган байрамда вилоятга ажратилган ҳудудда декоратив макет-конструкция ишлари ҳамда бошқа бадиий безатиш харажатларига ишлатилади. Ҳоким фармойишида тегишли масъулларга бюджет маблағларидан оқилона фойдаланишни назарда тутган ҳолда олинган маҳсулотлар ва кўрсатилган хизматлар бўйича шартномалар тузишда нархларнинг сунъий ўсишига йўл қўймаслик чораларини кўриш алоҳида топширилган.

Фарғона вилояти ҳокими Наврўз байрами билан боғлиқ яна бир фармойиш қабул қилган. Унда мигрантлар учун Россия Федерациясининг Екатеренбург, Тюмень ва Челябинск шаҳарларида ташкил этиладиган байрам тадбирларига Фарғона вилоятидан юбориладиган делегация аъзоларининг хизмат сафари билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун 186 млн 172 минг сўм ажратиш кўзда тутилган.

Навоий – 300 млн сўм

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Нормат Турсуновнинг тегишли фармойиши билан “Наврўз” байрамини нишонлаш ҳамда Тошкент шаҳрида бўладиган байрам тантаналарида вилоят жамоаси иштирокини таъминлаш учун 300 млн сўм ажратилган.

Тошкент шаҳри – 85 млн сўм

Айни вақтга қадар байрам тадбирларини ўтказиш учун энг кам пул сарфлайдиган ҳудуд пойтахт бўлиб турибди. Тошкент шаҳри ҳокимининг тегишли қарори билан Наврўз байрами тадбирига 85 млн сўм сарфлаш режалаштирилган.

Барча ҳудудларда маблағлар маҳаллий бюджетнинг эркин қолдиқ қисмидан ва захира жамғармасидан ажратилган ҳамда маданият бошқармаларига ўтказиб бериш кўзда тутилган.

Туман ва шаҳарлар кесимида Жиззах вилоятининг Бахмал тумани “етакчилик” қилмоқда. Туманда Наврўзни нишонлаш учун харажатларга (харажатлар тури очиқланмаган) 230 млн сўм ажратилган. Фарғона вилоятининг Фурқат тумани ҳокими эса айни шу мақсадга бундан 10 баравар кам, 23 млн сўм ажратган.

Top