08:03 / 12.03.2022
20464

Туркманистонда навбатдан ташқари президентлик сайловларида овоз бериш бошланди

Туркманистонда эрталаб соат 7:00 дан мамлакатда навбатдан ташқари президентлик сайловлари учун сайлов участкалари очилди, президентликка тўққиз нафар номзод даъвогарлик қилмоқда.

Фото: turkmenportal

Республикада овоз бериш учун 2,5 мингдан ортиқ сайлов участкаси ташкил этилди. Яна 41 та участка 30 та хорижий давлатда иш бошлади.

Сайлов участкаларида овоз бериш Туркманистон Марказий сайлов комиссиясининг saylav.gov.tm сайти орқали онлайн трансляция қилинади. Сайлов жараёни миллий телевидение ва радио орқали ҳам жонли эфирда ёритилади. 

Овоз бериш жараёнини 2 726 нафар миллий кузатувчи кузатиб бормоқда. Бундан ташқари, Туркманистон томонининг таклифига биноан мамлакатга МДҲ, Туркий давлатлар ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, шунингдек, бир қатор қўшни давлатлардан кузатувчилар миссиялари етиб келган. 

Сайлов участкалари 19:00 гача ишлашни давом эттиради, шундан сўнг овозларни санаш бошланади. 

Туркманистон миллий қонунчилигида президентлик сайловларида фуқароларнинг иштироки миқдори бўйича чегара белгиланмаган. 

Республика Сайлов кодексига мувофиқ, сайловчилар сонининг 50 фоиздан ортиқ овозини олган номзод сайловда ғолиб деб топилади. 

11 февраль куни бу лавозимда 15 йил ишлаб келган амалдаги президент Гурбангули Бердимуҳаммедов мамлакат Халқ маслаҳати (парламент юқори палатаси)га раислик лавозимини сақлаб қолган ҳолда, президентликни ёш раҳбарга топшириш нияти борлигини маълум қилди. 

МСК Туркманистон президентлигига тўққиз нафар номзодни рўйхатга олди. Номзодлар орасида амалдаги президентнинг ўғли, Туркманистон Демократик партиясидан кўрсатилган Сардор Бердимуҳаммедов ҳам бор. 

Туркманистонда аввалги президентлик сайловлари 2017 йилда бўлиб ўтган. 

Top