21:40 / 12.03.2022
20348

Ёмғир йиғувчи мослама, ширин картошкалар – инновацион форумда янги лойиҳалар тақдим қилинди

Форумда светофорларни қуёш энергиясидан фойдаланиб ишлатиш, батат ўсимлигини кўпайтириш, қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш қурилмаси каби лойиҳалар тақдимот қилинди.

11-12 март кунлари Инновацион ривожланиш вазирлигида турли инновацион лойиҳалардан иборат баҳорги форум бўлиб ўтди. Унда республика вилоятларидан келган олим ва ихтирочилар ўз ишланмалари билан иштирок этишди.

Форумда Гулистон давлат университети томонидан шўр ерларда яхши ўсувчи батат ўсимлиги намойиш қилинди. Университет талабаси Жаннатой Турдиқулованинг маълумот беришича, бу – картошка ўрнини босади, таркибида глюкоза, оқсил, крахмал миқдори юқори бўлади. Картошкадан афзаллиги – уни кўчат ҳолида ҳам, ҳосилидан ҳам кўпайтириш мумкин.

Сариқ навли батат, Гулистон давлат университети

“Бир туп картошка 2-3 килограмм ҳосил берса, бататдан 4-6 килограммгача ҳосил олиш мумкин. Ундан крахмал, поясидан бензин олиш мумкин”, – деди у.

Бататнинг қовурилган шакли, Гулистон давлат университети 

Бататнинг қизил навини Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали ходими Анвар Шамсиев ҳам намойиш қилди. Унга кўра, зараркунандалар бататга таъсир кўрсатмайди, ундан ун ва ун маҳсулотларини тайёрлашни йўлга қўйса бўлади.  

Қизил навли батат, Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали

 

Қизил навли батат унидан тайёрланган пишириқ, Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали

Форумда Тошкент тиббиёт академияси томонидан кўп функцияли, биологик парчаланувчи қоплама тақдим этилди. У микробли зарарланишлардан сўнг тўқима ва аъзоларнинг тикланишини тезлаштириш учун мўлжалланган.

Кўп функцияли, биологик парчаланувчи қоплама, Тошкент тиббиёт академияси

“Қопламанинг ўзига хос хусусияти зарарланган жароҳатларни битишини жадаллаштириш, жароҳатларнинг тузалиш вақтини камайтириш, кўз шох-пардасини тиклашдан иборат”, – дейди академияси ходими Л. Хегай.

Кўргазмада Қорақалпоқ давлат университети томонидан намойиш қилинган ортопедик ёстиқчалар, умуртқа поғонасининг тўғри бўлиши учун ёрдам беради.

Ортопедик ёстиқчалар, Қорақалпоқ давлат университети

Университет профессори, биология фанлари доктори Алланиёзова Мапрузанинг тушунтиришича, бу ёстиқчалар ётиб қолган беморларнинг ётоқ яра бўлмаслигига ҳам ёрдам беради. Чунки улар ҳаво ўтказади. Ёстиқча ичига солинган маҳсулот ҳам табиий бўлганлиги учун аллергик касалликларни келтириб чиқармайди.

Ёмғир сувини ўзида сақлаб қолувчи мослама, Қорақалпоқ давлат университети 

Бундан ташқари, университет дарахтлар учун ёмғир сувини йиғиб берувчи мослама, жуда паст оловда ҳам хонани яхши иситувчи Иждан газ котёллари, қурилиш чиқиндиларидан тайёрланган кўмир ўрнини босувчи маҳсулот ва лего ғиштларни ҳам тақдимот қилишди.

Паст оловда ҳам уйни иситиб турувчи Иждан газ котёллари, Қорақалпоқ давлат 

 

Қурилишда фойдаланиладиган лего ғиштлар, Қорақалпоқ давлат университети

 

Қурилиш чиқиндиларидан тайёрланган кўмир ўрнини босувчи маҳсулот Қорақалпоқ давлат университети

Форум якунида 61та тайёр илмий ишланмаларни амалиётда қўллаш ва тадқиқот ишларини бажариш учун 14 миллиард сўмлик шартномалар имзоланди.

Top