12:38 / 13.03.2022
10617

Тошкентда танишининг Gentra’сини олиб қочиб, ЙТҲ содир этган туркманистонлик йигитга ҳукм ўқилди

Жабрланувчи судда айбланувчининг қўлида ишлаши, унга нисбатан даъвоси йўқлигини маълум қилган бўлса-да, суд томонидан у 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Фото: Видеодан кадр

Транспорт воситасини олиб қочишда айбланаётган шахс 1999 йилда туғилган Туркманистон фуқароси бўлиб, у жабрланувчи билан бирга ишлаган. Улар уч киши бўлиб 2021 йил 15 ноябрь куни Шайхонтоҳур тумани Гулбозор маҳалласида жойлашган Чорсу бозорига келишган.

Икки киши харид қилиш учун бозорга тушиб кетган вақтда айбланувчи қора рангли Gentra русумли автомашинада қолган. У шериклари бозордан чиқишини кутиб ўтирмай калити билан қолдирилган транспорт воситасини олиб қочиб кетган ва Юнусобод тумани ҳудудидаги HYATT меҳмонхонаси олдида бетон симёғочга урилиб, ЙТҲ содир қилган.

Мазкур иш жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судида кўриб чиқилган. Судда жабрланувчи гумондорнинг қўлида ишлаши, унга даъвоси йўқлигини айтган.

“15 ноябрь куни соат учлар атрофида Чорсу гўшт бозорига уч киши келдик. Рулда мен эдим, машина онамларнинг номида эди. Мен сомсапазимиз билан бирга гўшт олиш учун бозорга кириб кетдим, шеригимиз эса машинада қолди. Гўшт олиб чиқсак машина йўқ экан, уни Мақсад ҳайдаб кетиб қолибди. 15 минутлардан кейин ЙПХ ходимлари қўнғироқ қилиб, менга тегишли автомобиль “авария”га учраганини айтишди. Ҳаттоки машина йўқолгани ҳақида ИИБга мурожаат қилишга улгурмадим. Машинада қолган шеригимизга қўнғироқ қилсам, телефони ўчирилган экан. ЙПХ ходимларининг қўнғироғидан сўнг воқеа жойига етиб бордим”, дейди жабрланувчи.

Судда айбланувчи автомашинани ўғирлаш нияти бўлмагани, уни шунчаки ҳайдаб кўрмоқчи бўлганини айтган.

“15 ноябрь куни Чорсу гўшт бозорига келдик. Акамлар гўшт олишга бозорга кириб кетишди. Машинада бир ўзим қолдим. Калит машинада қолганди. Озгина қўшиқ эшитиб машинада айлангим келди.

Ўша пайтда ёмғир ёғаётгани сабабли бошқарувни йўқотиб машинани уриб олдим. Шундан кейин нима бўлганини билмайман.

Ишдан чиқаётган пайтимиз бир бокал пиво ичгандим. Спиртли ичимлик ичиб машина ҳайдаш мумкинмаслигини билардим. Лекин шундай бўлиб қолди. Қилган ишимдан пушаймонман”, дейди айбланувчи.

Жабрланувчи судда айбланувчига нисбатан даъвоси йўқлигини маълум қилган бўлса-да, суд томонидан у 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Top