16:33 / 15.03.2022
16260

141 киши ҳалок бўлган мактаб қирғинидан омон қолган покистонлик йигит Оксфордда етакчи бўлди

Болалигида “Толибон” жангарилари томонидан ўққа тутилган мактабда омон қолган покистонлик ўқувчи Аҳмад Навоз вақти келиб Оксфорд талабаси ва Оксфорд шаҳрининг дебат клуби президентига, тинчлик ҳаракати фаолига айланди. Аҳмад ривожланган давлатда яшаётган бўлса-да, университетни тугатгач, яна Покистонга қайтиб ўз мамлакатида таълим сифатини яхшилаш учун ҳаракат қилмоқчи.

Покистонлик Аҳмад Навоз – мигрант талаба. У Буюк Британиянинг энг нуфузли университетларидан бири – Оксфордда ўқийди.

Фото: wp.com

Аҳмад болалигида катта руҳий зарба олган. У 2014 йилнинг декабрида бошқа тенгдошлари билан бирга одатий тарзда мактабга боради. Ўша куни уларнинг мактабида покистонлик “Толибон” жангарилари отишма содир қилишади ва ҳаммаси бўлиб 141 киши ҳалок бўлади. Ҳалок бўлганлар орасида Аҳмаднинг мактабдошлари, хусусан укаси Ҳарис ҳам бор эди.

Ўша отишмада Аҳмадга ҳам ўқ отилади, бироқ ўқ бошига эмас, чап қўлига тегади ва болада омон қолиш инстинкти кучайиб ўзини ўлганга солиб олади. Шундан сўнг ярадор Аҳмадга бошқа ўқ отишмайди.

“Ҳарис қаерда?”

Кўзини очганда Аҳмад шифохонада эди. У биринчи бўлиб укаси Ҳарис ҳақида сўрайди: “Ҳарис қаерда?”

Аҳмаднинг болаликдаги сурати: укаси Ҳарис (ўнгда) ва акаси билан / Фото: wp.com

Ота-она эса Аҳмадга Ҳарис бошқа шифохонада даволанаётгани ҳақида айтади. Бироқ 2 ҳафтадан сўнг ўзига келиб укаси ўша кунги отишмада ҳалок бўлганини билади.

Бир ойдан сўнг Аҳмаднинг ўқ еган чап қўлини сақлаб қолиш учун Буюк Британияга, Бирминҳэмдаги шифохонага олиб кетишади. Ўшанда улар оилавий Буюк Британияга кўчади. Инглиз тилидан бехабар болага шифохонада шу тилда гапиришар, лекин у тилни мутлақо тушунмаган. Шу тариқа, шифохонадаги оғриқли даволанишлардан сўнг Аҳмад тузалади.

“Ўшанда мен ўзимнинг олдимда 2 та танлов борлигини ҳис қилганман: ё ҳаммасини унутиб, бахтли бўлишга ҳаракат қилиб яшаш ёки бошқа одамлар мен, оилам ҳис қилган оғриқларни бошдан ўтказмасликлари учун ҳаракат қилиш”, дейди Аҳмад Навоз.

Сурия чегарасида очилган мактаб

Аҳмад тузалгач, инглиз тилини ўрганади ва ўзи бошидан ўтказган мактаб фожиаси ҳақида мактабларга бориб, нутқлар сўзлайди, оғриқли бўлса-да ўз ҳикоясини айтиб беради. Аҳмаднинг фикрича, асосийси таълимнинг етарли эмаслиги ва бу – оғриқли масала.

“Пешовар ва бошқа шунга ўхшаш ҳудудларда болалар деярли саводсиз. Шунинг учун уларни осонгина терроризмга оғдириб олиш имконини топиш мумкин. Таълим эса болаларни бундан қутқаради”, деб ҳисоблайди Аҳмад.

Одатда, суриялик қочоқлар Ливанга қочиб ўтишади. Бу ердаги қочоқлар лагерларида уларга бошпана ва озиқ-овқат берилади, бироқ таълим олиш имкони йўқ. Шунинг учун Буюк Британиянинг молиявий кўмаги билан Аҳмад Сурия яқинида қочоқ болалар учун мактаб очади.

Шундай қилиб Аҳмад Буюк Британияда терроризмга қарши кураш ҳаракатларида фаол иштирок этади. 2019 йилда Португалия президентининг шахсан ўзи уни Эсторил конференциясига таклиф қилади. Эсторил конференцияси – собиқ давлат раҳбарлари, Нобель мукофоти лауреатлари иштирок этадиган халқаро конференция бўлиб, унда турли глобал мавзулар муҳокама қилинади. Бу ерда Аҳмаднинг нутқ сўзлаш ва Нобел лауреатлари билан учрашиш имкони бўлади.

Аҳмад Нобел мукофотининг 2014 йилги лауреати Малала Юсуфзай билан

2020 йилда Оксфордга қабул қилинган йигит яқинда унинг дебат клуби президентлигига сайланди. Оксфорд дебат клуби – Англиянинг Оксфорд шаҳридаги мунозара жамияти бўлиб, унинг аъзолари асосан Оксфорд университетидагилардан иборат. Бу клубнинг президенти бўлиш анчайин нуфузли ҳисобланади.

Аҳмад Навоз оиласи билан / Фото: BBC

Оксфорддай нуфузли университетда ўқиётган ва етакчига айланган Аҳмаднинг кейинги мақсади таълимни тугатиб Покистонга қайтиб бориш ва ўз мамлакатида болаларнинг илмли бўлиши учун ҳисса қўшиш.

Top