17:21 / 17.03.2022
21675

«Бирор ҳоким аялмайди» — Зоир Мирзаев ер сотишга қарши кураш ва имзосини сохталаштиришгани ҳақида

 Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев 12-13 феврал кунлари Бўстонлиқ туманининг тоғли Пском қишлоғида бўлиб, аҳоли муаммоларини ўрганишга қаратилган мулоқотлар ўтказди. 

Тадбирлар якунида у шунингдек, Kun.uz мухбирига кўп йиллик раҳбарлик фаолияти бўйича ҳам интервью берди. 

Зоир Мирзаев билан бўлган интервьюнинг биринчи қисми аввалроқ эълон қилинганди. Қуйида унинг иккинчи қисми матни билан танишишингиз мумкин. 

—  Ҳозир мен айтадиган ҳолатни бирданига инкор қиларсиз, лекин жамоатчиликда бу борада турли гумон ва саволлар бор эканки, биз бу масалани амалдорлар олдида кўтараверамиз.  

Сўнгги вақтларда қатор ҳокимларнинг чиқарган кўплаб ноқонуний қарорлари, топшириқлари расман эълон қилинмоқда. Аммо улардан бирортаси бу қарорлари учун жазоланмади. Бундан ташқари, айрим ҳокимларнинг атрофида манфаатлар тўқнашуви, коррупциявий ҳолатларни ҳам эшитиб қоламиз. Хўш, ҳокимларни жазоламаслик бўйича қандайдир мораторий амалдами?

— Мен ҳеч қандай мораторий ҳақида эшитмаганман. Қинғир ишнинг қийиғи 40 йилда ҳам чиқади, дейишади. Шундай экан, ҳокимлар нотўғри нарсага қўл қўйган ёки шу ишнинг бошида турган бўлса, албатта жавобини беради.

Ер сотиш ҳолатларини кўринг. Бир фуқаро иккинчисига ёки бир ҳоким ўринбосари иккинчи фуқарога ер сотишга ҳаракат қиляпти.

Агар бу каби ишларда бевосита ҳокимнинг қўли бўлса, ҳуқуқ тартибот идоралари қараб турмайди. Қонунда айбсизлик презумпцияси деган тушунча ҳам бор.

Бизда ҳозир  коррупцияга қарши қаттиқ кураш кетяпти. Бунда бирорта ҳоким аялмайди, мен бунга кафилман. Масалан, мен Тошкент вилоятидаги туман ҳокимлари ёки ўринбосарларимга айтдим, бўлди энди, йиғиштирайлик. Лекин барибир миясидаги фикрини ҳали тўғрилаб улгурмаган инсонлар вилоят шаънига доғ туширмоқда. Лекин энди улар ер сотолмайди, чунки ҳужжат қилиб бўлмайди-да.

Ерни сотди ҳам дейлик, лекин унинг қарори учун эртага кимга борасан? Ҳокимдан ваколат кетган бўлса, вилоят ҳокими қўл қўёлмаса. Фақат кадастр ҳал қилади-ку энди.

Сиз яхши мавзуни кўтардингиз, мен шу ўринда ҳаммадан, фуқароларимиздан илтимос қиламан, ер олмоқчимисиз, марҳамат, келинг, биздаги қарор билан сизга берилган қарорни солиштириб кўринг. Кўпчилик ҳолатда тадбиркор қўлидаги ўша қарорга биздаги қарор тўғри келмаяпти. Булар сохталаштирилган. Менинг имзомни сохталаштирган фуқарони ҳам жавобгарликка тортдик. Қанчагина вақт ўтди менинг келганимга.

Бу соҳада шаклланган қандайдир мактаб борга ўхшайди. Бу мактабнинг негизини эса йўқотиш керак.

— Сизнинг футболга бўлган қизиқишингиз юқорилигини биламан. Ўзбек футболи ҳақида гап кетганда эса, ундаги энг катта иллатлардан бири – келишилган ўйинлар ҳам ҳақида ҳам гапирилади. Хўш, вилоят ҳокими сифатида вилоят жамоаларида ана шундай ҳолатларга шахсан дуч келганмисиз?

— Бўлган, бўлгандаям жуда кўп бўлган. Масалан, «Динамо»да бу ҳолатга кўп дуч келганман. Бу жамоада вазият издан чиққан даражада эди. Ўзимиз гувоҳ бўлганмиз. Мухлислар ҳам келиб, қайси ўйин келишилганини вазиятларни кўрсатиб, айтишган.

— Адашмасам, сиз Самарқандда ҳокимлик пайтингизда «Динамо»да Тачмурад Агамуродов ва Виктор Жалилов мураббий сифатида кўпроқ ишлаганди.

— Ҳа, ўша пайтлар эди. Шундай. Иккаласи билан ҳам зиддиятли вазиятлар бўлган. Биз икки мураббий билан ҳам қаттиқ келишмовчилик билан ишлаганмиз. Шундай пайтлар бўлдики, мухлислар бир тараф, жамоа бир тараф бўлган пайтлар ҳам бўлди. Лекин аксар ҳолларда мухлислар талаби ва шубҳалари асосли бўлиб чиқарди.

— Ўша мураббийларга қандай чора кўрилган.

— Хайрлашганмиз. Маблағларни жойига қўйдирган пайтларимиз ҳам бўлган. Бошқа мураббий олиб келганмиз. Биз ўшанда маҳаллий ўйинчиларсиз клуб ўсмаслиги, бирор натижага эришиб бўлмаслигини ҳам тушуниб етганмиз.

Мураббийнинг ёнида бир-икки йилга келадиган ўйинчи жамоага ҳеч нарса бермайди. Жамоалар унга жон куйдириб ўйнайдиган ўйинчилар бўлгандагина ўсади.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Top