12:37 / 04.05.2024
3846

Экология инспекторларига ҳужум қилган браконерлар қамоққа олинди

Тошкент вилоятида экологларга қайиқ эшкаги билан ҳужум қилган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Уларга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Тошкент вилоятида экология инспекторларига ҳужум қилган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йил 29 апрел куни Тошкент вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимлари томонидан Сирдарё дарёси оқими бўйлаб экологик назорат тадбирлари ўтказилган. Текшириш давомида дарёнинг Оққўрғон тумани, “Элтамғали” МФЙ, Кўрик қишлоғидан оқиб ўтувчи қисмида 2 нафар фуқаро томонидан моторли қайиқ ва тўр ёрдамида ов қилиш қоидаларига зид равишда балиқ овланаётгани аниқланган.

Браконерлардан ов қилишни тўхтатиш сўралганида, улар экология инспекторларига қайиқ эшкаклари билан ҳужум қилиб, уларни уриб сувга йиқитишган ва воқеа жойидан қочишган.

Оққўрғон туман прокуратураси томонидан 2 май куни юқоридаги 2 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Маълумот учун Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисмига кўра, хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилини қандай шаклда бўлмасин ўзининг хизмат вазифасини бажариш ёки фуқаровий бурчини бажаришдан воз кечишга, шунингдек, қонунга хилоф ҳаракатлар содир этишга мажбур қилиш 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Аввалроқ Тошкент вилоятида экология инспекторлари браконерлар ҳужумига учрагани хабар қилинганди. Ҳуқуқбузарлар инспекторларга ҳужум қилиб, уларни сувга итариб юборган. Шунингдек, браконерлар инспекторларнинг резина қайиғини ёрган. Инспекторлар дарё қирғоғига сузиб чиққан.  

Top