11:14 / 20.03.2022
100436

Чумчуқларга ўлим: Хитойда қушларга келтирилган қирон учун табиат қандай ўч олганди?

Бундан 64 йил олдин, 1958 йилда Хитойда далалардаги буғдой ҳосилини асраш учун чумчуқларга қарши кураш бошланади. Мамлакатдаги қарийб барча чумчуқлар қириб битирилади. Шундан сўнг табиатдаги мувозанат бузилиб, Хитой қишлоқ хўжалиги катта зарар кўради. Оқибатда бир неча ўн миллион одам ҳалок бўлади.

Фотоколлаж: Kun.uz

Бугун дунёнинг иккинчи иқтисодиётига эга бўлган Хитой иккинчи жаҳон урушидан кейин қолоқ бир мамлакат эди. Урушдан сўнг давом этган 4 йиллик фуқаролар урушида СССР томонидан қўлланган коммунистлар ғалаба қозонади. Мамлакат халқ республикаси деб эълон қилинади ва Мао Цзэдун унинг раҳбари бўлади.

Ўша пайтда Хитойда аҳвол жуда оғир, озиқ-овқат етишмовчилиги бор бўлиб, миллионлаб одамлар йўқчиликда яшарди. Мамлакат социалистик йўлдан кетиши аниқ бўлгач, СССР томонидан Хитойга анча ёрдам кўрсатилади. Аммо бу етарли эмас эди.

Мао Цзэдун ва Иосиф Сталин
Фото: news.china.com

Хитой ҳукумати олдида қишлоқ хўжалиги ҳамда иқтисодиётда ислоҳотлар ўтказиш ва мамлакатни қолоқликдан чиқариш вазифаси турарди. Амалда шундай ислоҳотлар ўтказилади. Аммо уларнинг фойдасидан зиёни кўпроқ бўлади. Ўйламасдан қилинган иш ортидан уч йилда бир неча ўн миллион киши очарчилик туфайли ҳалок бўлади.

Табиатга қарши чиқиш лойиҳаси

1957 йил 18 феврал куни Хитой коммунистик партиясининг навбатдаги съездида Хитойни ривожлантириш бўйича «Катта сакраш» деб номланган дастур муҳокама қилинади. Бу дастурнинг ҳаммуаллифларидан бири ўша пайтда Хитой таълим вазирининг ўринбосари бўлган биолог Чжоу Цзянь эди.

У ўз дастурида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва одамларнинг қорнини тўйдириш учун чумчуқлар ва каламушларни ёппасига қириб битиришни таклиф қилганди. Чжоу Цзяннинг ҳисоб-китобларига кўра мамлакатда етиштирилаётган буғдойнинг катта қисмини чумчуқлар ва каламушлар еб қўйяпти. Агар улар қириб ташланса, миллионлаб одамларни тўйдирса бўладиган буғдойни асраб қолиш ва мамлакат аҳолисини қашшоқликдан чиқариш мумкин бўлади.

Компартия съездида оташин нутқ сўзлаган Чжоу Цзя ўз вақтида Пруссия қироли Буюк Фридрих ҳам шундай йўл тутганини ва ижобий натижаларга эришгани ҳақида гапиради.

Фото: alamy.com

Ўша пайтда мамлакат раҳбари бўлиб турган Мао Цзэдунни бу ишга кўндириш қийин бўлмайди. Ўрта мактаб таълимини охиригача етказмаган Мао Цзэдун мамлакатдаги барча каламуш ва чумчуқларни қириб битириш қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида тасаввурга ҳам эга эмасди. Бу ишнинг салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини билганлар эса мамлакат раҳбари розилик билдирган ишга эътироз қила олмасди. Шу тариқа Чжоу Цзяннинг таклифи қабул қилинади.

Муҳим қарор: Ҳашаротларга ва қушларга қарши ҳужум

«Катта сакраш» дастурида кўзда тутилган мамлакатдаги барча каламуш ва чумчуқларни қириб битириш маъқуллангач уни амалга ошириш учун ишга киришилади. Чумчуқлар ва каламушларни қай тарзда йўқ қилиш, бу ишга кимларни жалб қилиш, ўлдирилган жонзотларни йўқ қилиш каби ишлар режаси тузилади.

1958 йил 18 март куни Хитой компартиясининг навбатдаги VIII съездида Мао Цзэдун нутқ сўзлайди ва мамлакатдаги чумчуқлар ва каламушларни қириб ташлаш режасининг аҳамиятли томонлари ҳақида гапиради. У ўз нутқида Хитойдаги илмий-тадқиқот институти томонидан тайёрланган ҳисоботдан турли рақамлар ва мисолларни келтиради. Унга кўра чумчуқлар ҳар йили 36 миллион одамнинг қорнини тўйдириш мумкин бўлган буғдойни еб кетмоқда. Агар улар қириб ташланса ҳосилнинг салмоғи кескин ортади. Шу тариқа Мао Цзэдун томонидан чумчуқларга қарши кураш эълон қилинади.

Фото: alamy.com

Шундан сўнг мамлакат бўйлаб эълон берилади ва энг аввал деҳқонлар ишга киришади. Хитойнинг барча ҳудудларида чумчуқларга қирон келтириш бошланади. Ҳукумат барчани шу ишга жалб қилиб, чумчуқ ўлдириш бўйича план белгилайди. Бюджет ташкилотларида ишловчилар, деҳқонлар, ҳарбий хизматчилар, мактаб ўқувчилари ва талабалар, ҳамма шу ишга жалб қилинади.

Чумчуқлар табиатан ҳавода 15 минутдан ортиқ парвоз қила олмайди. Бу унга қарши курашаётганларга қўл келади. Одамлар чумчуқларни чарчатиш учун дўмбиралар ва бошқа кучли овоз чиқарувчи мосламалар билан қуролланиб олишади. Баланд овозлар ва шовқин-сурон билан қўрқитилган қушлар қўна олмай қулаб туша бошлайди. Одамлар эса уларни қопларга солиб, махсус пунктларга олиб бориб топширишади.

«Мактабдаги барча ўқитувчи ва ўқувчилар чумчуқ ўлдиришга борардик. Тунда эса уларнинг уясини бузишда фойдаланиш учун нарвон ясардик. Бу ишлар чумчуқлар табиат учун фойдали қуш эканини билишимиздан анча аввал содир бўлганди. Ўшанда бизни чумчуқлар халқнинг донини еб кетади деб ишонтиришганди», деб эслаганди чумчуқ овида қатнашган ўқувчи кейинчалик.

Фото: cont.ws

Чумчуқ ови бошлангач 1958 йил март-апрел ойларида биргина Пекин ва Шанхай шаҳарларида қарийб 1 миллион дона чумчуқ ўлдирилади. Бутун Хитой бўйлаб эса қарийб 2 миллиард дона чумчуқ йўқ қилинади.

Эрта қувонч ва очарчилик

1959 баҳорда об-ҳаво яхши келади. Ғалла ҳосили кутилганидан ҳам яхши ривожланади. Мамлакатнинг барча ҳудудларидан мўл ҳосил олиниши ҳақида марказга рапорт топширишади. Аммо охир-оқибат мўлжалланган ҳосил олинмайди ва очарчилик бошланади.

Мамлакатдаги қарийб барча чумчуқ йўқ қилингач, табиатдаги мувозанат бузилади. 1959 йилнинг баҳорида ҳамма жойни шиллиққурт ва чигирткалар босиб кетади. Улар йўлида учраган нарсани кемириб кетаверади, шу жумладан кўм-кўк бўлиб ўсиб турган буғдойни ҳам. Уларга қарши ҳеч қандай чора кўришнинг иложи йўқ, уларни кушандаси бўлган чумчуқлар эса қириб битирилган эди.

Ёзга бориб ҳосил йиғиштириб олинганда буғдойнинг салмоғи аввалги йиллардагидан ҳам бир неча баробар камлиги аён бўлади. Шундан сўнг очарчилик бошланади.

Ўша йили 1958 йилда етиштирилган ҳосилдан ҳам анча кам хирмон кўтарилади. 1960-61 йилларда эса аҳвол ундан ҳам баттар кўриниш олади.

Аввалги йилларда етиштирилган буғдойнинг захираси борлиги учун 1959 йилда очарчилик кўлами камроқ бўлади. Аммо 1960-61 йилларда ҳам буғдой ҳосилининг катта қисмини шиллиққурт ва чигиртка еб кетгани учун очарчилик мисли кўрилмаган даражага чиқади.

Хитойлик журналист, очарчилик йиллари бўйича тадқиқот олиб борган  Ян Цзишэннинг келтиришича, 1958-62 йилларда Хитойда жами 36 миллион одам очарчилик туфайли ҳалок бўлади. Расмий маълумотларда эса ҳалок бўлганлар сони 15 миллион бўлгани айтилади.

Фото: alamy.com

Ўша пайтда Хитойда СССРдаги колхозлардан андоза олиниб «халқ коммунаси» деб номланган коллектив хўжаликлар тузилган ва барча ерлар уларга бериб юборилган эди.

Одамлар коммуналарга тегишли ерларда етиштирилган ҳосилдан ҳеч нарса ололмас, ўзларида эса экин экиш учун ер қолдирилмаганди. Ана шундай шароитда нафақат шаҳарларда яшовчилар, балки қишлоқлар аҳолиси ҳам чорасиз қолади ва очарчилик кўплаб одамларнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлади. Шу тариқа очарчилик кўлами мисли кўрилмаган даражага етган.

Ян Цзишэн ўз тадқиқотларида шундай деб ёзади:

«Хэнан провинциясидаги Синьян округида оч-наҳор деҳқонлар ғалла сақланадиган омборлар олдига келиб «Коммунистик партия, Мао раис, бизни қутқар», деб қичқирган ҳолда ўлиб қолаверишган. Омборларни қўриқлаган ҳарбий хизматчилар эса уларга ёрдам бермаган. Улар қандай қилиб бўлса ҳам омборларни ғаллага тўлдириш пайида бўлишган».

Мамлакат раҳбарлари ҳам очарчиликни бартараф этиш масаласида умуман чорасиз қолишади ва ғалла ўрими арафасида буғдой экилган далаларни ва уни қабул қилиш омборларини ҳарбийлар ёрдамида қўриқлашади.

Фото: wsj.com

Одамлар буғдой қабул қилинадиган омборлар ёнида ёрдам сўраб ўтиришар, бироқ уларни эшитадиган ҳеч ким йўқ эди. Омбор дарвозаси ҳарбийлар томонидан қаттиқ қўриқланган. Омбор дарвозаси олдида ўтирган кўплаб одамлар очликдан вафот этган. Уларнинг жасадларини яқинлари олиб кетмаса, тунда йиғиштириб олиб, оммавий қабрларда кўмиб юборишган. Шу тариқа очарчилик уч йил давом этган.

Фото: imgfave.com

Ниҳоят Хитой раҳбарлари чумчуқларни оммавий тарзда йўқ қилдириб катта хатога йўл қўйишганини тушуниб етишади. Улар зудлик билан Канада ва СССРдан жуда кўп миқдорда чумчуқ сотиб олиб далаларга қўйиб юборишади. Аммо вазиятни ўнглаш учун яна бир неча йил керак бўлади. Шу тариқа табиатга қарши аёвсиз кураш олиб борган хитойликларни унинг ўзи аёвсиз жазолайди.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади

Top