Зеленский Украина осмонини ёпишни сўрамоқда. Бу нима дегани?
Украинада 24 февралдан буён ҳарбий ҳаракатлар давом этмоқда. Украина президенти Владимир Зеленский НАТО ва АҚШдан Украина осмонини ёпишни сўрамоқда. Зеленскийнинг фикрича, Украина осмонининг ёпилиши мудофаа учун ҳал қилувчи омил бўлади. Осмонни ёпиш нима дегани? Бу қандай амалга оширилади?
No-Fly Zone
Украина сўраётган нарса халқаро миқёсда No-Fly Zone дейилади. Яъни учиш тақиқланган ҳудуд. Бу бутун мамлакат ёки унинг бир қисмига нисбатан қўлланиши мумкин. Маълум ҳудудда парвозларни тақиқлаш ўша ҳудудда ҳаводан ҳарбий ҳужум амалга оширилаётган вақтда керак бўлади. Ҳозир Украина айнан шундай ҳолатда. Учиш тақиқланган ҳудудда қандайдир ускуна ёрдамида парвозни амалга оширишга техник жиҳатдан қаршилик қилиб бўлмайди. Бу бевосита қурол ёрдамида қилинадиган иш.
Масалан, бирор давлат ёки ҳарбий блок фалон давлатда учиш тақиқланганини эълон қилади. Агар белгиланган ҳудудга ракета, самолёт, вертолёт ёки бошқа учувчи техникалар учиб кирса, у уриб туширилади. Бу ишни белгиланган ҳудудда учишни тақиқлаган томон амалга оширади: ҳудудни ҳаво ҳужумидан ҳимоя воситалари билан ўраб олади ёки ҳарбий авиация патрули ташкил этади. Учиш тақиқланган ҳудуд космосдан ҳам махсус назоратга олинади. Оддий қилиб айтганда, No-Fly Zone'га «қуш ҳам учиб киролмайди».
Бу нега керак?
Украина Ғарбдан айнан шуни – Россия ҳарбий самолётлари ва учувчисиз дронлари учун ўз осмонини ёпишни сўрамоқда. Чунки Украина бу ишни мустақил амалга ошира оладиган қудратга эга эмас. Россия билан тўқнашувларда кўриндики, Украина қуруқликда ҳимояланишда кутилганидан анча чайир бўлиб чиқди. Россия Украина ерда бу қадар жиддий қаршилик қилишини кутмаганди. Россия ҳарбий ҳаракатлар бошлаганидан буён 24 кун ўтди ҳамки, Киев қуламаяпти. Қуруқликдаги муваффақиятлар украиналикларнинг руҳиятига ҳам кўтаринкилик бахш этган. Ҳаводан эса Украина Россияга қаршилик қила олиши шунчаки фантастикадан бошқа нарса эмас.
Ҳозирда Россия ҳарбий ҳаракатларга юзлаб қирувчи самолёт жалб этган. Украина қуролли кучлари 24 февралдан буён Россиянинг 118 та вертолёти ва 96 та самолётини уриб туширганини айтмоқда. Аммо ракеталарни уриб тушириш самолётларни уришдан анча қийин. Чунки улар жуда катта тезликда ҳаракатланади (19 март куни илк марта қўлланган «Кинжал» аэробаллистик ракетаси ҳатто товушдан тезроқ учади). Рус ракетасининг асосий устунлиги эса радарларда кўринмай, нишондан қоча олиши, яъни «сирпанчиқлиги»да.
Қуруқликда ҳам Украина бир неча баравар кучсиз эди, бутун мамлакат армияга айланиб кетгани ҳисобигагина қаршилик жиддий тус олди. Аммо халқ ҳаво ҳужумидан, ракета ҳужумидан мудофаага ёрдам бера олмайди. Бу Молотов коктейли билан танкни портлатиш эмас ҳар ҳолда.
Ғарб нега осмонни ёпишга рози бўлмаяпти?
АҚШ Конгрессида нутқ сўзлаган Владимир Зеленский яна бир марта АҚШдан ўз осмонини ёпиб беришни сўради. Кўп ўтмай Оқ уй расмий вакили Жен Псаки АҚШ буни қила олмаслигини айтди. «Биз учинчи жаҳон уруши бошланишини истамаймиз», деди Байденнинг матбуот котиби.
Америка Украина осмонини ёпишни ўз гарданига оладиган бўлса, Россия билан тўғридан тўғри тўқнашувга боришини билади. Чунки Украина осмонини ёпиш учун Америка Россия учоқлари ёки ракеталарини уриб тушириши керак бўлади. Бу эса Байден айтганидай учинчи жаҳон уруши бошланиши демакдир. Икки ядро давлати тўқнашуви дунё кўтара олмайдиган офатлар олиб келишини англаш қийин эмас.
НАТОда ҳам шундай хавотир бор. Альянс ҳаво ҳужумидан ҳимоя воситалари билан Украинани ўраб олишининг ўзи Россия «кейинги босқичга ўтиши учун» етарли бўлади. Бир нарсани тушуниш керак: гап АҚШ ва НАТО Россиядан қўрқишида эмас, бунақа эмаслигини ҳамма билади, Ғарб таваккал қилиб миллионлаб одамларнинг ҳаётини хавф остига қўймоқчи эмас.
Украина нима қила олади?
АҚШ ва НАТО Украинага бир дона ҳам аскарлари кирмаслигини бот-бот такрорламоқда. Аммо иттифоқчи ўлароқ Украинага замонавий мудофаа қуроллари бериб турибди. Словакия Украинага ўз ихтиёрида бўлган Россияда ишлаб чиқарилган ҳаво ҳужумидан ҳимоя қилувчи С-300 ракета комплексини етказиб бермоқчи. Эвазига АҚШ Patriot ракета комплексларидан бериши керак бўлади. Лекин бир давлат ихтиёридаги С-300 мажмуалари осмонни ёпиш учун етарли эмас.
НАТОдан Украина осмонини ёпиш сўралган халқаро петиция ҳам эълон қилинди. 3 март куниёқ петиция миллиондан ортиқ овоз тўплади. Бу талаб қилинганидан имзолар режаси 107 фоизга бажарилди дегани. Шундай бўлса-да, Украина бундай кўмакка умид қилмаса ҳам бўлади. НАТО бош котиби Йенс Столтенберг альянс Украинадаги воқеаларга қуруқликдан ҳам, ҳаводан ҳам аралашмаслигини айтган.
2013–2016 йилларда НАТО қўшинлари бош қўмондони бўлган генерал Бридлав No-Fly Zone эълон қилиш [Россияга] уруш очиш билан тенг эканини айтди. Британия бош вазири Борис Жонсон ҳам шундай фикрда: «Ахир Британия No-Fly Zone» эълон қилса, Россия самолётларини уриб туширишига тўғри келади. Бу эса Россия билан тўғридан тўғри тўқнашув дегани».
Украина ҳар қанча рад жавобини олса ҳам, осмони ёпилишини сўраб тинимсиз чиқишлар қилмоқда. Мамлакат бош вазири Дмитрий Кулеба ҳам шундай чақириқ билан чиқди. «Россия билан тўғридан тўғри тўқнашувдан қочиш ҳақида ҳар қанча ўйлашингиз мумкин, аммо ҳозир бизга ёрдам бермасангиз, бу тўқнашув аниқ юз беради. Шу учун айнан ҳозир ҳаракат қилиш керак», деди Украина ташқи ишлар вазири Ғарбга мурожаат қилар экан.
Украина ўз осмони ёпилиши учун ҳар қандай воситаларни ишга солмоқда. Масалан, БМТ қошидаги халқаро атом энергияси ташкилотига мурожаат қилган Украина мамлакатдаги АЭСлар хавф остида қолгани сабаб НАТОдан Украина осмонини ёпишни сўрашини илтимос қилди.
Осмонни ёпиш амалда бор тажрибами?
Деярли барча мамлакатда No-Fly Zone мавжуд. Давлатлар стратегик объектлар, ҳукумат бинолари, театр, парклар, умуман, одамлар тўпланадиган жойлар устидан учишини тақиқлаб қўйиб, No-Fly Zone жорий қилади. Ўша ҳаво ҳудудидан ҳеч нарса учиб ўтолмаслигини авиация ёки ер-осмон тизимидаги ракета комплекслари таъминлайди. Самолётлар таблосида ҳам учиш тақиқланган ҳудуд борлиги кўриниб, учувчи ўша ерни айланиб учади. Яъни осмонни ёпиш тажрибаси фақат уруш вақтида амал қилмайди. Ҳатто 2012 йил Лондон олимпиадаси очилиш маросими вақтида стадион узра No-Fly Zone жорий қилинган. Бу Британия ҳукумати томонидан рамзий маънода амалга оширилгани айтилади.
1992 йил НАТО Югославияда уруш бошлаган вақтда Босния осмони ёпилади. Бу иш БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясига асосан амалга оширилади. Бошланишига самолётлар парвозни давом эттиради, аммо НАТО осмонда тўлиқ патрул ташкил этгач, ҳеч ким Босния осмонида ҳаракатлана олмайди. Ҳозир БМТ бундай резолюция қабул қилиши имконсиз, чунки Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоларидан бири Россия ҳисобланади. Кенгашнинг доимий аъзоси бўлган АҚШ, Британия, Хитой, Франция ва Россиянинг вето ҳуқуқи бор, улардан бирининг розилигисиз Хавфсизлик кенгаши ҳеч қандай қарор чиқара олмайди.
2011 йил НАТО Ливия осмонини ёпган. 2019-20 йилларда эса Ливия армиясининг ўзи мамлакат осмонини ёпади. 1991 йилда Саддам Ҳусайнга қарши коалиция Ироқ жануби ва шимолида учиш тақиқланган ҳудуд жорий қилади. АҚШ ва иттифоқчилари бу ишни БМТ резолюциясисиз амалга оширишади. Уларнинг иддаосича, осмони ёпилган ҳудудларда Саддам Ҳусайн курдларга таҳдид қилган.
Бюрократик тўсиқ
Қисқасини айтганда, айни дамда Укарина президенти айтаётган осмонни ёпиш талаби техник жиҳатдан эмас, бюрократик жиҳатдан имконсиз. НАТО учун Украина осмонини ёпиш муаммо эмас. Альянснинг ён атрофидаги ҳар қандай мамлакатдан туриб буни амалга ошириш мумкин. Бунинг учун космик разведка ва ҳаво ҳужумидан ҳимоя воситалари бўлса кифоя. Аммо НАТО бу ишни БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясисиз қила олмайди. Кенгашда эса ҳар қандай қарорга вето қўя оладиган Россия бор. НАТО ҳали бу ҳақда гапиргани ҳам йўқ, чунки Украинани ҳар қанча қўлламасин, Ғарб ўз фуқароларини хавф остига қўя олмайди.
Ўткир Жалолхонов
Мавзуга оид
17:55
WSJ: Украина ўзининг баллистик ракетасини яратиш устида иш олиб бормоқда
13:12
Курск областида яшовчи 46 киши Украинадан қайтиб келди
11:31
AFP: Украина Курск областидан қўшинларини олиб чиқиш ниятида эмас
08:30