11:15 / 23.03.2022
41772

Россия Каспийдан Украинага «Калибр» учирганини эълон қилди. Бу ракета ҳақида нималар маълум?

Фото: РФ Мудофаа вазирлиги

Россия Мудофаа вазирлиги 20 март куни Каспий ҳавзасидаги кемадан туриб Украинанинг Николаев вилоятига қарата «Калибр» қанотли ракетаси учирилганини эълон қилди. Худди шу куни Қора денгиздан туриб Украинанинг Нежин шаҳрига ҳам «Калибр» учирилган. Россия Мудофаа вазирлигига кўра, бу ракета зарбалари билан ҳарбий техникалар тузатиладиган завод ва ёнилғи базаси йўқ қилинган. «Калибр» қанотли ракетаси ҳақида нималар маълум?

«Калибр» номи остида бир неча турдаги ракеталар бирлашади. Бундай турдаги қанотли ракеталар устида 1983 йилдан буён ишлаб келишган. Ҳозиргача «Калибр» бир неча марта мукаммаллаштирилган. 2019 йил АҚШ Россия билан имзоланган яқин ва ўрта масофадаги ракеталардан биргаликда воз кечиш келишувидан чиқиб кетгач, Россия «Калибр»ни мукаммаллаштиришини маълум қилган.

«Калибр» ракеталари ҳозиргача фақат бир марта реал ҳарбий ҳаракатларда ишлатилган. 2015 йилдан 2017 йилгача Россия Каспий денгизидан туриб Сурияга 99 та «Калибр» ракетаси учирган. Ракеталар Каспийдаги кемалар ва сувости кемаларидан учирилган. Илк марта 2015 йил 7 октябр тунда Сурияга қарата 26 та «Калибр» учирилган. Россия Мудофаа вазирлиги ракета Ироқ ва Эрондаги одамлар кам яшовчи жойлар ва текисликлар устидан 50 метр баландликда учиб ўтганини маълум қилган. Россия томони ракеталар орқали террорчилар объектларига диаметри 3 метр бўлган аниқликда зарба берилганини маълум қилган.

Дастлаб денгизда фойдаланиш учун ишлаб чиқарилган «Калибр» сувда 375 км узоқликдаги нишонни аниқ уради. Денгиздан қуруқликка қараб учирилганда эса 2600 км узоқликдаги нишонни аниқ ура олиши айтилади. Россия ҳарбийлари 2015 йил Сурияга учирилган ракета парвоз давомида 147 та манёврни амалга оширганини айтганди. Шу тариқа, «Калибр» радарлардан ва нишондан қоча олади. Кенг фойдаланилган турининг узунлиги 7,2 метр экани айтилади. Оғирлиги 1,3 тоннадан, 2,1 тоннагача.

Ҳозиргача Қора денгиздан туриб «Калибр» ракетасини реал амалиётда қўллаш ҳолати кузатилмаганди. Олдинроқ Россия Украинага қарата «Кинжал» ракетаси отилганини маълум қилганди. Аэробаллистик ракета ҳисобланмиш «Кинжал» илк марта ҳарбий амалиётда ишлатилди.

Россиянинг Украина ҳудудидаги ҳарбий амалиёти 24 февралдан буён давом этмоқда.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top