13:44 / 28.03.2022
42152

Туркманистон тажрибаси: Марказий Осиёда шаклланаётган бошқарув тизимлари ҳақида эксперт билан суҳбат

Гурбангули Бердимуҳамедовнинг “ёшларга йўл бериши” ортидан 12 март куни Туркманистонда муддатидан аввал президентлик сайлови чақирилди. Унда собиқ президентнинг ўғли Сердар Бердимуҳамедов ғолиб бўлди.

Kun.uz Туркманистонда ўтган сайлов, президентликнинг отадан болага ўтиши бўйича Марказий Осиёда шаклланаётган янги тизим ва бу анъананинг минтақа давлатлари келажагига таъсири борасида сиёсатшунос Камолиддин Раббимов билан интервью уюштирди.

— Биз сўнгги бир неча йил давомида Гурбангули Бердимуҳамедовнинг президентлик ваколатини ўғли Сердарга топширишга тайёргарлик кўраётганини билардик, лекин савол туғилади: нега бунча тез?

Ўйлашимча, бу постсовет минтақасидаги геосиёсий вазият билан боғлиқ.

Шу йилнинг январ ойида Қозоғистонда бўлган воқеалардан минтақанинг баъзи лидерлари жиддий хулосалар қилди.

Биринчидан, улар ўриндошлар қанчалик ишончли шахс бўлмасин, оиладан ташқари, бегоналарга ҳокимиятни бериш хавфли эканини тушунишди.

Иккинчидан, кейинги йилларда коронавирус туфайли дунёдаги ижтимоий-иқтисодий вазият анчайин чигаллашди.

Пандемия дунёдаги иқтисодий ҳолатни таранглаштирган фонда ижтимоий кайфият ҳам ёмонлашди. Биз Қозоғистондаги ижтимоий кайфиятни кўрдик, лекин минтақанинг бошқа давлатларида ҳам мана шундай кайфият шаклланиб боряпти дейишга асослар етарли.

Мана шундай сабаблар Туркманистон президентининг ҳокимиятни ўз ўғлига бериш жараёнини тезлаштирди. У яна бир неча йил кутишдан кўра, ўғлини ҳокимиятга олиб келиш ва унинг ҳокимиятини мустаҳкамлашни маъқул кўрди.

— Гурбангули Бердимуҳамедовнинг соғлиғидаги муаммолар-чи? Кўпчилик экспертлар айни шу омилни энг муҳими дея ҳисоблашмоқда.

Бу тўғрисида аниқ ва ишончли маълумотлар мавжуд эмас. Ўйлашимча, катта Бердимуҳамедовнинг ҳокимиятда қолиш учун жисмоний имкониятлари ҳали яна бир неча йилга етар эди. Бу ўринда асосий мотив унинг соғлиғи эмас, минтақа ва Туркманистон ичидаги ижтимоий муҳит билан боғлиқ деб ўйлайман.

Бундан ташқари, кейинги йилларда Туркманистон жуда оғир иқтисодий муаммолар билан тўқнашмоқда.

— Сердар Бердимуҳамедовнинг президентликка келиши Туркманистон учун нимани билдиради? Мамлакатда бошқарув модели республикадан монархияга ўтяпти, дея ҳисоблаш мумкинми?

Одатда республика бошқарувидан бирданига монархияга ўтиш ҳолатлари кам кузатилади. Лекин монархия ва оилавий династия типига ўтишнинг узоқ жараёнлари бор. Масалан, Шимолий Корея бамисоли республика, лекин ҳозиргача мамлакатни бир оиланинг учинчи вакили бошқариб келяпти.

Ёки Озарбойжонда ҳам оилавий династик бошқарув жорий қилиб бўлинган. Одамларнинг ижтимоий тафаккури ҳам буни сиёсий ўйин қоидаси сифатида қабул қилиб бўлди.

Худди шундай уринишлар Туркманистонда ҳам бошланди. Бунда бевосита конституция ўзгартирилмайди ёки республика шакли монархияга айлантирилмайди.

Биламизки, Туркманистонда фуқаролик жамияти деярли мавжуд эмас. Фуқаролик ва ватандошлик жамиятлари фаолларининг барчаси хорижда ёки қамоқхоналарда. Туркманистон ичида эса мана шу бошқарувга эътироз билдира оладиган аҳоли қатлами мавжуд эмас.

Албатта, жамиятнинг династик бошқарувдан норози бўлиш эҳтимоли юқори лекин аҳолининг қанча қисми бошқарув шаклига онгли қаршилик кўрсатишга мойил, деган саволга жавоб йўқ. Чунки туркман жамиятининг бугун сиёсий тафаккури шу қадар оғир аҳволдаки, одамларда давлатнинг бошқаруви ҳақида бирор фикр бериш имконияти мавжуд эмас.

— Кичик Бердимуҳамедовнинг потенциали ҳақида нималар дейиш мумкин? У мамлакатда қандайдир ўзгаришлар қилиши мумкинми?

Мамлакатда авторитар бошқарув сақланиб қолар экан, Сердар Бердимуҳамедов бу бошқарув шаклини ўзгартирмайди. Яъни қаттиқ авторитаризм сақланиб қолаверади.

Бунинг биринчи сабаби мамлакатда сиёсий муҳит шаклланиб бўлган. Уни Сердар Бердимуҳамедов ўзгартира олмайди ва ўзгартириш унинг манфаатларига ҳам тўғри келмайди.

Жамиятда рақобат, сиёсий плюрализм бўлмас ва демократик институтлар ишламас экан, ҳокимиятнинг куч ишлатиш ва мажбурлаш механизмлари қолади холос. Сердар Бердимуҳамедов ҳам ўз ҳокимиятини ана шу воситалар орқалигина ушлаб туради. Чунки янги ва ҳокимиятга эгалик қилувчи оиладан бўлмаган ҳамда оз бўлса-да, сиёсий рақобатлар орқали ҳокимиятга келган раҳбарлар бироз популист бўлади. Улар халққа ёқиш учун жиддий ислоҳотлар қилади ёки қилишга интилади. Лекин оилавий авторитар бошқарув моделида мана шундай ислоҳотлар ўтказиш имконияти чекланган бўлади. Сабаби ўғил отаси ёки бобоси томонидан қурилган сиёсий бошқарув моделига қарши чиқолмайди.

— Бугун Туркманистонда аҳоли учун истеъмол маҳсулотлари, жумладан, нон, ун, ёғ ва бошқа маҳсулотлар етишмаслиги, улар учун охири кўринмайдиган навбатлар кузатилаётгани айтилади. Бу борада ҳолат совет иттифоқи қулаши олдидан кузатилган ҳолатга қиёсланмоқда.

Хўш, газ манбалари бўйича дунёда тўртинчи ўринда турувчи давлат нега бундай оғир иқтисодий инқироз ёқасига келиб қолди?

Сабаби оддий. Авторитар бошқарувда инсонлар интеллект, яъни жамият муаммосини англаш ва уларга малакали ечим излаш орқали рақобатлаша олмайди.

Авторитаризмда асосий ўйин қоидаси – маҳрум қилиш ва куч ишлатиш орқали ушлаб туриш ҳисобланади. Авторитаризм билан коррупция, коррупция билан малакасизлик бир-бирини шартловчи ҳолатлардир.

Туркманистондаги авторитаризм дунёдаги энг малакасиз, примитив ва тажрибасиз бўлган авторитар режимлардан бири.

Тўғри, Хитой ҳам авторитар моделда бошқарилади. У ерда ҳам демократия ёки либерал бошқарув модели мавжуд эмас, лекин бир авторитаризм иккинчи авторитаризмга ўхшамайди. Баъзи бир авторитар давлатларда рационаллик, яъни ақлий ечим излаш орқали ҳокимиятни ушлаб туришга интилиш кузатилади. Назаримда, постсовет давлатларидаги энг примитив бошқарув айнан Туркманистонда. Мамлакатда айрим масалаларда ҳатто тоталитар режим амал қилади. Албатта, Туркманистонда хусусий мулкчилик мавжуд ва қандайдир мафкура умуммиллий давлат мафкураси сифатида ўрнатилмаган. Агар шундай бўлганда, уни тўла тоталитар давлат десак бўларди.

Туркманистондаги бу қадар ночорлик сабаби юқорида айтганимдек, бошқарув модели малакасизлиги, коррупция ниҳоятда кучлилиги.

— Марказий Осиёдаги яна бир республика Тожикистон ҳақида сўрамоқчиман. Хўш, оилавий авторитаризм анъанасига ўтиш навбати энди Тожикистонга келяптими?

Бу аллақачон бошланган жараён. Президент Имомали Раҳмоннинг ўз ўғли Рустам Раҳмонни ҳокимиятга тайёрлаш жараёни анча йиллар аввал бошланган. Мана неча йилдирки, Рустам Раҳмон олий ҳокимиятга келиш учун ҳокимият пиллапояларидан юқорилаб боряпти.

Бугунги кунда у бир вақтда қонунчилик палатаси раиси, ҳарбий унвонларга эга бўлган шахс ва Душанбе шаҳри ҳокими ҳисобланади. Яъни у бир вақтнинг ўзида ҳокимиятнинг икки тармоғида юқори мансабларни эгаллаб келмоқда.

Тожикистондаги оилавий бошқарувни анча аввал жорий қилинганди дейиш мумкин. Чунки 1990-йиллар ўрталарида ҳокимиятга келган Раҳмон сулоласи ҳокимиятнинг барча бўғинларида ўз иштирокини таъминлаб келмоқда.

Тожикистон ҳозир минтақадаги оилавий-династик бошқарув эълон қилиниши эҳтимоли юқори бўлган иккинчи давлат.

Тўғри, Имомали Раҳмон ҳозирча ҳокимиятдан кетмоқчи эмас, лекин ўзига ўриндош сифатида ўғлини тайёрлаётгани ҳаммага очиқ-ойдин маълум.

Агар иккисини солиштириш керак бўлса, Туркманистон ва Тожикистон жамиятларидаги ижтимоий кайфиятда жиддий фарқ бор, деган бўлардим. Масалан, бугун Тожикистоннинг ичкарисида ҳам, ташқарисида ҳам мухолиф кайфият ва мухолифат салмоғи юқори.

Туркманистонга қарши ахборот оқимини ишлаб чиқарувчи кучлар эса бугун деярли мавжуд эмас.

Демак, Тожикистонда ҳам президент ўз ўғлини сиёсий ўринбосари сифатида тайёрлаб бормоқда, лекин вазиятнинг мураккаблик даражаси жуда юқори.

— Қозоғистон-чи, у бошқарувда қай томондан кетмоқда? Ҳар ҳолда Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг 16 март куни халққа қилган мурожаатида демократик бошқарув томон жуда катта ўзгаришларга ваъда берилди.

— Тўқаев даврида демократик ислоҳотлар амалга оширилиш имконияти барибир юқори. Бунга бир нечта сабаб бор. Биринчидан, Тўқаевнинг катта оиласи мавжуд эмас. Иккинчидан, унинг ўзи яқинда халққа қилган мурожаатида бир қанча лойиҳаларни олдинга сурди.

— Шунингдек, январ ойидаги воқеалар ҳам уни ислоҳотлар сари юришга мажбур қилади.

— Бир томондан бу ҳам, лекин ундан аввал ҳам менда шундай тасаввур бор эдики, Тўқаев – идеалистик ислоҳотчи президент.

Тўқаев таклиф қилган ғояларидан бирига қаранг. У ўзининг қариндошлари на ижроия ҳокимиятида ва на бизнесдаги катта лойиҳаларда иштирок этмаслигини айтди. Бу ташаббус шуни кўрсатадики, Қозоғистонда Назарбоевлар сулоласидан кейин оилавий бошқарувга барҳам берилди.

Минтақада бир томондан миллий бойлиги ва бўлаётган ишлардаги улушига кўра, энг кўп илдамлаб бораётган давлат барибир Қозоғистон бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида минтақа етакчилиги учун ҳар доим рақобат бўлиб келган, лекин Тўқаевнинг охирги ислоҳотлар ташаббуси ташқи дунё эътибори яна Қозоғистонга қаратилишига сабаб бўлади.

Қозоғистон ҳақида гапирганда яна бир нарсани эътиборга олиш керак, ҳозир Тўқаевнинг вазияти жуда чигал. У бир томондан ички сиёсатда ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаши керак. Бунинг учун эса ижтимоий қўллаб-қувватловга эришиши керак. Чунки январ ойидаги воқеалар Тўқаевнинг тарихий репутациясига жиддий доғлар туширди. Бунда у бир томондан намойишчиларга қарши куч ишлатишга мажбур бўлди. Иккинчи томондан эса КХШТ кучларини мамлакатга киритишга мажбур бўлди. Бу орқали эса яқин йилларда Кремл билан жиддий ҳисоблашишга мажбур бўлади.

Ўйлайманки, Тўқаев илгари сурган катта ташаббуслар, албатта давом этади. Таклиф қилинаётган ғояларни тўлақонли демократияга ўтиш бўлмаса-да, шу тизимга ўтиш учун ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий платформа тайёрлаш сифатида баҳолаш мумкин.

Масалан, парламентга сайлов тизими ўзгармоқда. Янги партия ташкил қилиш йўлидаги қатор тўсиқлар олиб ташланмоқда. Фикримча, бу ташаббуслар амалиётга кўчса, Қозоғистондаги ислоҳотлар анчайин жадаллашади.

— Қирғизистонда сўнгги вақтларда президент Садир Жапаров қилишга уринаётган ўзгаришларни қайси томонга солинган йўл деб ҳисоблайсиз?

— Қирғизистонни 1990 йиллардан бошлаб “демократия оролчаси” дея аташади. Мамлакат ўз давлатчилиги учун ҳар доим оптимал ечимлар излаб келган.

Қирғизистонни минтақада ҳудуди бўйича энг кичик, лекин сиёсий жараёнлар нуқтайи назаридан энг динамик давлат дейиш мумкин. Яъни шу пайтга қадар мамлакатда бир қанча рангли инқилоблар амалга оширилди, ҳокимиятлар ағдарилди.

Қирғизистон давлатчилигининг асосий муаммоси – давлатда ўзининг барча ҳудудларини консолидация (бирлаштириш) қилиш ва марказий ҳокимиятнинг иродасини амалга ошириш имконияти анчагина чекланган. Шу туфайли уни йиқилаётган давлатчилик деб аташ ҳам мумкин.

Бунинг яна бир кўриниши миллатчилар намойиш билан кўчага чиққанида ҳокимият бу зиддиятларни қонун доирасида бартараф қилолмайди. Бу шундай ўйин қоидасики, халқ кўчага чиққанида ҳокимият жим туриши керак. Бунда баъзан ҳокимият йиқитилади, баъзан ҳокимият жамиятга мослашади.

Қирғизистон, албатта, демократик давлат. Лекин унда инсонларнинг энг олий қадрияти – яшаш ҳуқуқи ва барқарорлигини таъминлай оладиган марказий ҳокимият ҳали шаклланиб улгурмади. Қирғизистоннинг бу йўлдаги энг асосий муаммоси ижтимоий ва иқтисодий муаммолар дейиш мумкин.

Минтақа шимолидаги давлатлар Қозоғистон ва Қирғизистон демократик ислоҳотлар жиҳатидан анчайин илдамлаб кетди. Жанубдаги Туркманистон ва Тожикистонни эса қаттиқ авторитар дейиш мумкин.

— Минтақа давлатлари бошқарув тизимида “шимол” ва “жануб” модели шаклланар экан, Ўзбекистон қай йўлдан юради ёки юряпти?

— Ўзбекистоннинг биринчи маъмурият даврини ҳам демократик ислоҳотлар ва либерал бошқарув нуқтайи назаридан бир неча таркибий қисмларга бўлиш мумкин. Бунда масалан, 1990-йилларда Ўзбекистон демократик ислоҳотларга имкон қадар йўл излади, жиддий экспериментлар қилинди. Масалан, қисқа муддатда сўз эркинлигини таъминлашга, ичкарида мухолифат яратишга ҳаракат қилинди. Бу ҳаракатлар тахминан 2004 йилга қадар давом этди.

2005 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон сиёсий тизими тўлақонли ёпилди. Бунда 2005 йилдан 2016 йилга қадар Ўзбекистон сиёсий тизимига ташқи дунёда ўта салбий муносабатлар пайдо бўлди. Шу туфайли Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари бўйича дунёдаги барча рейтингларда сўнгги ўринларга тушиб қолди.

2016 йилда олий ҳокимият ўзгарар экан, Ўзбекистонда динамик ўзгаришлар бошланди. Шу даврдан бошлаб, постсовет минтақасидаги энг яхши хабарлар ҳам Ўзбекистондан тарқала бошлади.

2017-18 йилларда Ўзбекистонда бошланган динамик ислоҳотлар сони ва салмоғи яқин уч-тўрт йилга нисбатан анчагина юқори бўлди. Кейинги уч-тўрт йилда эса сиёсий тизим барқарорлашди.

Ўзбекистон сиёсий доираларида бугун сиёсий рационализм юқори. Шунингдек, ислоҳотлар борасида эҳтиёткорлик ҳам.

Ўзбекистон ҳокимияти томонидан ҳокимларни сайлаш, парламентни ислоҳ қилиш, фуқаролик ва ватандошлик жамиятини барпо қилиш борасида қатор ислоҳотлар таклиф қилинган.

Бугун Ўзбекистонда инсон потенциалини ишлатмасдан туриб барқарорликка эришиб бўлмаслигини ҳамма тушунади. Бунинг устига постсовет ҳудудидаги геосиёсий вазият жуда таранг. Мана шулар фонида Ўзбекистон ислоҳотлар орқали бир томондан ҳокимият легитимлигини ошириши, иккинчи томондан ҳокимият атрофида жамият жипслигини мустаҳкамлаши мумкин.

Бугун Ўзбекистон бошқаруви қаттиқ авторитар эмас, лекин айни пайтда бугун минтақада том маънодаги демократик давлат ҳам йўқ.

Ўзбекистондаги бошқарув тизими “шимол” ва “жануб” ўртасидаги моделдир. Яъни Ўзбекистон ўтган маъмурият даврида қаттиқ авторитаризм йўлидан борди ва ўз олдига қўйган вазифаларини бажаролмади. Глобал репутацияси ўта салбийлашди. Ижтимоий иқтисодий масалаларни ечиш самарадорлиги жуда паст бўлди.

Ўзбекистоннинг бугунги бошқарув моделини эса авторитар дейиш мумкин, лекин у рационал авторитаризм. Чунки Ўзбекистонда ҳали демократик институтлар ва демократик ўйин қоидалари шакллангани йўқ, лекин шунга қараб кетиляпти, дея айтиш мумкин.

— Минтақада шаклланаётган икки хил бошқарув тизими минтақа иқтисодий фаровонлиги, барқарорлиги  ва геосиёсий мустақиллигига қандай таъсир қилади?

— Ўйлашимча, оилавий династия модели тўла шаклланиб улгуриши учун ҳали жуда катта сиёсий имтиҳонлардан ўтиш керак. Бу экспериментни Туркманистон ва Тожикистон бошлаяпти. Лекин глобаллашаётган дунёда жамиятлар династик бошқарувни қабул қиладими, йўқми, буни вақт кўрсатади.

Фикримча, бу бошқарувнинг тақдири икки давлатда ҳам мураккаб кечади. Шунинг учун уларда классик монархия шаклланади, дея ўйлашга асос йўқ.

Юқорида айтганимиздек, ҳозир Туркманистон иқтисодий муаммолар билан тўқнашяпти ва бу каби давлатларда ижтимоий портлашлар ҳам кутилмаганда амалга ошади.

Шундай қилиб, Сердар Бердимуҳамедов ўз ҳокимиятини мустаҳкамлашга улгурган тақдирда ҳам, отасининг вафотидан кейин унинг атрофидагиларни қандай бошқара олади, буни айтиш қийин. Чунки ҳокимият ичида шаклланган кишиларнинг кейинчалик ҳокимиятни сақлаб қолиш даражаси анчагина мўрт бўлади.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, минтақа давлатлари бир вақтнинг ўзида икки катта йўлдан кетмоқда. Бунда шимолий давлатлар: Қозоғистон ва Қирғизистон инсон ҳуқуқлари таъминланган, нормал демократик давлат қуришни ўзи учун йўл сифатида танлаб бўлган. Фақат улар бу йўлда бироз тезлашиши ёки секинлашиши мумкин.

Геосиёсий босимлар эса минтақамизга асосан икки давлат – Россия ва Хитойдан бўлиши мумкин. Минтақанинг биринчи ва иккинчи савдо иқтисодий ҳамкорлари.

Бу давлатлар билан минтақа давлатларининг боғлиқлиги борган сари ошиб бораверади ва айни пайтда бу алоқалар геосиёсий қарамлигимизни ҳам парваришлаб боради.

Бундай шароитда давлатларнинг ўз геосиёсий мустақиллигини ошириб боришида ягона йўл бу – ҳуқуқий давлатчилик ва ватандошлик жамияти барпо қилишдир. Чунки ахборот мустақиллиги, геосиёсий ва сиёсий плюрализм орқали ҳокимиятларни муттасил алмаштириб туриш ва ҳокимият легитимлиги орқали ташқи кучларга қаршилик кўрсата олиш айнан демократик бошқарувларда амалга ошади. Авторитар бошқарувларда эса ташқи дунё ҳокимиятдаги марказий шахсларга босим қилади ҳамда бутун жамият ана шу босим остига тушиб қолади.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

 

Top