07:33 / 06.04.2022
18847

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида ноқонуний юк олиб ўтмоқчи бўлган икки қирғизистонлик ҳалок бўлди

Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегараси участкасида қурол қўллаш билан боғлиқ ҳодиса рўй берди, деб хабар қилди Kabar.kg Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизматига таянган ҳолда.

Фото: Слуцкий Максим / ТАСС

Дастлабки маълумотларга кўра, Жалолобод вилояти Ақси тумани Дейрес қишлоғида Қирғизистоннинг бир неча фуқаролари Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний равишда отда юк олиб ўтмоқчи бўлган. 

Улар Ўзбекистон ҳудудидаги давлат чегара чизиғидан 500 метр узоқликда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати чегара хизмати ходимлари томонидан аниқланган. Контрабандачилар ўзбек чегарачиларининг тўхташ ҳақидаги талабига бўйсунмаган. 

«Ушбу фуқароларни қўлга олиш вақтида жанжал келиб чиққан. Ўзбекистон чегарачилари ўз ҳаёти ва соғлиғини сақлаб қолиш мақсадида қурол ишлатган, натижада икки фуқаро ҳаёт учун хавфли тан жароҳатлари олиб, ҳалок бўлган. Қолган жиноятчилар Қирғизистон ҳудудига қочишга муваффақ бўлган», дейилади хабарда. 

Ўзбекистон чегарачиларининг маълум қилишича, Қирғизистон фуқаролари қиймати 20 минг АҚШ долларидан ортиқ бўлган контрабанда юкини олиб ўтмоқчи бўлган. 

Кейинчалик маълум бўлишича, ҳалок бўлган фуқаролар Ўзбекистондан бўлган, бироқ 2012 йилда Қирғизистон фуқаролигини олган. Дастлабки маълумотларга кўра, улар Ўзбекистон паспортини ўзлари билан олиб юрган. 

Кеча, 5 апрел куни ҳодиса ҳолатларини ўрганиш учун воқеа жойига борган Қирғизистон ва Ўзбекистон чегара вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Чегарачилар воқеа юзасидан ҳар бир томон ўз текширувини ўтказишига келишиб олган.

Top