17:01 / 09.04.2022
26917

Турар жой мажмуаси ичида “дискотека” — Чилонзорда аҳоли 1-қаватдаги ресторан фаолиятидан норози

Муқимий кўчасидаги машҳур “Golden House” бренди остида бунёд этилган “Новза” турар жой мажмуаси аҳолиси бир неча йилдан буён кўп қаватли уйнинг биринчи қавати ва ертўласида фаолият юритадиган ресторандан азият чекаётганини билдирмоқда.

Таҳририятга мурожаат қилган Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Муқимий кўчаси, “Новза” турар жой мажмуасида яшовчи фуқаролар 20В-уйнинг ертўласи ва биринчи қаватида жойлашган “МЯТА” кафе-ресторани фаолияти устидан бир нечта идораларга қайта-қайта мурожаат қилгани, аммо натижадан дарак йўқлигини билдирди.

Мурожаатчиларнинг сўзларига кўра, “МЯТА” кафе-ресторан деб аталган бўлса-да, у ўз фаолиятини тунги клуб сифатида олиб бормоқда ва у ерда қўйиладиган мусиқанинг шовқини ҳамда бошқа ҳолатлардан кўп қаватли уйда яшовчилар азият чекмоқда.

Ресторан аҳолининг тинчини бузиб, кечаси ҳам, кундузи ҳам баланд шовқин кўтариб фаолият юритиб келаётганига мутлақо қаршимиз. Тунги клуб атрофида ва ичида енгилтак аёллар йиғиляпти, жамиятда юриш-туриш қоидалари бузиб келиняпти.

Ноқонуний ҳаракатларни тўхтатишни сўраб, кафе-рестораннинг маъмуриятига қилган мурожаатларимиз бефойда бўлди. Бундан ташқари, бир неча бор “102” рақами орқали ички ишлар органларига қилган мурожаатларимиз ҳам бефарқ қолдирилмоқда”, – дейилади жамоавий мурожаатда.

Kun.uz'га тақдим этилган материалларда кафе-ресторан ростдан ҳам кун-у тун фаолият юритиб келгани, ундан чиқаётган шовқин турар жой мажмуасининг юқори қаватларига ҳам етаётганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Шунингдек, видеотасвирларда ярим тунда кафе-ресторан ташқарисида тўпланган мижозларнинг жанжал кўтаргани, кўп қаватли уй ёнгинасида унда яшовчиларга хавф туғдириб мушакбозлик қилингани, турли уятсиз ҳаракатлар содир этилгани кўринади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 24 январдаги 22-сонли қарори билан тасдиқланган “Кўп квартирали уйлардаги яшаш учун мўлжалланмаган жойлардан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 12-бандида мулкдор ёки ижарага олувчиларга соат 23:00 дан бошлаб соат 8:00 гача яшовчиларнинг тинчлигини бузувчи шовқин чиқарувчи қурилмалардан фойдаланиш тақиқланган. Ушбу бандга кўра, нафақат тунда, балки кундузи ҳам қаттиқ шовқин ва тебраниш ҳосил қилувчи, фуқароларнинг нормал ҳаёт фаолиятига халақит берувчи ишларни бажариш тақиқланиши белгиланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 октябрдаги 648-сонли қарори билан тасдиқланган низомнинг 11-бандида кўп квартирали уйнинг ертўласида соат 23:00 дан кейин ҳам ишлайдиган умумий овқатланиш корхоналари, ресторанлар, кафелар, кафетерийлар, барларнинг фаолият юритиши мумкин эмаслиги, 20-бандида соат 23:00 дан бошлаб соат 8:00 гача яшовчиларнинг тинчлигини бузувчи шовқин чиқарувчи қурилмалардан фойдаланиш мумкин эмаслиги, шунингдек сутканинг исталган вақтида қаттиқ шовқин ва тебраниш ҳосил қилувчи, фуқароларнинг нормал ҳаёт фаолиятига халақит берувчи ишларни бажариш тақиқланиши белгиланган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 192-моддасига асосан, тунги вақтда – соат 23:00 дан 06:00 гача фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузиш, яъни баланд овоз билан қўшиқ айтиш, мусиқа чалиш, товуш сигналлари бериш ва овоз чиқарувчи бошқа аппаратуралардан фойдаланиш фуқароларга БҲМнинг учдан бир қисми, мансабдор шахсларга эса учдан бир қисмидан иккидан бир қисмигача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши қайд этилган.

Маълум бўлишича, ярим тунда шовқин кўтарганлик учун кафе-ресторан ходимларига нисбатан бир неча марта маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланган. Бироқ шовқинлар давом этаверган.

  • Ресторан ходимига қўлланилган жарима ушбу ташкилот учун арзимаган харажат ҳисобланади. Шу туфайли, тунги клуб жарималардан кейин ҳам доимий равишда қонунни бузган ҳолда фаолиятини давом эттирмоқда.
  • Ички ишларга телефон қиламиз, келиб текширган бўлади, шовқинлар маълум вақт тинчийди. Кейин яна давом этади. Ҳаммаси бефойда. Булар бутунлай кўчиб кетмагунча тинч яшолмаймиз”, – дейди кўп қаватли уй аҳолиси.

Қўшимча қилинишича, кўп қаватли уйда яшовчиларнинг:

  • Бош прокуратурадан ҳолатни жиддий назоратга олишни;
  • Ички ишлар вазирлигидан кафе-ресторанда ҳар куни доимий 23:00 дан кейин текширув ва рейд ўтказишни, қонунбузилиши ҳолати аниқланганда доимий жаримага тортишни, кўрилган чоралар ҳақида мурожаатчига маълумот беришни;
  • Чилонзор тумани ҳокимлигидан кафе-ресторан фаолиятини вақтинча тўхтатишни ва унинг “Новза” турар жой мажмуасидан бошқа жойга кўчиб чиқиб кетишини таъминлашни сўраб ёзган мурожаатлари натижа бермаган.

Биз ҳолат бўйича изоҳ олиш мақсадида “МЯТА” бренди остида фаолият юритиб келаётган ресторан масъуллари билан боғландик. Ресторан маъмуриятининг билдиришича, улар ўз фаолиятида қонунларга риоя қилиб келади, бироқ кўп қаватли уйда яшовчи фуқаролардан бири ўз шахсий адовати туфайли бир неча йилдан бери рестораннинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилишга уринмоқда.

Изоҳда айтилишича, бугунги кунга қадар ресторан фаолияти устидан ушбу фуқародан ташқари бирорта қўшнидан шикоят келиб тушмаган. Шу сабаб ҳозиргача ресторан 84 млн сўм зарар кўрган ва шу фуқарога нисбатан қонуний чора кўриш учун бош прокурор номига ариза берилган.

Бироқ таъкидлаш лозим, Kun.uz'га келиб тушган жамоавий мурожаатга 10 нафар, Бош прокуратура, ИИВ ва Чилонзор ҳокимлигига юборилган жамоавий мурожаатга 30дан ортиқ фуқаро имзо қўйган.

Хуллас, фуқаролар тинчлиги ва хотиржамлиги бузилишига сабаб бўлаётган ҳолатлардан безор бўлишган. Бу бесарамжонлик оқибатларини бартараф этиш учун шикоят қилинмаган идора қолмаган, ҳисоб. Ҳар икки тараф ҳам осонликча “таслим бўлгиси” йўқ. Масалага узил-кесил нуқтани қўювчи орган топилмас экан, тарафларнинг ўзаро кураши ҳали узоқ чўзиладиган кўринади.

Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

Аббос Салайдинов,
Kun.uz мухбири

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top