20:39 / 11.04.2022
36384

Uzbekistan Airways самолёти Домодедовога фавқулодда қўнди. Бортда бомба борлиги ҳақида хабар берилган

Минскдан Тошкентга учган ҳаво кемаси портлаш хавфи остида экани тўғрисида аноним хабар келиб тушган. Текширувда давомида бу хабар тасдиғини топмаган.

Uzbekistan Airways’нинг Беларус пойтахти Минскдан Тошкентга учган Airbus A-320 русумли самолёти борт «миналаштирилгани» тўғрисидаги аноним хабардан сўнг Москвадаги Домодедово аэропортига қўнди. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб ТАСС хабар берди.

«Минскдан Тошкентга қатновни амалга ошираётган Airbus A-320 ҳаво кемаси портлаш хавфи остида эканлиги тўғрисида аноним хабар келиб тушди. Шу муносабат билан самолёт командири Домодедово аэропортига қўнишни амалга оширди», деган агентлик суҳбатдоши.

Uzbekistan Airways матбуот хизмати вакили Камола Икромованинг Kun.uz’га маълум қилишича, айни пайтда самолёт тўлиқ текширувдан ўтказилган. Хабар тасдиғини топмаган. Бортида 104 нафар йўловчи бўлган самолёт тез орада Тошкентга парвозни давом эттиради.

Шу йилнинг январ ойида Uzbekistan Airways самолёти Минск аэропортида учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетгани хабар қилинганди.

Ўшанда воқеага кучли қор ва бўрон сабаб бўлгани айтилган.

Top