14:31 / 13.04.2022
12526

Ғариблик ва хасталик ёзиғи: “Касали хуруж қилган боламни бағримда иситиб ўзига келтираман” 

Янгийўллик оиланинг фарзанди юрак пороги хасталиги билан оғрийди. Боланинг отаси Леонид Хан корейс миллатига мансуб бўлса-да, Ислом динини қабул қилган, мусулмонлар қаторида жума намозларида иштирок этиб, фарзандига шифо сўрайди. 

Янгийўллик оила уч нафар ўғилни вояга етказишмоқда. Оиладаги иккинчи фарзанд – Бекзодда юрак пороги ташхиси аниқланган. Икки йилдан ортиқроқ вақт мобайнида даво муолажаларини олиб келади.

Онасининг айтишича, Бекзод 7 ойлик туғилган ва чақалоқлигидаёқ юраги билан боғлиқ муаммолар бўй кўрсатган: “Кўпинча касаллик тунлари хуруж қилади. Нафас олишга қийналиб, лаблари кўкариб кетади. Қалтироқ босиб, совқотиб қолади. 1-1,5 соат шу алфозда туради, кўрпага ўраб, бағримга босиб иситаман. Кейин ўзига келади.

Ўзимизнинг уйимиз йўқ, бировнинг дала шийпонида яшаймиз. Бир хонадан иборат уйимиз қишда жуда совуқ бўлади. Газ ўтмаган, печкада ўтин ёқиб иситамиз. Ош-овқатимиз, кир-чиримизда ҳам шу печкадан фойдаланамиз”, - дейди беморнинг онаси Фотима Тўрақулова.

Оила бошлиғи кунлик ишлар билан шуғуллангани сабаб оиланинг моддий ҳолати ачинарли аҳволда. Уйсизлик, ижара машаққатлари етмагандай боладаги хасталик ота-онанинг тинка-мадорини қуритган. 

“Шифокорлар касал боламни витаминларга бой овқатлантиришни тавсия қилишган. Лекин бундай қилолмайман. Уйимизда доим ҳам гўшт бўлавермайди, бир ойда бир марта эрим яхши ишлаб қолсагина оламиз”, - дейди аёл ғамгинлик билан.

Бу синовли дунёда кимдир тўкинликда, кимдир йўқчиликда синалади. Ҳам моддий қийинчилик, ҳам дардманд фарзанд билан синалаётган бу оилага ёрдам қўлларини чўзиш ниятида бўлганлар учун уларга тегишли маълумотларни қолдирамиз. 

Бекзод Тўрақуловга оид маълумотлар:

Ўзкард: 8600 0609 8751 5674 онаси Фотима Тўрақулова номида

Мавзу
Хайрия акцияси
KUN.UZ сайти ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш нияти билан қатор хайрия акцияларини ташкил этиб келмоқда.
Барчаси
Top