15:23 / 15.04.2022
22003

Президент озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш бўйича топшириқлар берди

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев 15 апрель куни озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш орқали бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш ҳамда бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча шароитлар яратиш бўйича видеоселектор ўтказди.

Дунёда содир бўлаётган воқеалар сабаб жаҳон бозоридаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўтган асрнинг 80-йилларидагидан ҳам юқори даражаларда ўсаётгани таъкидланди.

Хусусан, март ойида дунё бўйича озиқ-овқат нархлари 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 34 фоизга ошди. Айниқса, йил бошидан жаҳон бозорларида буғдой нархи – 20 фоиз, маккажўхори – 19 фоиз, озуқа донлари – 20 фоиз ва ўсимлик ёғи – 23 фоизга кўтарилди.

Жорий йилда ёғингарчилик ҳисобига, водий, Тошкент вилояти ва Самарқандда сув захираси 20 фоизга кўпайгани билан, Қорақалпоғистон, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразмда сув таъминоти бўйича қийинчиликлар бўлади.

Жаҳон бозорида минерал ўғитлар ва ёқилғи нархлари 2 бараварга ошгани, албатта, кластер, фермер ва деҳқонларнинг етиштираётган маҳсулотларининг таннархига ҳамда молиявий аҳволига таъсир қилади.

Йиғилишда мавжуд ер ресурсларидан самарали фойдаланиб, 2022 йилда 7,7 млн тонна буғдой ҳамда 23 млн тонна мева-сабзавот етиштириб, 1,5 млрд доллар экспортни таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

Озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш учун янги қўшилаётган 300 минг гектардан зиёд ер майдонларидан самарали фойдаланиш зарур.

«Ҳозирги кунда 80 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, 254 минг нафар аҳолига очиқ танлов асосида берилди.

Бу – озиқ овқат етиштириш учун ҳар бир туманда қўшимча 500 гектар экин майдони, дегани.

Бу ислоҳотни ўз вақтида ва тўғри бошлаганимизни ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Шунинг учун бу ерлар фақат ва фақат озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш учун база бўлиши шарт», деди президент.

Мутасаддиларга икки ҳафта муддатда:

  • ҳосилдор уруғ навларини жойларга етказиб, дала ярмаркаларини ўтказиш;
  • ер майдонларида «бир контур – бир маҳсулот» тамойили асосида экинлар экишни ташкил қилиш;
  • маҳсулотни кафолатли харид қилиш бўйича шартномалар тузиш ишларини жадал ташкил қилиш топширилди.

Давлат раҳбари вақт жуда кам қолгани, деҳқончиликда баҳорнинг ҳар бир куни, ҳар бир соати муҳимлигини таъкидлади. Деҳқон ва фермерларни энг кўп қийнайдиган масалалар санаб ўтилди:

  • ҳосилдор ва ишончли уруғ ва кўчат навларининг камлиги,
  • пешона тери эвазига етиштирилган маҳсулот кафолатли харид қилинмаслиги.

Шу сабабли, ҳосилдор уруғ ва кўчат навларини жойларга етказиш ва маҳсулотни сотиб олишга Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан Боғдорчилик агентлигига қўшимча 300 миллиард сўм ажратилади.

Шунингдек, янги сув омборлари атрофидаги 100 минг гектардан ортиқ ерларга тадбиркорларни жалб этиб, инфратузилма яратишга ёрдам бериб, мос келадиган экинлар экишни ташкил қилиш кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Вилоят ҳокимларига бир ой муддатда:

  • ўз ҳудудидаги сув омборлари атрофидаги янги ерларнинг харитасини тузиш;
  • ерларни контурларга ажратиб, уларга ирригация тармоғини лойиҳалаш; 
  • ушбу майдонларда озиқ-овқат ва озуқа экинларини экишга тайёр инвесторларни жалб қилиш бўйича лойиҳа тўпламларини тайёрлаш топширилди.

Йиғилишда фойдаланишдан чиққан ерларни қайта тиклаш ҳам озиқ-овқат етиштиришга қўшимча имконият экани қайд этилди.

«Лекин барча ҳудудларда ҳам ишлар аҳволини қониқарли деб бўлмайди. Андижон, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё ва Хоразмда суст кетяпти», деди президент.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ҳокимликлар билан бирга бир ҳафта муддатда 135 минг гектар оборотдан чиққан ерларни ўзлаштириш ва уларда озиқ-овқат маҳсулотларини жойлаштириш ишларини бошлаш вазифаси қўйилди.

Ушбу тадбирларни амалга ошириш учун республика бюджетидан 170 миллиард сўм ажратилади.

Томорқа хўжаликларидан самарали фойдаланиш масаласига тўхталар экан, президент Фарғона, Наманган, Андижон ва Самарқанддан 600 нафар тажрибали томорқа эгалари Қорақалпоғистон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Сирдарё, Хоразм ва Тошкент вилоятига бориб, 1,5 мингта маҳаллада аҳоли томорқаларида экинларни тўғри экишни ўргатаётганини мисол қилиб келтирди.

Бу тажрибани 2,5 мингта маҳаллада жорий этиши вазифаси қўйилди.

Top