12:17 / 16.04.2022
14575

Журналист ва блогерларга бўҳтон ва провокация уюштириб келган каналлар блокланди

Масс-медиа фонди Telegram маъмурияти билан музокаралар орқали “Қора мерган” ва “Снайпер блогер” номли каналлар блокланганини маълум қилди. Бу каналлар фаол журналист ва блогерларга нисбатан туҳматлар тарқатиб келаётган эди. “Кураш соғлом бўлиши керак! Ифлосликлар чарчатди”, дея муносабат билдирди фонд раҳбари Комил Алламжонов.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонлик журналист ва блогерларга нисбатан мунтазам туҳматлар тарқатиб келган иккита Telegram-канал блокланди. Бу ҳақда Масс-медиа фонди раиси Комил Алламжонов маълум қилди.

“Кимдир агар билса, “Қора мерган” деган бир жирканч Telegram-канал бўлар эди. У асосан фаоллар, блогер ва журналистлар ҳамда мени хоинликда доим айблар, барча либерал қарашли журналистларга АҚШга ишлайдиган хоинлар ёки рангли инқилоб қилувчи гуруҳлар деган уйдирма ва ифлос ёрлиқларни ёпиштирмоқчи бўлар эди. Бугун ушбу канал блокланди”, – дея ёзди Алламжонов Telegram-каналидаги 14 апрел кунги постида.

Фонд раҳбари бунинг учун Google, Apple компаниялари ва шахсан Telegram асосчиси Павел Дуровга миннатдорчилик билдирган.

“Ўзига маъқул бўлмаган одамларни йўқ қилиш мақсадида туҳмат қилиш, обрўсизлантириш, хуллас ифлослик учун ажратилган яна бир ресурс энди йўқ. Албатта янгиси очилиши мумкин, лекин унинг ҳам умри қисқа бўлиши аниқ. Чунки ўзини ҳурмат қилган ресурсларда ноқонуний ҳаракатларга доим барҳам берилади. Ҳаёт курашдан иборат ва қалби тоза ва кўнглида кири йўқлар ғолиб бўлаверади ИншаАллоҳ”, – дея “Қора мерган” канали блокланишига муносабат билдирди Комил Алламжонов.

У 16 апрел куни “журналист ва блогерларнинг ашаддий душмани” бўлган “Снайпер блогер” Telegram-канали ҳам блокланганини маълум қилди.

Фото: t.me/allamjonov_ki

“Фейсбукдагиси ҳам тез кунда блокланади. Тозалаш ишлари давом этади. Агар янгиси очилса, уни ҳам тозалаймиз.

Кураш соғлом бўлиши керак! Ифлосликлар чарчатди”, – деб ёзди Масс-медиа фонди раҳбари.

Алламжонов фонд матбуот котиби Ҳикматилла Убайдуллаевнинг бу борадаги хизматларини эътироф этган.

Маълумот учун, ушбу аноним блог муаллиф(лар)и доимий тарзда журналист ва фаол блогерларга нисбатан ҳақиқатга мос келмайдиган, туҳмат, бўҳтон ва иғводан иборат маълумотларни тарқатиб келаётган эди.

Хусусан, 2021 йилнинг 27 феврал куни блог муаллиф(лар)и томонидан Kun.uz ва Azon.uz сайти маъмурлари ҳақида ҳам туҳмат, бўҳтон ва иғводан иборат ана шундай маълумотлар тарқатилганди.

Kun.uz сайти мухбирлари томонидан матбуот анжуманларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, жумладан, ИИВ Жиноят қидирув бош бошқармасига юқоридаги канал муаллифларини топиш ва жавобгарликка тортиш ҳақида қилинган сўровлар эса фойда бермаган.

Top