18:35 / 18.04.2022
12262

Самарқанд шаҳар ҳокимининг бир қанча қарорлари ноқонуний чиқарилган деб топилиб, бекор қилинди

Вилоят ҳокимининг махсус қарорида Самарқанд шаҳар ҳокимига хатога йўл қўйган икки нафар ўринбосари ва шаҳар ҳокимлигининг бош юрисконсультига ҳайфсан жазоси қўллаш вазифаси юклатилган.

Фото: Самарқанд шаҳар ҳокимлиги

Вилоят ҳокимининг махсус қарорида ёзилишича, президентнинг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6243-сон фармонининг 4-бандига асосан 2021 йил 1 августдан туман ва шаҳар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш ваколатлари бекор қилинган.

Бироқ шунга қарамасдан Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан 7 та қарор юқоридаги фармон талабларига зид равишда қабул қилинган.

Шаҳар ҳокими томонидан ушбу қарорлар қабул қилинишига Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 февралдаги “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 71-сон қарори асос қилиб кўрсатилган. Бироқ мазкур қарорда шаҳар, туман ҳокимлиги томонидан ер майдонини захирага олиш ҳақида қарор қабул қилиниши назарда тутилмаган.

Юқоридагиларга асосланиб, Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2022 йил 14-15 март кунлари қабул қилинган 7 та қарори бекор қилинган.

Шунингдек, Самарқанд шаҳар ҳокимига 2 кун муддатда ер муносабатларига оид қарорларни қабул қилишда қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйгани учун шаҳар ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, кичик саноат зоналари ва туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Э.Ражабов, капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Р.Олимов ва бош юрисконсульт Б.Тойировларга нисбатан “ҳайфсан” интизомий жазо чораларини қўллаш вазифаси топширилган.

Top