13:23 / 24.04.2022
12415

Дардманд фарзанд ҳасратида эзилганлар: “Икки йил аввал онасидан айрилгандик, энди ўғли оққон”

Дунёда фарзанди касал она қиёфасидан ҳам ғамгинроқ ва эзгинроқ қиёфа йўқ. Бугунги қаҳрамонларимизнинг аксарияти яқинларини йўқотиб юрак олдирган, бетоб боласининг олган ҳар нафаси учун ҳадсиз шукур билан яшаётганлардир.

Икки йил аввал онасиз қолган чеварамда оққон аниқланди

Фарғоналик 9 ёшли Руслан мактабда аълочи, спортни севадиган бола эди. Бироқ ҳозир ундай эмас – у хасталангани учун мактабга қатнай олмаяпти, спорт билан шуғулланиш ҳам мумкин эмас.

“Руслан қизимнинг невараси, менга чевара бўлади. Бувиси, қизим икки йил аввал жигар циррози сабаб дунёдан ўтиб қолди. Шундан бери менинг қарамоғимда қолган. Чунки онаси ишлайди.

Онасидан қолган ёлғиз ёдгор бўлгани учун чеварамнинг дардини кўтара олмаяпман”, – дея йиғлайди бувиси Наиля Никонова.

Сўзлари ва кўзлари ўкинчга тўлган бола шифокор бўлиш орзусида: “Бувимга жуда қийин бўляпти. Чунки доим мен билан, шифохонага ҳам бирга борамиз. Тезроқ соғайишни истайман”, – дейди бемор.

Руслан Насибуллинга оид маълумотлар:

Uzcard: 8600 0204 5138 5434 онаси Сабина Насибуллина номида

Манзил: Фарғона шаҳри, Саид Аҳмад кўчаси, 53-уй, 13-хонадон

Боламни реанимацияда кўришга бардошим етмайди

Тенгқурлари ерга урса кўкка сапчийдиган даврни Наримон бемажолликда ўтказяпти. Сўхлик оиланинг кенжатойида аниқланган касаллик унинг ҳаётини ўзгартириб юборди. Бир қарашдаёқ ёш жонга бу оғирлик қилаётганини англаш қийин эмас.

Тирикчилиги ҳаминқадар бўлган оилага дард билан олишиш осон бўлмаяпти. Беморнинг отаси қурилиш ишлари билан шуғулланиб келган, аммо ҳозир фарзандини даволатиш илинжида шифохонама-шифохона сарсон. Онасининг айтишича, боланинг аҳволи оғирлашиб, икки маротаба жонлантириш бўлимида ўзига келган.

Наримон Олимжоновга оид маълумотлар:

Uzcard:  8600 5504 5275 3446  Хўжаев Раҳмонжон номида
8600 5504 9944 6475 онаси Нилуфар Хўжаева номида

Манзил: Фарғона вилояти, Сўх тумани, Янгиариқ қишлоғи, Замин кўчаси 55-уй

Бир кунда уч жонни йўқотган оила кулфати

Бу оиланинг бошига тушганларни эшитиб, одамзоднинг бардошига қойил қолмай илож йўқ. Шаҳрихонда бир оиланинг уч аъзоси ис газидан заҳарланиб бир кунда вафот этишган. Оила бошлиғи бир кунда икки фарзанди ва аёлидан айрилган. Орадан йиллар ўтгач, уйланиб ўғилли бўлган отанинг бошига яна бир кулфат тушди: тилаб олган боласида оққон аниқланган.

Бемор болакайнинг онаси Феруза Абдураҳмонова учун бу синовни енгиш оғир бўляпти: “Турмуш ўртоғим учун иккинчи синов бўлди бу. Ўзи устачилик билан шуғулланади. Уйда бор молларимизни сотиб ўғлимизни даволатдик. Шу маҳалгача амаллаб даволатдик. Лекин бу касаллик йиллаб парваришни талаб қилар экан”.

Абдурауф Абдураҳмоновга оид маълумотлар:

Ҳумо: 9860 0301 6951 0804 онаси Феруза Абдураҳмонова номида

Манзил: Андижон вилояти, Шаҳрихон тумани, “Янгийўл” МФЙ, Раис тўпи кўчаси 71-уй

Қизимни даволатиш учун уйимни сотдим

Дардини, ташвишини бировга айтишга ҳам ийманадиган аёлнинг эгик бошидан турфа синовлар ўтмоқда. Холида оққонга чалинган ва унга илик кўчириш операцияси тавсия этилган. Бу дард илакишган кундан бери унинг ҳаёти зулматга бурканган: турмуши бузилиб, бир фарзанди билан ота уйига қайтган.

“Икки қизим бор, бири дардманд. Отаси вафот этган. Уйимни сотиб боламни даволатдим, анча соғайиб ўзига кела бошлаганда ковидга чалиниб яна қайталаб қолди. Шифокорлар илик кўчириш операциясини тавсия қилишди. Бир қизимни ўйласам, бир неварамнинг келажагини ўйлаб куяман”, – дейди беморнинг онаси Гулжаҳон Холмуродова.

Холида Холмуродовага оид маълумотлар:

Uzcard: 8600 0609 8631 8674 опаси Умида Жалолова номида

Манзил: Андижон вилояти, Балиқчи тумани, Чинобод шаҳарчаси, Охунбобоев ҚФЙ, Ёшлар кўчаси 118-уй

Энг қадрли, энг масъулиятли ва муборак кунларни бошдан кечираётган ватандош! Эҳсонлар қабул, дуолар ижобат бўладиган ойда имкон қадар шу хасталар учун саховатни аямаслигингизга ишонамиз.

Мавзу
Хайрия акцияси
KUN.UZ сайти ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш нияти билан қатор хайрия акцияларини ташкил этиб келмоқда.
Барчаси
Top