11:20 / 30.04.2022
31881

Қурол-яроғ омборига айланган Ер курраси: Энг катта ҳарбий харажатларга эга давлатлар

2021 йилда дунё давлатларининг ҳарбий харажатлари миқдори 2 трлн 113 млрд доллардан ошган. 2020 йилда бу маблағ 1 трлн 981 миллиард долларни ташкил этганди. Ўсиш 132 млрд доллар бўлган. 2018 йилда эса дунё давлатлари ҳарбий харажатлар учун 1 трлн 822 млрд доллар маблағ сарфлашган.

Фото: www.alamy.com

Дунё инсоният тинкасини қуритган Иккинчи жаҳон урушидан кейин ҳам кўплаб урушларни кўрди. ХХ асрнинг иккинчи ярмида АҚШ–Вьетнам уруши, СССРнинг Афғонистонга бостириб кириши, Ироқ–Эрон уруши, 1990 йилда Ироқ Қувайтни босиб олиши ортидан келиб чиққан уруш содир бўлди.

1992 йилда собиқ Югославия тарқалиб кетиши ортидан Болқон яриморолида қарийб 10 йил давом этган уруш бошланди. БМТ тинчликпарвар кучларни киритиб, собиқ Югославия республикаларидаги можарони ҳал қилгач жиддий қуролли тўқнашувлар тўхтаб дунё бироз тин олди. Аммо бу сафар ҳам тинчлик узоққа чўзилмади.

2001 йил 11 сентябр куни АҚШда бир нечта самолёт олиб қочилди ва турли биноларга олиб бориб урилди. Бу АҚШнинг коалиция тўплаб аввал 2001 йилда Афғонистонга, 2003 йилда Ироққа бостириб киришига сабаб бўлди. Ана шунда инсоният замон қанчалик юксак тараққиётга эришмасин, кимларнингдир манфаатлари учун урушлар содир бўлаверишини тушуниб етди.

АҚШ Афғонистон ва Ироқдан ўз ҳарбийларини олиб чиққач кичик тўқнашувларни айтмаганда дунёда бир муддат тинчлик барқарор бўлгандай туюлди. Аммо 2022 йил 24 феврал куни тонгги соат 4:00да Россия армияси Украинага бостириб киргач бу барқарорлик алдамчи экани маълум бўлди.

Урушлар бўлаверар экан, дунёнинг турли давлатлари ўз хавфсизлиги ва суверенитетини асраш мақсадида ҳарбий мудофаа салоҳиятини сақлаш ҳамда ривожлантириш учун катта миқдорда маблағ сарфлашга мажбур бўлаверади.

Дунёда батамом тинчлик ўрнатилмас экан, катта эҳтимол билан бундан кейин ҳам ҳарбий харажатлар миқдори муттасил тарзда ошиб бораверади. Қурол-яроғ ишлаб чиқариб сотувчи давлатларнинг «ошиғи олчи тураверади». Оқибатда эса яна вайроналар, қурбонлар ва қочоқлар кўпайиб боради.

Жумладан, Стокҳолм халқаро тинчлик тадқиқотлари институти (SIPRI) маълумотларига кўра, 2021 йилда жаҳон ҳарбий харажатларининг умумий миқдори рекорд даражага етган ва тарихда илк бор 2 трлн доллардан ошган.

Ҳарбий харажатлар учун энг кўп маблағ сарфлаётган давлатлар ўнлиги:

10. Жанубий Корея

Фото: www.caak.mn

Умумий ҳарбий харажатлари: 50,2 млрд доллар

(2020 йилда 45,7 млрд доллар бўлган. Ўсиш 4,5 млрд доллар)

Жанубий Корея сўнгги йилларда ҳарбий харажатлари миқдорини муттасил ошириб келмоқда. Шимолий Корея билан қўшнилиги, Хитойнинг Сариқ денгиздаги бир қанча оролга эгалик юзасидан қўшнилар билан низога бораётгани бунга сабаб бўляпти. 2012–2021 йил оралиғида Жанубий Кореянинг ҳарбий харажатлари 43 фоизга ошган.

Жанубий Корея ҳарбий хизмат мажбурий бўлган дунёдаги кам сонли давлатлардан бири ҳисобланади. Бу давлатда йигитлар учун ҳарбий хизмат мажбурийдир.

Жанубий Корея 2021 йилда ЯИМ ҳажмининг 2,8 фоизига тенг маблағни ҳарбий харажатлар учун сарфлаган. 2012–2021 йиллар оралиғида бу давлатнинг ҳарбий харажатлари 43 фоизга ошган.

9. Япония

Фото: Shutterstock

Умумий ҳарбий харажатлари: 54,1 млрд доллар

(2020 йилда 46,1 млрд доллар бўлган. Ўсиш – 8 млрд доллар)

Япония Иккинчи жаҳон урушида енгилгач, иттифоқчилар (АҚШ, СССР, Англия, Франция) бу давлатга армия тузишни тақиқлаб қўйишади. Ҳатто мамлакат конституцияга Япониянинг ҳеч қачон армия сақламаслиги ҳақида алоҳида модда қўштиришади.

Ўшандан кейин анча йиллар давомида Япония ўз армиясига эга бўлмайди ва мамлакатни АҚШ ҳарбийлари қўриқлайди. Ҳанузгача мамлакатда АҚШнинг ўнлаб ҳарбий базалари бор. Кейинчалик Япония мудофаа учун армия шакллантиришга рухсат олади.

Сўнгги 20 йилда Шимолий Кореянинг ядро қуролини яратиш устида олиб бораётган тадқиқотлари Япония ҳукуматини хавотирга солиб келади. Шу сабабли кунчиқар юрт ҳарбий харажатлари миқдорини муттасил ошириб келмоқда ва сўнгги йилларда умумий ҳарбий харажатлар миқдори бўйича дастлабки ўнталикка кирмоқда.

2012–2021 йиллар оралиғида Япониянинг ҳарбий харажатлари 18 фоизга ошган. 2021 йилда кунчиқар юрт ҳарбий харажатлар учун ЯИМ ҳажмининг 1,1 фоизи миқдорида маблағ сарфлаган.

8. Саудия Арабистони

Фото: www.pentapostagma.gr

Умумий ҳарбий харажатлари: 55,6 млрд доллар

(2020 йилда 57,5 млрд доллар бўлган. 1,9 млрд долларга камайган)

Саудия Арабистони жойлашган минтақа сўнгги 20 йилда Ер юзининг энг қайноқ нуқтаси бўлиб турибди. Шунингдек, унга қўшни бўлган Ямандаги хусийлар ҳам Саудияга хавф туғдиришда давом этяпти. Шу сабабли мамлакат сўнгги йилларда ўз ҳарбий харажатлари учун салмоқли маблағ сарфламоқда.

Саудия Арабистони 2020 йилда ҳарбий харажатлар учун 57,5 млрд доллар сарфлаган ва умумий рўйхатда 4-ўринда жойлашганди. 2021 йилда харажатлар 1,9 млрд долларга камайиб умумий рўйхатда 8-ўринга тушиб кетди.

2021 йилда Саудия ҳарбий харажатлар учун ЯИМ ҳажмининг 6,6 фоизи миқдорида маблағ сарфлаган. 2012–2021 йиллар оралиғида бу давлат ўз ҳарбий харажатлари учун ажратаётган маблағлари миқдорини 15 фоизга камайтирган.

7. Германия

Фото: www.alamy.com

Умумий ҳарбий харажатлари: 56 млрд доллар

2020 йилда 52,8 млрд доллар бўлган. Ўсиш 3,2 млрд доллар)

Иккинчи жаҳон урушида енгилгач иттифоқчилар Германияни иккига бўлиб олишади ва унинг ҳар иккала қисмига ҳам Японияга ўхшаб узоқ йиллар ўз армиясини шакллантиришга йўл қўйишмади. Мамлакат ғарбида ташкил этилган Германия Федератив Республикасида АҚШ ҳарбий базалари жойлаштирилади. Мамлакат шарқида ташкил этилган Германия Демократик Республикасида эса совет ҳарбий базалари ташкил этилади.

1989 йилда иккита Германия бирлашгандан сўнг мамлакат ғарбидаги АҚШ ҳарбий базалари сақланиб қолди. Шарқдаги совет ҳарбий базалари эса ёпилади. Германия мамлакат бирлашгандан сўнг ҳарбий харажатлар учун салмоқли маблағ ажрата бошлади.

2021 йилда Германия ҳарбий харажатлар учун ЯИМ ҳажмининг 1,3 фоизи миқдорида маблағ сарфлаган. 2012–2021 йиллар оралиғида мамлакат ўз ҳарбий харажатлари миқдорини 24 фоизга оширган.

6. Франция

Фото: aif.ru

Умумий ҳарбий харажатлари: 56,6 млрд доллар

(2020 йилда 52,7 млрд доллар бўлган. Ўсиш 3,9 млрд доллар)

Франция ҳам бошқа йирик давлатлар қатори сўнгги йилларда умумий ҳарбий харажатлар учун тобора кўпроқ пул ажратмоқда.

Бу давлат 2021 йилда ҳарбий харажатлар учун ЯИМ ҳажмининг 1,9 фоизи миқдорида маблағ сарфлаган. 2012–2021 йиллар оралиғида Франция ўз ҳарбий харажатларини 13 фоизга оширган.

5. Россия

Фото: Shutterstock

Умумий ҳарбий харажатлари: 65,9 млрд доллар

(2020 йилда 61,7 млрд доллар бўлган. Ўсиш 4,2 млрд доллар)

Россия 2020 йилда умумий рўйхатда 4-ўринда эди. 2021 йилда ҳарбий харажатлар миқдори 4,2 млрд доллар ошган бўлса-да, у ўз ўрнини Буюк Британияга бўшатиб берди ва бир поғона пастлади.

2021 йилда Россия ҳарбий харажатлар учун ЯИМ ҳажмининг 4,1 фоизи миқдорида маблағ сарфлаган. 2012–2021 йиллар оралиғида мамлакат ҳарбий харажатлар миқдорини 11 фоизга оширган.

Халқаро таҳлилчиларнинг фикрига кўра, Россиянинг сўнгги ўн йилда ҳарбий харажатлар учун ажратилаётган маблағини салмоқли ошириши 2014 йилдан буён Украина шарқида содир бўлган можароларда Донбассдаги айирмачиларни қўллаб-қувватлаб келаётгани билан боғлиқ.

2022 йил 24 феврал куни Россия Украинага бостириб кирди ва ҳозирда у ерда уруш ҳаракатларини олиб бормоқда. Шу сабабли жорий йилда унинг ҳарбий харажатлари миқдори кескин ошиши кутилмоқда.

4. Буюк Британия

Фото: stock.adobe.com

Умумий ҳарбий харажатлари: 68,4 млрд доллар

(2020 йилда 59,2 млрд доллар бўлган. Ўсиш 9,2 млрд доллар)

Буюк Британия ҳам охирги йилларда ҳарбий харажатлар учун тобора кўпроқ маблағ ажратиб келмоқда. Жумладан, бу давлат 1998 йилдан 2019 йилгача ҳарбий харажатлар миқдорини 76 фоизга оширган.

2021 йилда Буюк Британия ўз ҳарбий харажатлари учун ЯИМ ҳажмининг 2,2 фоизи миқдорида маблағ сарфлаган. Шу сабабли умумий рўйхатда 6-ўриндан 4-ўринга кўтарилган. 2012–2021 йиллар оралиғида мамлакат ҳарбий харажатлар миқдорини 3,7 фоизга оширган.

3. Ҳиндистон

Фото: www.brahmand.com

Умумий ҳарбий харажатлари: 76,6 млрд доллар

(2020 йилда 72,9 млрд доллар бўлган. Ўсиш 3,7 млрд доллар)

Узоқ йиллардан буён ҳудудий даъволар туфайли Покистон билан қарама-қарши бўлиб келган Ҳиндистон сўнгги йилларда Ҳимолай тоғларидаги ҳудудлар учун Хитой билан баҳс олиб боряпти. Қолаверса, ҳали Покистоннинг ҳам Кашмирга даъвоси сақланиб турибди. Шу сабабли ҳиндлар ҳам анча йилдан буён ҳарбий харажатлар миқдорини муттасил ошириб келмоқда.

Сўнгги йилларда Ҳиндистон ҳарбий харажатлар рейтингида 3-ўринга кўтарилди. 2018 йилда бу мамлакат ҳарбий харажатлари 66,5 млрд доллар бўлган. 2020 йилда эса бу миқдор 72,9 млрд долларни ташкил этган.

2021 йилда Ҳиндистон ҳарбий харажатлар учун ЯИМ ҳажмининг 2,7 фоизи миқдорида маблағ сарфлаган. 2012–2021 йиллар оралиғида мамлакат ҳарбий харажатлар миқдорини 33 фоизга оширган.

2. Хитой

Фото: www.alamy.com

Умумий ҳарбий харажатлари: 293 млрд доллар

(2020 йилда 252 млрд доллар бўлган. Ўсиш 41 млрд доллар)

1991 йилда СССР парчаланиб кетганидан сўнг Хитой ҳарбий харажатлар бўйича дунёда 2-ўринга кўтарилади. Чин юрти 2006–2008 йилларда ҳарбий харажатлар учун йилига 50–80 млрд доллар атрофида маблағ ажратарди. Ўшанда Хитой ҳарбий харажатлари АҚШ ҳарбий харажатларининг бор-йўғи 10 фоизини ташкил этган.

Шундан буён Хитой ҳарбий харажатларини тўхтовсиз ошириб келмоқда. Сўнгги йилларда бу давлатнинг ҳарбий харажатлари миқдори 250 млрд доллардан ошмоқда. 2021 йилда эса қарийб 300 млрд доллар бўлди.

2021 йилда Хитой ҳарбий харажатлар учун ЯИМ ҳажмининг 1,7 фоизи миқдорида маблағ сарфлаган. 2012–2021 йиллар оралиғида мамлакат ҳарбий харажатлар миқдорини 72 фоизга оширган.

1. АҚШ

www.alamy.com

Умумий ҳарбий харажатлари: 801 миллиард доллар

(2020 йилда 778 млрд доллар бўлган. Ўсиш 23 млрд доллар)

АҚШ анча йилдан буён ҳарбий харажатлар бўйича дунёда 1-ўринни ҳеч кимга бермай келяпти. Катта эҳтимол билан яқин йилларда ҳеч бир давлат бу масалада ундан ўтиб кета олмайди.

2021 йилда ҳарбий харажатлар учун дунёда сарфланаётган маблағнинг 38 фоизи АҚШга тўғри келган. Бу мамлакат сўнгги 20 йилда ҳарбий харажатлар учун ҳар йили 700–750 млрд доллар атрофида маблағ сарфламоқда.

АҚШ ҳарбий харажатлари жуда катта экани аввало мамлакат барқарор иқтисодиётга эгалиги, шунингдек НАТО ҳарбий блогининг асосий молиявий таъминотчиси экани билан боғлиқ. Шунингдек, дунёнинг қирққа яқин давлатида АҚШнинг мингга яқин ҳарбий базаси бор.

2021 йилда АҚШ ҳарбий харажатлар учун ЯИМ ҳажмининг 3,5 фоизи миқдорида маблағ сарфлаган.

Ўзбекистоннинг ҳарбий харажатлари ва армиясининг нуфузи

Ҳар қандай суверен давлат каби Ўзбекистон ҳам ўз ҳудудий яхлитлигини мустаҳкамлаш мақсадида ҳарбий харажатлар учун маълум миқдорда маблағ ажратади. Бу маблағлар табиийки мамлакат армиясининг жанговар қудратини ошириш учун сарфланади. Википедия маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг 2021 йилдаги ҳарбий харажатлар учун ишлатган маблағи 1,1 млрд долларни ташкил этган. Бу мамлакат ЯИМ ҳажмининг салкам икки фоизини ташкил қилган.

Ўзбекистон армияси янгиланган Global Firepower Index – 2021 рейтингида дунё бўйича 51-ўрин, МДҲ давлатлари орасида Россия ва Украинадан сўнг 3-ўрин, Марказий Осиёда эса 1-ўринни эгаллаган.

Рейтингга кўра, Марказий Осиё давлатлари орасида Қозоғистон – 61, Афғонистон – 75, Туркманистон – 86, Қирғизистон – 93, Тожикистон 99-ўриндан жой олган.

Top