Жаҳон | 18:59 / 20.04.2024
7012
2 дақиқада ўқилади

Хитой ўз армиясида сўнгги ўн йилликдаги энг катта ислоҳотни ўтказади

Хитой армиясида стратегик қўллаб-қувватловчи кучлар тарқатиб юборилади ва янги бўлинма – ахборот таъминоти кучлари ташкил этилади.

Фото: AFP/Getty Images

Ҳукумат хабарига кўра, бу буйруқ Хитой раҳбари Си Жинпинг томонидан берилган. Bloomberg бу ўзгаришларни 2015 йилдан бери Хитой армиясидаги энг катта ислоҳот деб атамоқда.

Стратегик қўллаб-қувватлаш кучлари тўққиз йил олдин, 2015 йилда киберуруш ва сиёсий қарама-қаршиликдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун пайдо бўлган эди. Илгари ушбу тузилмага бўйсунган аэрокосмик ва киберқисмлар мустақил бўлиб, ахборотни таъминлаш кучлари билан параллел равишда ишлаган.

Си Жинпинг таъкидлаганидек, янги бўлим «киберахборот тизимини яратиш ва ундан фойдаланишни мувофиқлаштиришда асосий ёрдамни беради».

Ислоҳотлар АҚШ билан глобал таъсир учун рақобат, шунингдек, Ғарб давлатларининг ҳакерлик фаолиятида айбловлари фонида содир бўлмоқда. Хитой армиясининг денгиз тадқиқотлари академиясининг собиқ катта илмий ходими Сао Вейдонг сўзларига кўра, ўзгаришлар қуролли кучларнинг урушнинг «ахборот» шароитларига тайёргарлигини оширишга қаратилган.

Стратегик қўллаб-қувватловчи кучларнинг аввалги қўмондони Цюй Цяншэн ўтган йилнинг ўрталарида омма олдига чиқишни тўхтатди. 2023 йилда Хитой ҳукумати армияда кенг тарқалган коррупцияни аниқлагандан сўнг, юқори қўмондонлик таркибида кенг кўламли «тозалашни» амалга оширди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид