17:17 / 01.05.2022
58381

«Ўзбекистон ҳарбий техникаларни Афғонистонга қайтармоқчи эмас» — Исматулла Иргашев

2021 йил августида Афғонистонда толиблар ҳокимиятга келиши фонида собиқ ҳукумат ҳарбийлари ушбу ҳарбий учоқлар билан Ўзбекистонга қочиб ўтганди. Авиатехникалар АҚШ ҳукумати пулига сотиб олингани учун АҚШга қайтарилади.

Кадр: YouTube / Америка Овози

Ўзбекистон ҳукумати Афғонистондан мамлакат чегарасини бузиб ўтган ҳарбий учоқларни АҚШ мулки бўлгани сабабли уларга қайтаришни режалаштирмаяпти. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев «Америка овози»га берган интервьюсида маълум қилди.

Ташқи ишлар вазири ўринбосари Афғонистоннинг собиқ ҳукумати ҳарбий учувчилари ўшанда чегарани бузиб ўтгани ва бу ҳолат юзасидан суд бошлангани, суд жараёни тугаганидан сўнг, АҚШ Ўзбекистон ва Тожикистондан техникаларни олиб чиқиб кетишини маълум қилди.

«Ўша кунларда кўплаб ҳарбий учувчилар чегарадан учиб ўтишди, қочишди Афғонистондан. Шуни айтишим керакки, уларнинг Ўзбекистонга келиши ғайриқонуний эди, яъни улар Ўзбекистон ҳаво чегарасини бузиб, рухсатсиз киришган. Бу ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилган, улар учиб келган воситалар қамоққа олинган. Бу борада суд қарори чиқарилиши керак.

Мана шу қарор чиқарилганидан кейин Америка Қўшма Штатлари бу учоқларни, самолёт ва вертолётларни олиб кетади. Чунки Америка томони берган расмий мактубга кўра, бу учоқларнинг ҳаммаси Америка ҳукуматининг молидир. Улар ҳозирда бу учоқларни ўрганиб, текшириб чиқишмоқда, шундан кейин уларнинг ҳаммаси, ўйлайманки, Ўзбекистондан ҳам, Тожикистондан ҳам олиб кетилади», — деган Иргашев.

Нашр мухбири «Толибон» томонидан бу авиация воситаларини қайтариш бўйича расмий Тошкентга талаблар бўлгани ҳақидаги хабарлар юзасидан изоҳ сўраган.

«Бундай мурожаат бўлган, лекин бундай мурожаат бўйича анча аввал гаплашганмиз. Мен ўзим бевосита «Толибон» ҳукумати раҳбарлари билан учрашиб, бу масалага ойдинлик киритганман. Биринчидан, бу ҳолат бўйича жиноят қўзғатилган, учоқлар қамоққа олинган ва фақатгина суд қарори билан озод этилиши мумкин.

Иккинчидан, Америка Қўшма Штатлари ҳукуматининг расмий мактубига биноан, бу учоқларнинг барчаси Америка ҳукумати пулига сотиб олинган ва вақтинча Афғонистон ҳарбий кучларига берилган. Ашраф Ғани ҳукумати бу учоқлар учун бир доллар ҳам тўламаган. «Собиқ ҳукуматни молиялаштиришни ҳам биз амалга оширардик. Уларнинг маошини биз берганимиздан кейин уларнинг учоқларни сотиб олиш учун қанақа бўларди?» деган гаплар бор мурожаатда.

Биз бу гапларни толибларга етказдик. Улар бир қисмини бўлса ҳам қайтариш имконияти ҳақида сўрашди. Агар бу уларнинг моли бўлганида, суд қарори чиққач, уларга қайтариб берган бўлардик», — деган вазир ўринбосари.

Дипломат ҳолат юзасидан суд жараёни нима учун кўп вақт олаётганига ҳам изоҳ берган.

«Бу оддий жараён эмас. Ҳамма томондан ўрганиб чиқилиши керак. Ўйлайманки, бу, албатта, ҳал этилади», — дея таъкидлаган Иргашев.

  • Эслатиб ўтамиз, 16 август куни Ўзбекистон Бош прокуратураси мамлакат ҳаво маконини ичида 585 нафар афғон ҳарбий хизматчиси бўлган 22 та ҳарбий самолёт ва 24 та вертолёт кесиб ўтгани тўғрисида хабар берилганди. Тожикистонга эса 18 та ҳарбий техника орқали 140−150 киши ўтган. 2021 йил сентябр ва ноябр ойларида учувчилар ва уларнинг оила аъзолари аввалига БААга, кейин АҚШга олиб кетилган.
  • 2022 йил январ ойи бошида толиблар ҳукуматида мудофаа вазири в.б. бўлган Мавлавий Муҳаммад Ёқуб Мужоҳид Ўзбекистон ва Тожикистондан авиатехникаларни қайтаришни талаб қилганди. «Тожикистон ёки Ўзбекистонда бўлган самолётларимиз қайтарилиши керак. Биз бу самолётлар чегараларимиздан ташқарида қолиши ёки бу мамлакатлар томонидан фойдаланилишини истамаймиз», — деганди у.
  • АҚШ мудофаа вазирлиги «Америка Овози»га берган маълумотида Ўзбекистон ҳам, Тожикистон ҳам самолёт ва вертолётларни Афғонистонга қайтармоқчи эмаслигини тасдиқлаган. Шу билан бирга Америка томони ҳамон бу авиатехникалар тақдири бўйича якуний қарорга келмаган.
Top