07:42 / 05.05.2022
38258

«Азовстал»да: украин ҳарбийлари бир муддат «йўқолиб қолди», Шойгу ҳудуд блокланганини айтди

Украинада уруш ҳамон давом этмоқда. Узоқ вақт урушнинг энг қайноқ нуқтаси бўлиб келган Мариуполдаги «Азовстал» заводи яна ўт ичида қолди. Россия навбатдаги марта Мариуполни тўлиқ эгаллаганини, тўғрироғи «озод этилгани»ни эълон қилди.

Фото: РИА Новости

Путин «пашша ҳам учиб ўтмаслигини» буюрганди

Россия президенти Владимир Путин 21 апрел куни Сергей Шойгу билан Кремлда учрашган ва «Азовстал» заводи ҳудудида ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга буйруқ берганди. «Ертўлаларда эмаклаш шарт эмас. Ҳудудни блокланг, шундай қилингки, пашша ҳам учиб ўтолмасин», деганди Путин.

Путин ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга буйруқ берган бўлса-да, завод ҳудудида бир неча марта отишма содир бўлди, заводдан портлаш аломати бўлган қора тутун чиқди. Россия томони «Азовстал» ҳудудида бир неча марта гуманитар коридор учун ўт очиш режими тўхтатилганини эълон қилганининг ўзи ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилмаганидан далолат эди.

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу 4 май куни чиқиш қилиб, Мариупол тўлиқ Россия армияси назоратига ўтганини навбатдаги марта маълум қилди. «ДХР ва ЛХРнинг миллатчилардан озод қилинган жойларида, хусусан, Мариуполда ҳам одамлар тинч ҳаёт тарзига қайтди. Ҳудуд Россия армияси назоратида», деди Шойгу. Унинг айтишича, «Азовстал» заводи ҳудудида қолаётган украин ҳарбийларига қуролни ташлаб, таслим бўлиш яна бир бор таклиф этилган, аммо улар таклифни рад этган.

Шойгу Путиннинг топшириғига биноан «Азовстал» заводи тўлиқ блоклангани, Украина армиясига ёрдам бериш учун мамлакат ҳудудига кирган ҳар қандай НАТО транспорти йўқ қилинишини айтди.

Завод ҳудуди блокланган бўлса ҳам, у ердан тинч аҳоли вакилларини олиб чиқиш давом эттирилади. Россия томонининг маълум қилишича, 5, 6 ва 7 май кунлари соат 08:00 дан 18:00 гача «Азовстал»дан тинч аҳоли вакиллари эвакуация қилинишига имкон берилади.

Украина томони маълумоти

Украина томонининг ахборотига кўра, Россия армияси аскарлари «Азовстал» ҳудудига кирган. Икки томон музокараларидаги Украина томони етакчиси Давид Арахамия ҳам бу маълумотни тасдиқлади. Куннинг биринчи ярмида завод ҳудудида қолаётган украиналик ҳарбийлар билан алоқа узилиб қолди. Бу ҳақда Мариупол мэри Вадим Бойченко маълум қилди. Бир неча соат ўтиб эса ҳарбийлар яна алоқага чиққан. Украина томонининг маълум қилишича, охирги икки кунда «Азовстал»га штурм яна давом эттирилган. Ҳозирда завод ертўлаларида 200 дан ортиқ тинч аҳоли вакиллари бўлиб турибди.

Украиналик ҳарбийларнинг маълумот беришича, россиялик аскарлар «Азовстал» заводини эгаллаш учун навбатдаги марта штурмни бошлаган вақтда танклар ва пиёда аскарлар билан ҳаракат қилган. Улар Россия томонини эвакуация жараёнига халақит беришда айблаган. Украина ҳарбийларига кўра, завод ертўласида жойлашган госпитал бомбардимон қилингач, у ерда қолаётган одамлар қийин ҳолатда қолган. Тиббиёт воситалари етишмовчилиги ҳам кузатилмоқда. Украина ҳарбийларига кўра, завод ҳудудида 500 нафарга яқин ҳарбийлар турли даражада яраланган. Уларни операция қилиш учун эса ҳеч қандай шароит йўқ. Россия армияси украин ҳарбийларига таслим бўлиб, қуролларни топширган тақдирдагина керакли тиббий ёрдам кўрсатишини маълум қилган.

Озиқ-овқат ва сув билан боғлиқ муаммо завод ҳудудида анчадан буён давом этмоқда. Украина армияси Россия томони тўлиқ назорат қилаётганини айтган бўлса-да, Мариуполнинг камида 30 фоиз қисмини назорат қилишда давом этаётганини таъкидлаган.

Мариупол янгиликларини бериб бораётган украин тилидаги Telegram-каналларда 3 май куни «Азовстал» заводи ҳудудида ҳарбий ҳаракатлар содир бўлгани акс этган видеолар тарқалди. Уларда завод атрофида Россия армияси танклари ҳаракатланаётганини ҳам кўриш мумкин.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top