18:26 / 05.05.2022
13249

Сирдарё вилоятида содир бўлган сув тошқинида 2 та кўп қаватли уй-жой бутунлай яроқсиз ҳолатга келган

Бахт шаҳарчасида уй-жойидан айрилган 22 та оилага уй-жой сотиб олиш учун 2 миллиард 500 миллион сўм маблағ ажратилади.

Жорий йил 15 март куни ёғган ёмғир оқибатида Сирдарё тумани Бахт шаҳарчасида аввалроқ бузиб қайта қурилиши режалаштирилган 2 та кўп қаватли уйни сув босган ва улар умуман яшаб бўлмайдиган ҳолатга (авария) келган. Ўшанда ушбу кўп қаватли уйларда яшаётган 22 та хонадон эгалари бошқа жойларга вақтинча кўчирилганди.

Сирдарё тумани ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ушбу кўп қаватли уй-жойларни бузиб ўрнига янгисини қуриш ишлари узоқ муддатни талаб қилишини инобатга олиб тегишли қарор қабул қилган.

Қарорга кўра, ҳозирда бошпанасиз қолган 22 та хонадон эгаларини қисқа муддатда уй-жойлар билан таъминлаш мақсадида янгитдан қурилиши режалаштирилган кўп қаватли уй-жойларни қурмасдан, қурилиш учун ажратилиши режалаштирилган маблағ ҳисобидан, хонадон эгаларининг розилиги билан майдони олдинги уйнинг майдонидан кам бўлмаган уй-жойлар сотиб олишга рухсат берилган.

Қайд этилишича, Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қарори билан, вилоят ҳокимлигининг депозит ҳисобрақамидаги маблағлар ҳисобидан уйсиз қолган фуқароларга 22 та уй-жойларни сотиб олиш билан боғлиқ харажатларга Сирдарё тумани ҳокимлигининг депозит ҳисобрақамига 2 миллиард 500 миллион сўм маблағ ўтказилиб берилади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 16 март куни сурункали ёмғирлар оқибатида Бахт шаҳарчасидаги кўплаб хонадонларни сув босган, одамлар хавфсиз жойларга кўчирилганди.

Top