11:26 / 18.05.2022
34317

Мариупол ҳимоячилари «Азовстал»дан чиқмоқда. Бу капитуляциями ёки омон қолиш операцияси?

16-17 май кунлари фронтда жиддий ўзгариш кузатилди. Дастлаб Россия пропагандачи сайтлари ва телеканалларида «Азовстал»дан яраланган ҳарбийлар олиб чиқила бошлагани хабар қилинди. Кўп ўтмай Украина Мудофаа вазирлиги бу маълумотни тасдиқлади. Президент Зеленский одатий кечки мурожаатида ҳам эвакуация ҳақида маълумот берди.

RUSSIAN DEFENCE MINISTRY/REUTERS

Украина бош штаби Мариупол ҳимоячиларига энди фақат тирик қолиш топшириғи берилганини маълум қилди. «Азовстал» стратегик муҳим бўлган Азов денгизи бўйидаги Мариупол шаҳрининг омон қолган ягона қалъаси эди. Айнан шу ерда украиналик аскарлар, хусусан, «Азов» полкининг жиддий қаршилигига учраган рус ҳарбийлари кўп вақт ва аскар йўқотишди. Хўш, завод ертўлаларидаги барча аскарлар чиқиб кетса, Мариупол тўлиқ Россия назоратига ўтган бўладими?

Энг кўп қийналган шаҳар қалъаси

24 феврал куни Россия армияси Украинага бостириб киргандан буён кўп минглаб украинлар ҳалок бўлди. Энг оғири шуки, украиналиклар қанча одам ўлганини ҳисоблаб ҳам чиқолмаяпти, чунки қурбонлар сони жуда кўп бўлгани айтилаётган ҳудудларнинг аксари ҳамон Россия армияси назоратида. Вафот этганларни дафн этиш ҳам муаммога айланган.

Тинч аҳоли вакиллари энг кўп эзилган шаҳарлардан бири Мариупол бўлди. Бу шаҳарда деярли бутун бино қолмаган. Шаҳарда 20-25 минг атрофида одам қурбон бўлгани айтилмоқда. 24 феврал куни Россия босқини бошланган бўлса, 25 февралдан «Азовстал» ертўлаларида бомбапанагоҳлар ташкил этилиб, тинч аҳоли вакиллари шундай жойларда яшай бошлади. Бир неча қаватли ертўлалардан иборат завод ҳудудида эса жами 12 минг киши бомбалардан сақланиши мумкинлиги айтилган.

«Азовстал» доимий равишда россиялик ҳарбийлар томонидан ўққа тутилган

18 мартдан бошлаб россиялик ҳарбийлар заводга штурм уюштириб, уни эгаллашга ҳаракат бошлади. Аммо ҳалигача бу ишнинг уддасидан чиқа олишгани йўқ. Путин 21 апрел куни Россия мудофаа вазири Сергей Шойгуга «Азовстал»ни штурм қилишни бас қилишни, у ердаги ертўлаларда эмаклаб юриш шарт эмаслиги бўйича топшириқ берди. «Ҳудудни блокланг, шундай қилингки, пашша ҳам учиб ўта олмасин», деди Россия президенти. Аммо бу буйруқдан кейин ҳам завод ҳудудида отишмалар тўхтамади.

Охир-оқибат «Азовстал»да бўлган «Азов» полки асарлари, Украина армияси ҳарбийлари, чегарачилар ва денгиз пиёдалари завод ҳудудидан чиқишга мажбур бўлишди – уларнинг кўпчилиги ярадорлар. Чунки уларга борадиган таъминот буткул узилган, дори-дармон, озиқ-овқат ва ичимлик суви бормай қўйган. Завод ҳудудида бўлган барча касалхоналар портлатилган. Мариупол ҳимоячилари номини олган заводдаги ҳарбийлар Украина ҳукумати буйруғини бажариб, Россия назоратидаги Новоазовскдаги касалхонага боришга рози бўлганини маълум қилишди.

Украина президенти Володимир Зеленский ҳарбийларнинг заводдан олиб кетилиши – «уларни қутқариш операцияси» доирасида амалга оширилганини айтди. Россия томони эса буни капитуляция деб атамоқда. Икки томондан янграётган баёнотлар ҳам бир-биридан фарқ қилади.

Маълум бўлишича, 17 май куни яна 300 нафар украиналик ҳарбийлар завод ҳудудидан олиб чиқилган. Улар орасида 50 нафар оғир ярадорлар ҳам бор. Улар айни дамда Россия назорат қилаётган Донецк яқинидаги Оленевка қишлоғида жойлашган қамоқхонага олиб кетилган. Ярадорлар касалхонага олиб кетилиши айтилмоқда, чунки украиналик ҳарбийлар фақат шу шарт билан заводдан чиқишга рози бўлганди.

17 май куни кечқурун ҳам бир неча автобусда украиналик ҳарбийлар заводдан россияликлар қўриқчилигидаги олиб кетилди
Фото: Reuters

«Азовстал»дан олиб чиқилган ҳарбийларнинг тақдири эса номаълумлигича қолмоқда. Аввалроқ Украина уларни асирлар алмашинуви доирасида россиялик ҳарбий асирларга алмашиши маълум қилинганди. Аммо музокараларда Украина томонидан қатнашган Олий Рада депутати Кира Рудикнинг айтишича, алмашиш механизми ҳали ишлаб чиқилгани йўқ.

Депутатнинг айтишича, Украина ҳарбийларини учинчи давлатга, масалан Туркияга олиб кетишни истайди, аммо Россия бунга рози бўлмаган. Украина ўз ҳарбийлари билан ҳеч нима содир бўлмаслиги борасида Қизил Хоч ва БМТдан кафолат олган. «Бу ягона йўл эди, чунки аскарлар охиригача туриб беришмоқчи эди», дейди депутат.

Украина томонининг маълум қилишича, завод ҳудудида қолган ярадорлар жароҳатини даволашга шароит бўлмаганидан касаллик бутун танага тарқалмаслиги учун кўпчиликнинг қўли ёки оёғи кесиб ташланган.

«Ҳақиқий концлагер»

Кечга бориб Оленевкадаги қамоқхонага украиналик ҳарбийлар бўлган яна еттита автобус борган.

Мариупол мэри маслаҳатчиси Петро Андрюшченко ўз телеграм каналида Оленевкадаги қамоқхонани «Россия XXI аср ўртасида Европа ўртасида яратган ҳақиқий концлагер» деб атаганди. Маслаҳатчининг айтишича, қамоқхонада украиналиклар ноинсоний шароитларда сақланади, тиббий ёрдам кўрсатилмайди, ҳар куни овқат берилмайди. «У ерда ҳарбийларнинг яқинлари, собиқ ҳарбийлар, фаоллар, журналистлар ва шунчаки шубҳали кўринган одамларни сақлашади», деб ёзган Андрюшченко.

Россия томони ҳозирча бу маълумотларга изоҳ бергани йўқ.

Фарқли баёнотлар

Икки давлат «Азовстал»дан украиналик ҳарбийлар чиқишини икки хил талқин қилмоқда. Россия бу жараённи асирга тушиш деб таърифлаяпти. «Кеча «Азов» миллатчи бўлинмаси жангариларининг блокланган «Азовстал» заводидан асир тушиш жараёни бошланди», деди Россия мудофаа вазирлиги расмий вакили Игор Конашенков. Россия пропаганда нашрларида ҳам «капитуляция» ва «украиналик ҳарбийлар таслим бўлишди» каби ибораларни кўриш мумкин.

Украина томони эса бу ҳолатни ҳарбийлар ҳаётини қутқариш операцияси демоқда. Зеленский «Азовстал»дан олиб чиқилган ҳарбийларни қаҳрамонлар деб атади. «Украина ҳарбийлари – Қуролли кучлар, разведка ва халқаро Қизил Хоч, БМТ ташкилотлари ёрдамида йигитларнинг жонини сақлаб қолишга умид қиламиз. Украина қаҳрамонлари мамлакатга тирик ҳолатда керак. Бу бизнинг принципимиз, соғлом фикрлайдиган ҳар қандай одам буни тушунади», деди Зеленский.

Украина президентининг сўзларидан ҳам аскарлар келажакда тирик қолиши 100 фоиз аниқ эмаслиги билинади. Украина бош вазири ўринбосари Ирина Верешчук асирлар алмашинуви бўйича Украина томонидан масъул ҳисобланади. Унинг айтишича, «Азовстал»дан олиб чиқилганлар бўйича асирлар алмашинуви доирасида ишлар давом эттирилади. Завод ҳудудида 1000 нафардан ортиқ украиналик ҳарбий қолгани айтилганди.

Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр ҳарбийларни шу тарзда олиб чиқиш ягона йўл бўлганини айтди. Чунки улар оддий бирламчи тиббий ёрдам ҳам ололмай узоқ вақтдан буён қийналаётган эди. «Афсуски, «Азовстал»ни ҳарбий йўл билан қайтиб олиш имконсиз», деди вазир ўринбосари.

«Азовстал»дан олиб чиқилган украиналик ҳарбийлар тақдири номаълумлигича қолмоқда. Фото: EPA

Россия нима қилмоқчи?

Кремлнинг бу борада режалари аниқ эмас. Путиннинг расмий вакили Дмитрий Песков ҳарбийларга халқаро ҳуқуқларда белгиланган тартибда тиббий ёрдам кўрсатилишини маълум қилган бўлса-да, мамлакатдаги юқори минбарларда уларни отиб ташлаш ҳам таклиф қилинмоқда. Вафот этган Жириновский ўрнига ЛДПР партиясини бошқариб турган Леонид Слуцкий «Азовстал»дан олиб чиқилган ҳарбийларга нисбатан Россияда мавжуд бўлмаса-да, истисно тариқасида ўлим жазоси қўллаш кераклигини айтди. Давлат Думаси спикери Владимир Володин эса «Азовстал»дан чиққанлар асирлар алмашинуви жараёнига киритилмаслиги кераклигини таъкидлади.

Мариупол қўлдан кетдими?

Россия қўшинлари катта куч ташланган бўлса-да, «Азовстал»ни икки ой давомида қўлга кирита олмади. Шу сабаб улар Мариупол тўлиқ эгаллангани ҳақида эълон қила олишмаётганди. Завод ҳудудидан Мариупол ҳимоячилари олиб чиқила бошлагани эса амалда рус армияси шаҳар устидан тўлиқ назорат ўрнатишини англатади. Руслар Мариуполни «озод қилишгани» ҳақида ҳозирча эълон қилишмади, аммо завод ҳудудидан охирги аскар олиб кетилса, бу катта воқелик сифатида нишонланиши ҳақиқатга яқин.

Украина ҳукумати Харковда муваффақият қозонган бўлса-да, амалда стратегик муҳим шаҳар бўлмиш Мариуполни бой берди. «Азовстал»да икки ой мудофаани таъминлаб турган украиналик ҳарбийлар эса Украина армияси учун жуда керак бўлган вақтни ютиб беришди. Бу вақтда мамлакат Ғарбдан қурол олди, қўшимча ҳарбийларни тайёрлашга улгурди. Шу билан бирга жанубдаги муҳим йўлак тўлиқ Россия армияси назоратига ўтишига йўл қўймади. Қўшимчасига доимий тарзда бир гуруҳ рус ҳарбийлари завод атрофида туришга мажбур бўлди. Шу сабаб қарийб 100 йиллик тарихга эга, 2014 йилги урушда Украина ҳарбийлари томонидан муваффақиятли мудофаа қилинган «Азовстал» бу галги катта урушда босқинга қарши чиқаётган Украина армиясининг рамзий қалъасига айланди.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top