09:04 / 02.06.2022
22043

Буюк Британия Украинага M270 ракета тизимларини жўнатмоқчи 

Лондон Киевга АҚШда ишлаб чиқарилган M270 MLRS ракета тизимларини етказиб бермоқчи. Улар Вашингтон Украинага жўнатмоқчи бўлган HIMARS ялпи ўт очиш реактив тизимларига ўхшаш хусусиятларга эга.

Фото: Getty Images

Буюк Британия Украинага Вашингтон Киевга бермоқчи бўлган HIMARS ялпи ўт очиш реактив тизимлари (ЯЎРТ)га ўхшаш АҚШнинг M270 ракета тизимларини етказиб беради. Бу ҳақда Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллеснинг баёнотида айтилган, деб хабар бермоқда CNN 2 июнь, пайшанбага ўтар кечаси. 

Бу ҳаракат Вашингтоннинг Украинага HIMARS тизимини тақдим этиш ҳақидаги қарори билан «яқиндан мувофиқлаштирилган», деди у. Уоллес, шунингдек, Россиянинг тактикаси ўзгарган сари Украинани қўллаб-қувватлаш ҳам ўзгариши кераклигини таъкидлади. 

Аввалроқ Politico интернет нашри ўз манбасига таяниб, худди шундай хабар берган эди. Манбага кўра, Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон 1 июнь куни эрталаб АҚШ президенти Жо Байден билан ушбу масалани муҳокама қилган, 2 июнь куни эрталаб эса Буюк Британия ташқи ишлар вазири Лиз Трасс ва АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ўртасида худди шу мавзуда суҳбат бўлиб ўтади. «Қурол экспортини тартибга солувчи қоидаларга кўра АҚШ бу ҳаракатни расман маъқуллаши керак, бироқ Байден маъмурияти уни мувофиқлаштириб олади», деб ёзади нашр. 

Politico маълумотларига кўра, HIMARS ва M270 MLRS ўхшаш имкониятларга ва ўт очиш масофасига эга, аммо HIMARS енгилроқ версия бўлиб, ғилдиракли шассида 80 км/соат тезликда ҳаракатланади. Ундан фойдаланганда украиналиклар Россия дронлари уларни аниқлай олгунча ўт очиш ҳамда яшириниш имкониятига эга бўлади, дея тушунтирган нашр. 

M270 MLRS гусеница (ғилдирак вазифасини ўтовчи кенг занжир тасма)да ҳаракат қилади, яъни у HIMARS’га қараганда секинроқ. Аммо шу билан бирга, HIMARS бир вақтнинг ўзида олтита ракетани, M270 MLRS эса ўн иккита ракетани учириши мумкин. 

M270 ракеталари тахминан 80 км масофадаги нишонларга зарба бера олади. Охирги бир неча ҳафта ичида ракеталар радиуси Украинага қурол етказиб бериш бўйича мунозараларда ўзига хос тўсиққа айланди. Бир қатор Ғарб давлатлари расмийлари Киевни Россия ҳудудига зарба бера оладиган ракеталар билан таъминлаш Россия президенти Владимир Путинни можарони кучайтириш, жумладан кимёвий ва ҳатто ядро қуролини қўллашига туртки бериши мумкинлигидан хавотирда. 

31 май куни АҚШ президенти Жо Байден The New York Times газетаси рукнида Вашингтон Украинага тўртта HIMARS ялпи ўт очиш реактив тизимини жўнатиш ниятида эканлигини маълум қилди. 

Байденнинг мақоласи эълон қилингандан сўнг, АҚШ президенти маъмуриятининг юқори мартабали амалдорларидан бири Украина бу қуролларни фақат ўз ҳудудида қўллашини ва Россиядаги нишонларни уриш учун мўлжалланмаганини таъкидлади. Маълум қилинишича, Украинага юбориладиган қурилма тури 80 километргача бўлган масофадаги нишонларни уришга қодир. 

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top