14:14 / 03.06.2022
29189

Камбағалликка қарши кураш: нима тўғри, нима нотўғри бўляпти? — Беҳзод Ҳошимов билан суҳбат

“Камбағалликни қисқартириш учун қабул қилинаётган ҳар хил дастурлар бизни асосий мақсаддан чалғитяпти. Камбағалликка қарши курашнинг энг яхши йўли – иқтисодий ўсиш ва нақд пулда бериладиган манзилли ёрдамлардир”, дейди иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Kun.uz'га берган интервьюсида.

Суҳбатимиз май ойи охирида Бухорода ўтказилган Ўзбекистон Камбағалликни қисқартириш халқаро форуми доирасида бўлиб ўтди. АҚШда истиқомат қилувчи, Висконсин университети докторанти бўлмиш Ҳошимов бу форумдаги сессиялардан бирида модератор сифатида иштирок этди.

Беҳзод Ҳошимов — Ўзбекистонлик иқтисодчи ва жамоат фаоли. «Иқтисодчи кундалиги» блоги, YouTube’даги Hoshimov’s Economics (Ҳошимов Иқтисодиёти) видеоблоги муаллифи. У Дарон Ажемўғли ва Жеймс Робинсоннинг «Мамлакатлар таназзули сабаблари: Қудрат, фаровонлик ва камбағаллик манбалари» китобининг ўзбекча таржимасига муҳаррилик қилган. «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ўтказган сўровнома натижаларига кўра? Ўзбекистон блогерлар ва инфлюенсерларининг 30 талик рўйхатидан жой олган. Беҳзод Ҳошимов Марказий Осиё ишлари бўйича Оксус жамияти, Америка Иқтисодчилар Ассоцияцияси ва АҚШдаги Стратегик менежмент жамияти аъзоси. АҚШ Патент ва Товар белгилари идорасидан иқтисодий модел патенти соҳиби ва Халқаро иқтисодиёт олимпиадаси (IEO) ҳакамлар ҳайъати аъзоси. У айни вақтда Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет масалалари қўмитаси ҳузуридаги экспертлар кенгаши ва «Микрокредитбанк» кузатув кенгаши аъзоси ҳисобланади.

— Бу каби форумлар муаммолар ечимига яқинлаштирадими, ўзи уларни ўтказишдан мақсад нима?

— Ҳамма форумлар ҳақида бир хил гап айтолмайман. Конференция, форум каби фикр алмашиш майдонларининг жуда ҳам олийжаноб мақсадлари бор – мутахассислар, олимлар, экспертларни бир майдончага жамлаб, уларга қандайдир масалани бериш. Ўзбекистонда камбағаллик мавжуд ва уни қандай ечса бўлади, қандай тажрибаларни ўргансак бўлади ва келажакда иқтисодий сиёсатни тузаётганимизда бошқа жамиятлар қилган хатоларни қилмаслик каби масалалар кўтарилиши учун бундай форумларнинг фойдаси бор, десам бўлади.

Кейинги қадамларда, биз иқтисодий камбағалликка қарши курашиш сиёсати устида ўйлаётганимизда форумда янграган мутахассислар фикрини ишлата оламиз. Агар ҳақиқий мутахассислар фикрини эшитсангиз, улар бир неча йиллик хатолар ва неча миллиардлик йўқотишлар олдини олиш борасида маслаҳат беришади.

Илмга ёндашиб сиёсат олиб боришнинг яхши тарафи шундаки, олдинги жамиятлар қилган хатоларни такрорламайсиз. Бундай майдонларнинг афзалликлари қисқа вақт ичида бир неча одамларнинг бир масала юзасидан фикрлашга ва берган таклифларини таҳлил қилиш имкониятига эга бўласиз.

Форумларнинг самарали ёки самарасиз ўтишида бир муҳим критерия бор – агар сиз ҳаммани форумга чақириб, бизда ҳаммаси зўр, ҳеч қанақа муаммомиз йўқ, дейдиган бўлсангиз, бундай форумлар самарасиз бўлади. Муаммолар бор ва уларни қандай ечсак бўлади, деб сидқидилдан гапирсангизгина ўша халқаро экспертлар сизга таклиф бериши мумкин.

Касал бўлиб, шифокорларнинг олдига борсангиз, ўзингиздаги муаммоларни айтасиз ва шифокор сизга ташхис қўяди. Лекин сиз докторга бориб, менда ҳаммаси яхши, бир неча йилдан бери ўзимни яхши ҳис қиляпман, десангиз, бундан фойда йўқ. Назарияда форумларнинг фойдаси борми десангиз, жавоб – ҳа, ҳамма форумлар ҳар доим фойдалими десангиз, жавоб – йўқ.

Бу форумнинг ҳамма сессияларида қатнаша олмадим, чунки 2та сессия бир пайтда бўлади, иккинчидан, айрим сессияларда модераторлик қилганим учун тайёрландим. Иккита фикр эшитдим: Ўзбекистонда ҳаммаси яхши, мана шундай нарсалар қилиб келяпмиз, деб ўзимизни мақтаганимиз ҳам бўлди, лекин муаммолар ҳақида самимий суҳбатлар ҳам бўлди.

Хулосам, бизда ҳеч қачон муваффақият, яхши нарсалар бўлмади, дея олмайман, балки қилинган нарсалар ҳақида гапириш керакдир, аммо экспертлардан фикр эшитмоқчи бўлсак, уларга ютуқларимиз ҳақида гапириш маънога эга эмас. Танқидий таҳлил эшитишимиз керак, мақтов учун бошқа платформалар бор.

— Камбағалликни қисқартириш иқтисодий ўсишга тенг, деган назарияга кўп тўхталасиз. Бунинг учун эса савдодаги тўсиқлар олиб ташланиши керак, деб ҳисоблайсиз. Камбағалликка савдодаги тўсиқларнинг боғлиқлиги қандай?

— Ҳар доим ихтиёрий мамлакатда, айниқа, Ўзбекистонда камбағаллик муаммоси иқтисодий ўсишга тенг. Агар биз иқтисодий ўсишга эришсак, албатта, шартли равишда камбағаллик қисқариб боради. Жамиятда ресурслар кўп бўлса, у жамиятнинг қийналган аҳолига ёрдам бериш имкониятлари ҳам кўп бўлади.

Ҳамма бой бўлса, қийналган одамларга ёрдам беришга имкониятларимиз кенгаяди. Ресурсларимиз кам бўлса, кимга қандай ёрдам берамиз – бу биринчи масала.

Камбағалликка қарши кураш деганда, қандай қилиб ногиронларга, бева аёлларга пул тарқатиш тизими ҳақида эмас, ёмон иқтисодий аҳволдан яхши иқтисодий аҳволга олиб чиқиш ҳақида қайғураман ва айтиб келаман. Камбағалликни қисқартириш ва иқтисодий ўсишга эришиш – айни тушунчалар, уларнинг фарқи йўқ.

Савдога чекловлар ҳақида гапирадиган бўлсак, эркин савдога бўлган божлар, нотариф барьерлар, логистик чекловлар – ҳаммаси зарар, зарар ва зарар. Бу дегани мамлакатимизнинг иқтисодий кўламини қисқартирувчи чоралар.

Албатта, камбағаллик ҳақида қайғурсак, иқтисодни қисқартирувчи чораларни кўрмаслигимиз керак. Улардан бири бу – савдога тўсиқлар.

Агар камбағаллигимизга сабаб фақат савдога тўсиқларми, десангиз, жавоб – йўқ. Савдога тўсиқлар қабул қилинган ва қабул қилинаётган қарорларнинг натижаси ва оқибати. Молиявий нуқтайи назардан қийналган, яъни камбағал инсонларнинг истеъмоли жуда ҳам савдо чекловларига боғлиқ. Қанақа маънода? Кам пул топадиган инсонларнинг ягона мақсади – ўзи ва болаларининг қорнини тўйғазиш, яъни етарли миқдорда калория истеъмол қилиб жон сақлаш. Уларнинг даромади асосий қисми озиқ-овқат сотиб олишга кетади. Озиқ-овқат масаласида савдога чеклов қўйиш ўша одамларнинг даромадини қисқартиради.

Дейлик, камбағал одам 100 сўм пул топса, 90 сўмини озиқ-овқатга ишлатади. Савдога чекловлар туфайли 90 сўмлик озиқ-овқати 99 сўм бўлиб қолади. Бу уларнинг шароитини кескин ёмонлаштиради. Лекин бой одам 1000 сўм топса, 300 сўмини озиқ-овқатга сарфлайди. Бож ошса, уларга атиги 10 фоизга ошади – 330 сўм, нисбий равишда нарх даромадига нисбатан сезиларсиз ошади. Шунинг учун камбағал инсонларга бундай чекловлар жуда сезиларли бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, божлар иқтисодий ўсишга тўсқинлик қилади, иккинчидан, тариф ва нотариф барьерлар камбағалларнинг аҳволини янада ёмонлаштиради. Шартли инфляция ҳақида гапирсак ҳам, камбағалларга инфляциянинг таъсири кучлироқ бўлади. Шунинг учун бу нарса жуда муҳим.

— Савдога чекловлар кейинги йилларда аксинча ошиб боргандек. Камбағалликни қисқартиришни мақсад қилган Ўзбекистон савдога чекловларни юмшатиши керак эмасмиди?

— Керак эди. Лекин камбағалликка қарши кураш билан божлар битта иқтисодий сиёсатнинг ғоясида бўлаётган масала эмас. Уларни бир-биридан алоҳида ҳаракат қилиб келаётган механизмлар десак бўлади, бизда божларни оширишяпти – камбағалликни кўпайтириш учун ҳам эмас, камайтириш учун ҳам эмас, балки бошқа мақсадларда. Лекин бу бевосита иқтисодиёт ҳажмига, камбағалларнинг аҳволига шу божлар албатта салбий таъсир қилмоқда.

Ўртача бож ошдими-ошмадими деб сўраяпсиз – ўртача божлар деганда яхши формуламиз йўқ. Чунки ўрта арифметик қиймат хато бўлади. Мамлакатда иккита товар бўлса, биттасига 10, яна бирига 100 фоиз бож бўлса, ўрта арифметик қиймат – 55 фоиз. Лекин бу маънога эга эмас. Чунки 10 фоиз бож қўйилган товарлар олиб кирилади, 100 фоиз бож қўйилган товарлар эса олиб кирилмайди.

Масалан, Ўзбекистонда машина ва шакар мавжуд дейлик. Машинага 100, шакарга 5 фоиз бож бор деб тасаввур қилайлик. Ўрта арифметик божимиз 55 фоиз бўлади. Бу маънога эга эмас, чунки биз машиналардан кўра шакарни кўпроқ истеъмол қиламиз. Энди тасаввур қилинг, биз шакарни машинадан кўра анча кўпроқ истеъмол қиламиз, шунда ўрта арифметик ҳисобласангиз, ўртача бож 5 фоиз бўлади. Машинага бож ошгани сари ўртача бож тушиб бориши мумкин, чунки одамлар машинани олиб кирмай қўяди. Бу формула бизга божлар ошдими, деган саволга яхши жавоб бера олмайди.

Исталган амалдор сизга божлар тушди дейиши мумкин, ё ўртача ҳисобланганини айтади ёки ўрта арифметикни айтади – ўзига қулай тарзда исталган натижани айтиши мумкин. Иккови ҳам маънога эга эмас.

Ўзбекистонда катта савдога чекловлар нотариф тўсиқлар орқали ҳам бўлади. Хабарингиз бўлса керак, утилизация йиғими бор; ёки қайсидир мамлакатда ишлаб чиқарилган дорини олиб кирмоқчи бўлсангиз, сиз “Ўзстандарт” деган агентликдан сертификация олиб келишингиз керак. Бу тариф эмас, лекин харажат. Қанча лицензиялар кўп бўлса, товар олиб кириш шунча қийин бўлади. Масалан, бирор давлат бошқа давлатга чекловни санитар қоидалар орқали қўллайди, санитар талабларга тўғри келмайди деган чекловлар мавжуд. Бундан ташқари, логистик чекловлар – Ўзбекистонда транспорт ва логистика масаласида давлатнинг ўрни катта бўлгани учун транспорт харажатлари катта, чунки четда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Ўзбекистонга олиб киришни булар қиммат қилиб қўяди. Шунинг учун умумий қилиб савдога тўсиқлар деган сўзни ишлатгим келади, чунки бож бу тўсиқларнинг биттаси.

— Ўзбекистонда ижтимоий ҳимояга муҳтожлар бандлигини таъминлаш учун уларга имтиёзли кредитлар ажратилиб, тадбиркорликка йўналтириляпти. Бироқ амалда бу ижобий натижа бермаётгандек. Буни товуқ боқиш можароларида ҳам кўрса бўлади. Шу борада фикрингиз қандай?

— Ўзбекистонда пулнинг нархи қиммат, яъни инсон кредит олиб нимадир иш бошлаши қиммат туради. Банкда фоизларни биламиз. Унинг устига, қандайдир кафолатлар беришингиз керак, бирор мулкингиз бўлиши керак кредит олиш учун. Ҳукумат шундай қарорга келдики, банкдан қарз оладиган қисмини солиқ тўловчилар ҳисобига қоплаймиз деб, чунки пулнинг нархи қиммат. Лекин иқтисодда бир принцип бор: текинга ҳеч нарса йўқ. Қайсидир нарсани арзонлаштириш, нимадирни қимматлаштириш эвазига бўлади.

Ҳозирги Ўзбекистондаги сиёсатнинг асосий маъноси шуки, кредитлар сиёсати ҳамма учун пулнинг нархини қиммат қилиб қўяди. Мавжуд пул маблағларидан қайсидир қисмини имтиёзлар учун берсангиз, умумий нарх чиқиши учун тижорий қисмининг нархи ошиши керак. Қандайдир баланс бўлиши керак.

Иккинчидан, молиявий институтлар қандай ишлайди – сиз улардан маблағ олмоқчи бўлсангиз, улар сизни тадбиркор сифатида ўрганади. Яъни сиз кредитни тўлай оласизми деб. Кейин сизга қарз бериш ёки бермаслик борасида бир қарорга келиши мумкин. Агар молиявий ташкилотлар сизга ёки шартли деҳқонга пул бермаслик қарорига келган бўлса, демак уларнинг рисклари сиздан оладиган фойдадан кўра баландроқ. Агар бу жараёнга давлат аралашиб, қарзни кимга бериш ёки бермаслик кераклигини ҳал қилса, демак давлат мавжуд ахборотни чалғитади.

Инсон ўзи ҳам билмайди кредитни тўлай оладими-йўқми, банкка боргандан кейин улар ўйлаб айтишади: “сизга бера оламиз, ёки йўқ”. Бунга давлат аралашса, рағбатларни нотўғри қўяди ва қурби етмайдиган одам ҳам ўша кредитни олишга имконияти бўлади.

Бу – маблағларни самарасиз тарқатиш билан бирга, ўша инсонларни билмаган ҳолда, баъзан хоҳламаган ҳолда жуда чуқур молиявий ўра ичига тушириб қўяди. Шунинг учун, ўйлайманки, кредит ва қарз пулларини тарқатишда давлат институтлари, айниқса, давлат ҳокимияти институтлари аралашмаслиги мақсадга мувофиқ. Шунда молиявий бозорда ресурслар тўғри тақсимланади.

— Ҳозир ҳукумат камбағалликни одамларни тадбиркор қилиш билан ҳал қилмоқчи. Бу борада фикрингиз қандай?

— Бизда масала – иш жойларини яратиш. Ҳукумат ўйлаяптики, одамларни тадбиркорликка ўргатсак, улар иш жойини яратади, деб. Ўзбекистондаги муаммо – нечта одам тадбиркор бўлиб ишлаши эмас, одамлар бор корхоналарини кенгайтира олмаслиги.

Ҳозир мавжуд хўжалик субъектларининг ва уларда ишлайдиган ишчилар сонини олинг. Битта корхонага 2тадан кўп ишчи тўғри келмайди. Яъни Ўзбекистонда ўртача фирманинг ҳажми – 2 киши. Бу дегани Ўзбекистонда одамлар тадбиркор бўлиши муаммо эмас, тадбиркорлар ўз ишини юритиб кетиши ва кенгайиши қийин.

Бизда ҳеч қачон тадбиркорлик қилмаган одамни тадбиркорликка олиб келиш масаласи кўриляпти. Ундан кўра, бошқа тадбиркорларга имкониятларни кенгайтириш керак. Қандай қилиб? Бозордаги рискларни камайтириш орқали.

Ҳозир одамларга кредит бериш муаммо бўлмасди, агар бу бошқа тадбиркорлар учун харажат бўлмаса. Сиз кимгадир имтиёзли кредит беряпсизми, мавжуд тадбиркорлар учун кредит нархи ошяпти, холос.

Дунё тажрибасидан келиб чиқсак, энг йирик компаниялар – энг кўп иш жойларини яратувчилар бўлади. Яъни уларда одам кўп ишлайди ва биринчи 5 йилда 90 фоиз тадбиркорлик субъектлари банкрот бўлади. Бу нормал нарса.

Ўзбекистонда камбағалликка қарши курашда асосий муаммо одамларни кўпроқ тадбиркор қилиш эмас, тадбиркорларни иложи борича самарали қилиш.

— Ўтган давр мобайнида камбағалликни қисқартириш учун турли чоралар кўрилди. Лекин уларнинг ҳаммаси ҳам самарали эмаслиги кўриниб қоляпти. Бу борада сиз қандай чоралардан воз кечилиши керак ва қайси чораларни қўллашни давом эттириш лозим, деб ўйлайсиз?

— Ихтиёрий махсус лойиҳалар асосий муаммомизни ечмаслигимизга сабаб бўлмоқда. Камбағалликни қисқартиришнинг ягона йўли – иқтисодий фаровонликни таъминлаш. Биз камбағалликни қисқартиришда қандайдир дастурлар, ижтимоий маблағларни тарқатиш билан ёндашсак, ўзимиз учун муаммони ҳал қилаётгандек ҳис қиламиз, лекин асосий масалани ечмаймиз.

Асосий масаладан чалғитадиган дастур ва лойиҳалар мақсаднинг илдизига олиб келмайди. Менинг наздимда улар самарасиз, маъмурий ва ақл ресурсларимиз ҳамда бошқа нуқтайи назардан. Биз барча ресурсларимизни, куч ва ақлимизни иқтисодий тараққиётга сарфлашимиз керак. Қанақадир кичик дастурни ривожлантиришга катта маъмурий ресурсни ишлатишимизнинг, ўйлайманки, алтернатив харажатлари ниҳоятда баланд. Қанақадир манзилли дастурлар кўпинча яхши чораларга олиб келмайди.

Яхши нарса шуки, кўп масалаларда инсонларга субсидиялар, пул орқали ёрдам беришни бошлаяпмиз. Масалан, ҳаммага субсидиялашган нон бермаяпмиз, кимгадир нон олишга эмас, камбағаллик рўйхатига кирган одамларга ихтиёрий нарса сотиб олишга самаралироқ. Чунки у ўзига нима кераклигини билади – нон, картошка ёки кийим. Лекин картошкага субсидия қилсак, у одам ҳафтасига 2 кг картошка еса ейди, лекин унинг иқтисодий харажатлари кўп.

Худди шундай, электрга субсидиялар иқтисодиётни қимматлаштириб, ҳаммамизга қимматга тушган. Шу нарсалардан воз кечиб, ҳақиқатан қийналган инсонларга ногиронларга, шу каби гуруҳларга ёрдам беришимиз яхши бўлади.

Яна бир нарсани эсдан чиқармаслик керак: имтиёзлар, айниқса, имтиёзли кредитлар ёки имтиёзлар орқали қандайдир имкониятлар бериш доим харажати билан келади. Имтиёз сўзи борми, бу кимдандир нимадир олаётганимизни англатади. Масалан, имтиёзли кредит дегани бошқаларга қиммат кредит, имтиёзли электр кимдир қиммат тўлаяпти дегани. Ҳар битта имтиёзнинг манфаатдорлари бўлса, зарар оладиганлари ҳам бўлади, биз зарар кўраётганлар ҳақида ўйламаймиз. Иложи борича, имтиёзлар ва имтиёзли кредитлардан воз кечишимиз керак.

— Лекин одамларга балиқ бергандан кўра, балиқ беришни ўргатиш фойдали, деган фикрлар ҳам бор.

— Одамларга пул берамиз, улар боқиманда бўлиб қолади, деган қарашлар Ўзбекистонга хос эмас. Ўз меҳнати билан пул топа олмайдиган одамлар – дейлик, ногиронларга пул бермаслик учун контраргумент йўқ. Ёки 18 ёшгача бўлган оиласи камбағалликда яшайдиган болалар учун пул беришни ҳеч нарса рад эта олмайди.

“Меҳнатга лаёқатли шахслар давлатдан кўп пул олиб юборса, улар ишламай, боқимандаликка олиб келади”, деб ўйлаш мумкиндир, лекин Ўзбекистонда ҳаёт шунчалик қиммат ва ҳукумат ресурслари шунчалик чекланганки, унчалик кўп пул бериб одамларни боқимандаликка олиб кела олмаймиз. Бу – АҚШ, Норвегия сингари бой давлатларда бор, лекин ҳозирги Ўзбекистонда, ўйлайманки, бу масала кун тартибида эмас.

Пул тарқатиш имтиёз беришдан кўра фойдали. Ҳаммага субсидиялашган нон бергандан кўра, манзилли тарзда ҳақиқатан қийналган одамларга нон учун пул берган яхшироқ. Чунки улар орада пул йўқотмайди, субсидия бериш тешик челакда сув ташишдек гап, орада кўп тўкилиб кетади.

Мадина Очилова суҳбатлашди.
twitter.com/MBahadirovna

Оператор ва монтаж устаси – Муҳиддин Қурбонов.

Top