21:30 / 06.06.2022
52553

Nest One'даги намойиш, нархи осмон уйлар, бизнес ва оила — Мурод Назаров билан катта интервью

5 май – қурилиши тўла якунланмаган Nest One мажмуасида ёнғин. 15 май қарийб 250 метр баландликда пиширилган “тошкентча-самарқандча” микс палов. 17 май – маоши кечиккан Nest One қурилиши ишчилари кўтарган норозилик намойиши.

Бу – ўзбекистонлик тадбиркор Мурод Назаров ва унинг Nest One қурилиш компанияси атрофида сўнгги вақтларда содир бўлган воқеалар.

Kun.uz мухбири тадбиркор билан компания атрофидаги ушбу воқеалар, бизнес, оила, Ўзбекистонда хавфи ортаётган олигархия, коррупция, ишсизлик, солиқ ва бошқа мавзуларда катта интервью уюштирди.

— Мурод ака, ўзбекда бир одат бор. Қурилиш қилаётган кишиникига “ҳорма”га ўтилади. Биз ҳам “ҳорма”га ўз саволларимиз билан келавердик. Хўш, нима қуряпсиз ўзи?

— Nest One –“Murad Buildings” ҳамда Туркиянинг “Ўзгувен” компанияси ҳамкорлигида қурилаётган иншоот. Nest One Ўзбекистондаги энг баланд, осмонўпар бино. У – нафақат юрт, балки бутун халқимиз учун ўзгача чақириқ, осон бўлмаган чиройли лойиҳа.

— Мурод ака, сиз билан компаниянгиз ишчилари маоши кечиккани сабабли норозилик намойишига чиққан 17 май куни гаплашган эдик. Ўшанда сиз бу воқеаларни кимдир уюштираётган бўлиши мумкинлиги ҳақида гапиргандингиз. Хўш, чиндан ишчиларни кимдир кўчага олиб чиққанмикан ё тахмин ўзини оқламадими?

— Ўша куни нима, қандай бўлганини ўзимиз ҳам тушунмай қолдик. Бундай ҳодиса бўлишига ҳайрон ҳам қолдик. Шов-шув бўлиб кетгач, ҳудудга ўзим ҳам етиб келдим. Объектнинг ёнига келгач, ҳаммаёқ тинчлигини кўриб: “Нима учун бунақа шов-шув қиляпсизлар?” дедим.

Айримларнинг айтиши бўйича, воқеадан икки кун олдин томнинг устида қилган ошимиз сабаб бўлган бўлиши мумкин. Чунки бу жараёнга ҳамма меҳмонларни ҳам чақиролмадик. Чунки бу ҳали битмаган бино ва унинг устига ҳаммани ҳам олиб чиқишнинг имкони йўқ.

Шунинг учун бу шов-шувни тарқатганларга нисбатан: “Ваҳима қилманглар ошга чақирмаган бўлсам”, деган маънода гапирган эдим. Ўшанда сиз билан ҳам гаплашганимда, воқеа нега юз бергани ва шов-шув бўлиб кетганини билдиргандим. Нима учун ходимлар кўчага намойиш қилиб чиқишди, бизда бунақа муаммолар аввал йўқ эди. Балки уюштирилганмикан, деб шошилинч айтиб ўтилди, лекин мана, 10 кунлик суриштирув натижасидан билдикки, йўқ, буни ҳеч ким уюштирмаган. Воқеанинг объектив сабаблари бор.

Фикримча, бўлган воқеалардан фақат хулоса чиқариб, ҳушёрроқ бўлишимиз керак.

— Тасаввуримизда бугун Тошкентда жуда кўп турар жойлар қурилмоқда. Уларнинг ҳаммасига ҳам харидор борми? Нега бу саволни беряпман: бугун Тошкентдаги уйлар нархи аҳолининг ўртача даромадларига шунчалик номутаносибки, сизлар қураётган уйларни пулдор олмаса, бошқаси ололмайди-да.

— Биласизми, аслида бутун дунёда ҳам уйли бўлиш осон эмас. Совет пайтида ҳам ходимлар умри давомида уй олиш учун пул йиғишган. Ёки бўлмаса, далаларда жой бўлса, ўзи бориб қуриб олган.

Уй олиш – фақат бизда эмас, чет давлатларида ҳам осон бўлмаган нарса. Агар кимдир уй сотиб ололса, жуда хурсанд бўлади, бу билан мақтанади. “Ипотека кредити билан олдим” дейди. Ҳа, тўғри, ипотека бозори бизда секин-секин ривожланяпти. Аввал у умуман йўқ эди, ҳозир эса озгина бор. 17 фоизли ипотека кредитларимиз бор. Бошқа давлатларда бизникига ўхшаб 10-15 йил эмас, 20-30 йилга берилади. Биз ҳам секин-аста шу жараёнга етиб келяпмиз.

Ҳар бир жамиятда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам ўзига яраша бой қатламлар борки, улар биттадан ортиқ уй олиш имкониятига эга. Бу табиий.

Албатта, “Ҳозир уйларингизни ким оляпти?” деб сўрашингиз мумкин. Очиқ айтаман, компаниямиз қураётган уйларнинг аксар харидорлари – тадбиркорлар. Уларнинг аксарияти – маоши юқори менежер ходимлар, бизнес эгалари ёки якка тартибдаги тадбиркорлар. Чунки биз уйларни бизнес ва “премиум сегмент” учун қурамиз. Лекин комфорт, стандарт ёки ижтимоий уйлар қураётган бошқа компаниялар ҳам бор. Ва улар кўпроқ. Уй-жой бизнесида пирамида бор: пастдан кенг бўлгани арзон ҳисобланади, нархи қимматлашган сари уйлар юқорига қараб камайиб бораверади.

Ўзбекистонда йилига ўртача 50 мингта хонадон сотилса, шунинг 5 фоизи премиум, 10 фоизини бизнес қатлам, қолган 85 фоизини комфорт ва стандарт қатлам, яъни ижтимоий уйлар ташкил қилади. Биз бу қатламга кирмаганмиз, лекин бу ерда, масалан, чиройли лойиҳалардан “Янги Чоштепа”, Юнусободда “Манзара” деган лойиҳалар бор. Стандарт-класс оддий уйлар, нархлари ҳам ҳамёнбоп. 1 квадрат метрга, билишимча, 6-7 млн сўм. Бундай уйлар кўп қурилмоқда. Ўзимизнинг халқимиз оляпти, кредитга олишмоқда.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдусалим Абдувоҳидов.

Top