08:39 / 07.06.2022
48010

Оҳангаронда машинаси жарима майдонига олиб кетилаётган ҳайдовчи ўзини автомобилдан ташлаб юборди 

Оҳангаронда электрон маъмурий баённома расмийлаштирилган ҳайдовчи ЙҲХБ инспектори томонидан вақтинчалик жарима майдонига жойлаштириш учун олиб кетилаётган автомашинадан ўзини ташлаб юбориб, вафот этди. 

Фото: Kun.uz

Жорий йилнинг 20 май куни Тошкент вилояти Оҳангарон тумани Ўзар қишлоғи ҳудудидан ўтган Нурафшон-Оҳангарон автомобиль йўлининг 52-километрида Оҳангарон йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган, “ВАЗ-2121” русумли давлат рақами автомашина ЙҲХБ инспекторлари томонидан текшириш учун тўхтатилган.

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, 1995 йилда туғилган ҳайдовчи Ғ.Ш.нинг автотранспорт бошқариш учун меъёрий ҳужжатлари йўқлиги аниқланган.

Ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси 1-қисми билан электрон маъмурий баённома расмийлаштириб, автомашинани вақтинчалик жарима майдонига жойлаштириш учун Оҳангарон тумани, Ойбулоқ қишлоғи ҳудудида, ЙҲХБ инспектори бошқарувида ҳаракатланиб кетаётганида, автотранспорт олд ўриндиғида ўтирган ҳайдовчи Ғ.Ш. авторанспорт эшигини очиб, ўзини автомашинадан ташлаб юборган. 

ЙҲХБ инспекторлари томонидан ҳайдовчи Ғ.Ш.га биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, Оҳангарон шаҳар тиббиёт бирлашмасига етказилганда, унга “Бош мия очиқ жароҳати, бош мия қон қуйилиши оғир ҳолати, бош мия силжиб синиш” ташхиси қўйилган.

Жорий йилнинг 6 июнь куни соат 23:00 ларда фуқаро Ғ.Ш. Тошкент шаҳрида жойлашган 39-сонли шифохонада кўрсатилган муолажаларга қарамасдан вафот этган.

Ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан текширув ўтказилмоқда, дейилади ИИВ хабарида.

Top