16:51 / 08.06.2022
17937

Ҳам ишлайсан, ҳам тўлайсан. Навоийлик ўқитувчилардан ҳашар учун икки марта пул ундирилмоқда

2022 йилнинг 30 апрел куни мамлакат бўйлаб ўтказилган умумхалқ хайрия ҳашари учун ойлик маошларидан маблағ ўтказган ўқитувчилардан яна 20 минг сўмдан пул талаб қилиняпти. Табиийки, педагоглар бундан норози.

Фото: Кармана тумани ҳокимлиги

Kun.uz'га ўқитувчилар иккинчи маротаба “ҳашар пули” ушлаб қолишга мажбурланаётгани ҳақида мурожаат келиб тушди. Ўрганиш жараёнида масъуллар томонидан бундай мажбурлов бўлаётгани ўз тасдиғини топди.

Хусусан, Кармана туманидаги 24-мактаб директори Дилфуза Шарипова ўқитувчиларга ҳашар учун яна 20 минг сўмдан тўлаш кераклигини айтган.

Шанбалик учун яна 20 минг сўмдан тўлашимиз керак. 10 июн куни меҳнат таътили пуллари тўлаб берилади. Бу албатта, сизларнинг меҳнатингиз... Розилик хатини ёзиб, мактабга жўнатиб юборинглар. Ўзим ҳисобчига етказаман. Ҳамма мактабга топшириқ берилди. Эртагаёқ олиб боришим керак розилик хатларини. Эртанги сана билан ёзинглар. Меҳнат таътилидан сақланади. Тўғри қабул қилинглар. Яна бир ҳафта кутмай, эртагаёқ бериб юборинглар”, – дея топшириқ берган директор ўқитувчиларга.

Ҳашарда ишладик, пул бериш керак экан, дейишди, шунга ҳам жанжал қилмайлик, дея 20 минг сўмдан тўлашга розилик хати бердик. Ойлигимиздан ушлаб қолишди. Энди эса яна айтиляпти. Битта ҳашарга иккинчи маротаба пул йиғиш нима деган гап?”– дейди мактаб ўқитувчиларидан бири.

Маълум бўлишича, бундай топшириқ мактаб директорларига ХТБ ҳисобчиси Зувай Шокиров томонидан берилган.

Ҳурматли мактаб директорлари, сизлардан илтимос, 2022 йил 8 июн куни соат 10 гача ходимларнинг розилик аризасига асосан шанбалик рўйхатини шакллантирилган ва суммаси кўрсатилган ҳолда ХТБ ҳисобхонасига жўнатишларингизни сўраймиз”, – дейилади Шокировнинг топшириғида.

Kun.uz ҳолатга изоҳ олиш учун Кармана тумани ХТБ мудири Сарвар Очилов билан боғланди. Мудирнинг айтишича, Зувай Шокиров тумандаги 16-, 21-, 22-, 24-, 3-умумтаълим мактабларига хизмат кўрсатади.

Тумандаги шу 5 та мактабнинг айрим ўқитувчиларига ўз розилиги билан ҳашарга иккинчи бор пул ўтказиш тавсия қилинган, мажбурлаш ҳолати кузатилмаган, деди ХТБ раҳбари.

Фото: Кармана тумани ҳокимлиги

Суриштирув жараёнида Кармана туманидаги 24-умумтаълим мактабида меҳнат қонунчилиги бузилган яна бир ҳолатга дуч келинди. Мактаб директори Дилфуза Шарипованинг шаръий турмуш ўртоғи Лутфулло Хўжақулов шу мактабда қоровул сифатида ишлаши маълум бўлди. Бу эса қонунчиликка зид.

Меҳнат кодексининг 79-моддасига кўра, ўзаро яқин қариндош ёки қуда-анда бўлган шахсларнинг (ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғил ва қизлар, эр-хотинлар, шунингдек эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва болалари), башарти улардан бири иккинчисига бевосита бўйсуниб ёки унинг назорати остида хизмат қиладиган бўлса, бир давлат корхонасида бирга хизмат қилишлари тақиқланади.

Бунда истиснолар бор, албатта. Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 133-сонли қарори билан бирга хизмат қилишларини чеклаш қоидаларидан истисно этилиши мумкин бўлган ходимлар рўйхати тасдиқланган. Унга кўра, барча ўқув ва тарбия муассасаларидаги педагог ходимлар, ўқитувчилар, библиографлар ва кутубхоначилар яқин қариндошларининг қўл остида ёки назорати остида ҳам ишлаши мумкин. Демак, бир мактабда эр-хотин директор ва қоровул бўлиб ишлаши мумкин эмас.

Ўтган ойда Kun.uz Кармана туманидаги умумтаълим мактабларида қизиқчи Зокир Очилдиевнинг концертига мажбурий чипта сотилгани ҳақида хабар берганди.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top