07:41 / 11.06.2022
5698

Шавкат Мирзиёев БАА билан шерикликни ривожлантириш янги йўналишларини таклиф қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумат ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Гаргавий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш ва уни янги амалий мазмун билан бойитиш долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Вазир Муҳаммад ал-Гаргавий давлат раҳбарига Амирликлар президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаён ва БАА бош вазири, Дубай амирлиги ҳокими Шайх Муҳаммад Ол Мактумнинг саломини етказди.

Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумати Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳот ва янгиланишлар дастурини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани, унинг самарали рўёбга чиқарилишида зарур кўмакни кўрсатишга тайёрлиги таъкидланди.

“Кейинги йилларда Ўзбекистон-БАА муносабатлари жадал ривожланиб бораётганини қайд этиш жоиз. Товар айирбошлаш кўрсаткичлари ва инвестициялар ҳажми ўсмоқда. Жумладан, жорий йил бошидан ўзаро савдо икки баробарга кўпайди, мамлакатимизда 45 та янги қўшма корхона ташкил этилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Иқтисодий ҳамкорликни мувофиқлаштириш ва илгари суриш бўйича таъсирчан тизим асосида Амирликларнинг етакчи компания ва ташкилотлари иштирокида инвестициялар ҳажми қарийб 3 миллиард доллар бўлган 17 та йирик лойиҳа амалга оширилмоқда.

“Mubadala” компанияси билан ҳамкорликда Таллимаржон иссиқлик электр станцияси қувватларини кенгайтириш, “Masdar” компанияси билан эса юртимиз ҳудудларида шамол ва қуёш электр станцияларини қуриш лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Етакчи “DP World” компанияси билан “Навоий” мультимодал хаби ва иқтисодий зонасини ривожлантириш, шунингдек, божхона маъмуриятчилиги тизимини модернизация қилиш масалалари ишлаб чиқилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, логистика, рақамлаштириш ва бошқа йўналишларда қатор йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда”, дейилади расмий хабарда.

Музокаралар чоғида давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш борасидаги, “Бир миллион дастурчи” дастури ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар акселератори фаолияти доирасидаги ҳамкорлик амалий натижалари қайд этилди.

Инновациялар ва сунъий интеллект соҳаларида ҳамкорлик қилиш, муҳим тармоқларни ислоҳ қилиш, давлат бошқарувини янада такомиллаштириш ва замонавий кадрларни тайёрлаш юзасидан мулоқотни кенгайтириш узоқ муддатли шериклик янги йўналишлари сифатида белгиланди.

Қабул қилинган қарорлар ва учрашувда илгари сурилган ташаббусларни тўлиқ амалга ошириш бўйича қўшма “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинди.

Top