11:18 / 13.06.2022
43690

«Sevimli» телеканали ходимлари ИИО ходимлари томонидан калтаклангани хабар қилинди. ИИВ ва АОКА муносабат билдирди

«Sevimli» телеканали ходимлари Ўзбекистон–Ироқ ўйинига кирмоқчи бўлганида ички ишлар органлари ходимлари томонидан калтаклангани хабар қилинди. ИИВ телеканал тасвирчиси жанжал вақтида жароҳат олганини маълум қилди.

Фото: Facebook

11 июн куни Тошкентдаги «Пахтакор» стадионида U-23 Осиё кубогининг чорак финали доирасида Ўзбекистон ва Ироқ жамоалари ўртасидаги ўйинни ёритишга борган «Sevimli» телеканали ходимлари муаммога дуч келишган.

Мазкур телеканалнинг «Замон» янгиликлар дастури веб-сайтида телеканал ходимлари стадионга киришда ички ишлар органлари ходимлари томонидан калтаклангани ҳақида хабар қилди. Кейинроқ бу янгилик ўчириб ташланди, аммо Facebook’да унинг нусхаси сақланиб қолган.

Жабрланувчилар нима дейди?

Хабарда айтилишича, телеканал ходимлари турнирнинг барча ўйинларини ёритиш учун аккредитацияга эга бўлган ва ўз вазифасини бажарган. Бунга қадар бўлган ўйинлар ҳам спорт мухбири ва унинг тасвирчиси томонидан ёритиб келинган. «Бироқ, кечаги ўйин ҳамкасбларимиз учун қимматга тушди», — дейилади хабар матнида.

Соат 21:00 лар атрофида (интервью олиш мақсадида) икки ходим «Пахтакор» стадионига борганида, орган ходимларининг қаршилигига учраган. Футболни ёритиш учун берилган махсус рухсатномани кўрсатишларига қарамай, улар ҳақоратланган: «Пресса бўлсанг, бизга по***. Биз топшириқни бажарамиз».

Шундан сўнг ижодий гуруҳ ўзининг эътирозларини билдирган ва стадион олдидаги ҳолатни тасвирга олишни бошлаган. Орган ходимлари эса тасвирчининг рухсатномасига чанг солган. Камерасини тортиб олган. Тасвирчининг қўлини орқага қайириб, журналистдан узоқлаштирган.

«Фаолиятим давомида биринчи марта шундай ҳолатга дуч келдим. Чунки конфликтга борадиган одам эмасман. Буни мени яқиндан таниганлар яхши билишади. Очиғи, ўша маҳалда ўзимни жиноятчидек ҳис қилдим. Орган ходимларидан бири дабдурустдан микрофонимга ташланди ва уни кимгадир улоқтирди, қўлимни орқага қайирди. Иккинчиси эса камаримдан маҳкам ушлаб олди.

Бир микрофонимга қарайман, бир тасвирчимга. Шу пайт тасвирчим ерда ётган ҳолатда зарбдан бақираётганига кўзим тушди. 6-7 нафар ички ишлар ходимлари ва бир нафар миллий гвардия ходими тепкилаётганди. Ходимларнинг бири оёғига дубинка билан урди. Қолгани қорин ва бош қисмига тепди. Қўлларим ушланган, имконсиз қолдим, фақат урманглар деб бақира олдим, холос. 

Бу жараён сониялар ичида содир бўлди-ки, нима бўлаётганини англаб-англамасдим. Одамлар ОАВ ходимлари тепкиланаётганини тасвирга олаётганди. Кўпчилик олдида изза бўлганимиз қолди. Қўлларимизни қайириб, Шайхонтоҳур туман ИИБ биносига олиб бориб, навбатчилик қисмига топширишди. 

Тасвирчим оғриққа чидолмай, ички ишлар биноси коридорида ерда ўтириб қолди. Мени эса ташқарига чиқариб юборишди. Операторимнинг соғлиги ёмонлашаётганини кўриб, тез тиббий ёрдамга қўнғироқ қилишга мажбур бўлдим. Тиббиёт ходими ички ишлар бўлимида қолдириш хавфли экани, зудлик билан шифохонага олиб кетиш лозимлигини айтди. Шундан сўнг шеригимни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб кетишди», — дейди журналист.

Электрошокер қўлланган

Тасвирчи бўлган воқеа ҳақида гапирар экан, дўппослаш вақтида орган ходимлари унга электрошокер қўллаганини, агар нимжонроқ одам бўлса, бунча калтаклашдан кейин ўлиб қолиши ҳам ҳеч гап эмаслигини таъкидлаган.

«Уриб қўлимдаги камерани тортиб олди. Ҳар томонимдан мушт туширди, лекин йиқилмадим. 6-7 киши бир вақтнинг ўзида тепкиларди. Шу пайт улардан бири икки марта кўкрак қисмимга электрошокер текказди. Мен йиқилдим. Қолганини аниқ эслолмайман. Танамдаги оғриқ зўридан кўзим олди дам қоронғилашиб, дам хиралашиб... Маълум вақт ҳушимни йўқотдим.

Мени шифохонага олиб борганда ҳамкасбларим 102 га хабар бериб, ҳолатни тушунтирган. Аммо мана бир суткаки, улардан дарак йўқ. Мени-ку, жоним омон қолди, бироқ ўрнимда бошқа «слабийроқ» одам бўлганда, у зарбларга дош беролмай, ўлиб ҳам қолиши мумкин эди. Бир одамнинг тақдирига шу қадар бефарқ қараладими?» — дейди тасвирчи.

Шифокорлар унга жағ-тиш синиши ташхисини қўйган.

Тасвирчи касалхонага олиб кетилгандан кейин журналист камера, штатив, микрофон ва рухсатномаларини қайтариб беришни сўраган. Унинг кўз олдида флешкани Тошкент шаҳар ИИББга юборишган ва «ўзинг ўша ердан оласан» дейишган. Бу орада футбол аллақачон тугаб ҳам бўлган. Соат тунги 02:10 ларда мухбир шикастланган камера ва штативни олган. Бироқ микрофон ва рухсатномалар ҳамон қайтарилмаган.

«Энг қизиғи, бўлар иш бўлгандан сўнг мухбирдан ички ишлар ходимлари кечирим сўраб, ортиқча гап қилмаслиги ва бирон жойда гапириб юрмаслигини айтган», — дейилади хабарда.

ИИВ телеканал тасвирчиси жанжал вақтида жароҳат олганини айтмоқда

ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов содир бўлган воқеага муносабат билдириб, ҳолат бўйича текширув тайинланганини маълум қилди. Унинг ўз Telegram-каналида ёзишича, «Пахтакор» стадионида Ўзбекистон—Ироқ футбол жамоалари ўйини жараёнида жамоат тартибини сақлашга бириктирилган ички ишлар ва миллий гвардия ходимлари томонидан соат 21:00 дан кейин стадионда бўш жойлар қолмагани сабабли, стадионга кириш тўхтатилган.

Шу вақтда, Алишер Навоий кўчаси тарафдан стадионга кириш учун ташкил этилган ташқи назорат периметрда айрим фуқаролар норозилик билдириб, стадионга киришга ҳаракат қилиб, жанжал уюштиришган. Ходимлар томонидан келиб чиқиши мумкин бўлган безорилик ҳаракатлари зудлик билан бартараф этилиб, бир неча фуқаро туман ИИБга олиб борилган.

Аниқланишича, фуқаролар орасида «Sevimli» телеканали «Замон» дастурининг вакиллари ҳам бўлган ҳамда одамлар ўртасидаги муштлашув жараёнида телеканал оператори Т.И.га тан жароҳатлари етказилиб, техник ашёлари зарар кўрган. Унга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилиб, касалхонага етказилган.

«Шу куни бошқа фуқаролардан тан жароҳати олгани бўйича маълумотлар келиб тушмаган. Ҳозирда ҳолат юзасидан текширув тайинланиб, жамоат тартибини бузган фуқароларни аниқлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда», — дейди ИИВ мулозими.

АОКА вазиятга аралашди

Ҳолат юзасидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ўз ваколати доирасида Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура ва Миллий гвардияга сўров юборган.

«Агентлик айни пайтда давом этаётган хизмат текшируви натижаларини синчковлик билан кузатиб боради. Ишонамизки, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия амалдаги қонунчилик нормаларини четлаб ўтган ходимларининг хатти-ҳаракатларига муносиб баҳо беради ҳамда тегишли чора кўради. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси эса ушбу масалани ўз назоратига олишини сўраб қоламиз.

Агентлик ОАВ вакиллари фаолиятига тўсқинлик қилиш, ноқонуний йўллар билан дахл қилиш, шахсини обрўсизлантиришга бўлган ҳар қандай уринишларни кескин қоралайди.

Эслатиб ўтамиз, мамлакатимиз қонунчилигида журналистлар ҳуқуқлари, ахборот олиш эркинлигига оид масалалар қатор нормалар билан мустаҳкамлаб қўйилган. Хусусан, «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 8-моддасига кўра, журналист журналистлик фаолиятини амалга ошириш чоғида шахс дахлсизлиги кафолатидан фойдаланади. Мазкур қонуннинг 10-моддасига кўра, давлат журналистга ахборотни эркин олишини ва тарқатишини кафолатлаши, ўз касбига доир фаолиятни амалга оширишида унинг ҳимоя қилинишини таъминлаши лозим, 14-моддада эса журналистнинг ушбу қонунда белгиланган ҳуқуқларини бузганлик, унинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига таҳдид, зўравонлик ёки тажовуз қилганлик қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган.

Шунингдек, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, давлат оммавий ахборот воситаларининг фаолияти ва ахборотдан фойдаланиш эркинлигини, мулк ҳуқуқини, давлат органларининг ғайриқонуний қарорларидан, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан) ҳимоя қилинишини кафолатлайди, оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади.

Таъкидлаш жоизки, ОАВ вакилларининг касбий фаолияти давомида тазйиқ кўрсатиш, тўсқинлик қилиш каби ҳолатлар сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш борасидаги давлат сиёсатига зид бўлиб, Агентлик, ўз навбатида, барча даражадаги давлат идоралари ходимларини ахборот қонунчилиги ҳамда журналистлар ваколатларига ҳурмат билан муносабатда бўлишга чақиради», дейилган АОКА муносабатида.

Алламжонов қоралади

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

«Sevimli» телеканали ижодий гуруҳига нисбатан бўлган ҳолатни мутлақо қоралайман. 

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бу ҳолатни ўрганиб, айбдорларни жазолаши шарт. Қуруқ гапни айлантириш ечим эмас. Безорини матбуотдан ажрата олмайдиган ходимлар фақат тизим учун зарар.

АОКА ташкилоти ҳам ўз ваколати доирасида фаол фаолият юритиши, унинг мақсад ва вазифалари матбуотни қўллаш, уларни ҳимоя қилиш эканлиги норматив ҳужжатларда аниқ ёзиб қўйилганлигини эслатиб қўймоқчиман. 

Журналистлар уюшмасини ҳам янада фаол бўлишга чақираман. Бу институтлар шундай пайтда ўзини кўрсатмаса, яна қачон уларни сезамиз», дейди Комил Алламжонов.

Top