07:16 / 14.06.2022
3593

Ўзбекистон Буюк Британия билан савдо ва инвестициявий ҳамкорликни оширишни режалаштирмоқда

7 июнь куни бош вазир ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов Буюк Британия давлат котиби халқаро савдо бўйича ўринбосари (экспорт вазири) Майк Фрирни қабул қилди. 

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабарига кўра, учрашувда томонлар ўзаро савдо ривожидаги ижобий тенденцияларни қайд этди. 2021 йилда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 65 фоизга, Ўзбекистондан Буюк Британияга экспорт ҳажми эса 2,5 баравар ошган. 

Ўзбекистонда экспортга йўналтирилган қўшма ишлаб чиқариш қувватларини яратиш учун британиялик инвесторларни жалб қилиш, ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар ва экспортчилар учун «GSP Enhanced Framework» тизими имтиёзларидан самарали фойдаланиш бўйича тренинглар ва амалий семинарлар ташкил этишга келишиб олинди.

Инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш муҳокама қилинди. Сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган Британия корхоналари сони 40 фоизга ошгани таъкидланди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, чорвачилик, биофармацевтика, тўқимачилик саноати, ахборот-коммуникация технологиялари ва “яшил” энергетика соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун Британия янги компанияларини жалб қилиш доирасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Томонлар жорий йил октябрь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган савдо ва саноат бўйича 26-Ўзбекистон-Британия кенгашига тайёргарлик кўриш бўйича ишларни фаоллаштиришга келишиб олди. Тадбир икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, иқтисодий шериклик янги “ўсиш нуқталарини” белгилаш ҳамда Ўзбекистон иқтисодиёти истиқболли тармоқларига Британия инвестициялари ва технологияларини жалб этиш имконини беради.

Top