20:31 / 17.06.2022
23929

«Бу ҳукумат учун огоҳлантириш» – Мурод Назаров Ўзбекистонда олигархия хавфи ошаётгани бўйича Жаҳон банки ҳисоботи ҳақида 

Таниқли тадбиркор Мурод Назаров Kun.uz’га берган интервьюсида Жаҳон банкининг Ўзбекистонда олигархия вужудга келиши хавфи юқори, дея эълон қилган ҳисоботи юзасидан ҳам ўз фикрларини билдирди.

Маълумот учун, Жаҳон банки тахминига кўра, Ўзбекистонда якка ўзининг манфаатини кўзловчи шахсларнинг давлат ҳокимиятида катта таъсирга эга бўлиши хавфи 2025 йилга бориб ўзининг энг юқори чўққисига чиқади.

Халқаро экспертлар постсовет давлатлари тажрибасидан келиб чиқиб айтишича, олигархлар таъсирининг ошишида ерни ва давлат корхоналарини хусусийлаштириш жараёнлари асосий ўрин тутади.

«Бу аввало башорат. У қанчалик амалга ошади ёки ошмайди, буни вақт кўрсатади. Лекин башоратнинг яхши тарафи ҳам борки, унга кўра, бу ҳукумат учун огоҳлантириш. Мана шунга йўл қўйманглар, деган хабар. Шу томондан у яхшиликка хизмат қилиши мумкин.

Ҳозир мен айтадиган гапларни баъзилар популизм учун гапиряпти, дея ҳисоблаши мумкин, лекин шундай бўлса-да, айтишим керак, мен жамиятда ўрта синф кўпайиши тарафдориман. Бунга мисол Япония, Швеция, Норвегия ёки Европанинг бошқа қатор мамлакатлари.

Мен Япония ҳақида гапирдим. У ерда бой ва камбағал қатлам орасидаги фарқ жуда катта эмас.

Хўш, олигархия ўзи ниманинг ҳисобига пайдо бўлади? Кимдир бошқалар ўзини тиклаб, жойини топиб олгунча, вазиятдан кўпроқ фойдаланиб, вақтдан ютиб, кўпроқ пул топиб олади.

Лекин ҳозир шундай қилмасак ва бирданига тадбиркорларни кесишни бошласак, умуман ривожланиш бўлмайди. Ҳа, юқори синф бўлмагунча, ўрта синф ҳам бўлмайди.

Балки кучли мутахассис эмасдирман, лекин шуни биламанки, бу эволюцион жараён. Биз мана шу жараёндан ўтишимиз керак. Ҳаммани бирданига кўтариш қийин. Бунинг учун коммунизмга ўтишимиз керак бўлади.

Сиз ўрта синф кўп бўлган жамиятларни кўринг, уларда ҳам қачондир шундай жараёнлар бўлган.

Ҳа, бунга йўл қўймаслик учун максимал ҳаракат қилиш керак. Чунки, олигархия эртага давлат бошқаруви ва қонунларга таъсир ўтказа бошлайди. Бу яхши эмас.

Мен бу жараённи оқламаяпман ва шунинг учун ҳам ҳисоботни ўқиб бир томондан хурсанд бўлдим. Буни мен ўқидим, сиз ўқидингиз, юқоридагилар, ҳамма ўқиди. Улар бунга йўл қўймаслик учун ҳушёр бўлади. Қарорлар ҳушёрлик билан қабул қилинаркан, олигархиянинг олди олинади.

Такрорлайман, ўрта синф кўпайса, ҳамма учун яхши. Ишонинг, ўрта синф бўлмаса ва ҳамма камбағал бўлса, бой ҳам бойдай яшолмайди. Тинчгина автомобилида юролмайди, ухлолмайди.

Қорни тўймаган камбағал жаҳлдан ҳам бойнинг ойнасини синдириб кетади. Ўрта синф бўлиш маза. Японияда ўқиб юриб, шуларни кўрганман. Одамлар тахминан бир хил уйда яшайди, бир хил автомобилларда юради. Уйсиз ҳам йўқ, жуда бойиб кетган ҳам.

Ҳа, Японияда жуда бойлар ҳам бор, лекин кўп эмас. Масалан, Японияда энг кам ойлик 2 минг иена (тахминан, 2 минг доллар) бўлса, энг катта тадбиркорлар балки 100 минг иена топар. Ҳа, 50 баробар катта фарққа ўхшайди, лекин 100 минг топадиган тадбиркорлар унча кўп эмас.

Олигархия тизимида эса минглаб баробар фарқни кўрасиз. Бу ҳақиқатда, хатарли ҳолат. Бунга йўл қўймаслик керак, лекин уни йўқ қилиш мақсадида ривожланишни ҳам тўхтатиб қўйиш керак эмас», деди тадбиркор.

Top