14:44 / 17.06.2022
26626

SOS: Ўзбек тилидаги хорижий атоқли номлар ва сўзлар имлосида ҳануз якдиллик йўқ

Гамбургерми ёки ҳамбургер, Си Цзиньпинми ё Си Жинпинг, Байрактарми ёки Байроқдор… Янги-янги атоқли отлар ҳисобига уларни ўзбек тилига ўгиришда ҳархилликлар каррасига кўпайиб бормоқда. Тил мустақиллигига 33 йил бўлганига қарамай, ўзбек тилига четдан сўз қабул қилиш принциплари ҳамон ишлаб чиқилмади. Хўш, қайси қоидаларга суяниш керак?

Фото: Kun.uz

“Бизнинг тил, адабиётимизнинг энг сўнг кунлари фарғонали Умархон замонида эди. Тил, адабиётимиз Умархон пайтида бирдан яшнаб кўтарилди-да, ундан кейин секин-секин пасая бошлади. Бора-бора йиқилишнинг, йўқолишнинг энг оғир, энг қора дақиқаларини ўтказди”.

Фитрат, “Тилимиз” мақоласидан

Ҳамон тўлиқ тартибга солинмаган алифбо, мураккаб тил қоидалари, ўзбек тили фаол лексикасининг ҳаминқадарлиги ва бунинг устига ўзбек тилига четдан сўз қабул қилиш принциплари ишлаб чиқилмагани бугунги ўзбек тили “йўқолишининг, йиқилишининг навбатдаги энг оғир дақиқалари”га сабаб бўлаётгандай.

Хорижий тиллардан матнларни ўзбекчага ўгирганда исм-фамилия, жой номлари каби атоқли отлар ОАВ ва таржима китобларида турли-турлича ёзилмоқда. Кимдир ҳалиям рус тилидаги шаклини қўлласа, кимдир инглиз тилидаги талаффузни афзал кўряпти. Ўзбек тилида айнан шундай сўзларни ёзишда қабул қилинган орфоэпик, орфографик ўзгармас қоида борми?

Kun.uz шу мавзуда мутахассислар фикри билан қизиқди.

Ўзбек тилига четдан сўз қабул қилиш масаласи илмда ҳамон очиқ турибди

Адлия вазирининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Шаҳноза Соатова ўзбек тилига чет тиллардан атоқли отлар ва умуман сўз қабул қилиш масаласида аниқ қоидалар ишлаб чиқиш учун сиёсий ирода кераклигини айтади.

— Хорижий сўзлар, атоқли отларни ўзбек тилига қандай қабул қилиш – умумий бир масала. Бунинг тагида битта умумий фундаментал муаммо бор. Яъни ўзбек тилига четдан сўз қабул қилиш принциплари илмда очиқ турибди. Мустақиллигимизга 30 йил, тилимизга давлат тили мақоми берилганига ундан ҳам кўп вақт бўлганига қарамай, ҳалигача шу қоидалар ишлаб чиқилмаган.

Биз ҳозир сўзларни ё рус, ё асл тилда қандай бўлса, шундай оладиган бўлганмиз. Бу жуда нотўғри амалиёт. Масалан, мамлакатингизга четдан меҳмон келса, албатта, шу мамлакат қонун-қоидалари асосида яшаши керак. Нега энди тилимизга кириб келган меҳмон сўзлар тил қоидаларимизга бўйсунмаслиги керак?

Масалан, нега ҳамма Селчук Байрактар, Режеп Таййип Эрдўған қилиб ўгирди? Нега ўзимизга мослаб ўгирмаймиз? Салжуқ Байроқдор ёки Ражаб Тоййиб Эрдўған деб ёзмаймиз.

Бугунги кунда тилимиз инглиз тилидаги сўзлар босими остида қолди. Ва уларга қарши ҳам ҳеч нарса қилолмаяпмиз. Демак, орфоэпик, орфографик қоидалар ишланмаган. Яъни биз сўзни ўзимизнинг тилимизга мослаймизми ёки ўгирилаётган тилга мослаб оламизми, деган савол очиқ қолмоқда. Масалан, турклар бошқа тилдан сўз қабул қилса, ўша тилда қандай ёзилса, шундай олади ва шундай ўқийди. Яъни бу ерда маълум бир принцип бор.

Масалан, нега биз телевидение сўзини телевидения деб урғуни бошқа жойга қўйиб талаффуз қилганлар устидан саводсиз деб куламиз? Ахир бизнинг тилимизнинг табиати ўша ердаги урғуни қабул қилмаяпти. Бу ўзбек тили учун узунлик қиляпти. Демак, ўзбек тилига мослаган бўғинга урғу қўйишимиз керак.

Бу борада қилинадиган ишлар кўп, бунинг учун илмий ишланмалар, тегишли ташкилотлардан кўрсатмалар керак ва бу кўрсатмаларни ишга тушириш учун сиёсий ирода керак.

“Рус тилидаги манбалар ҳеч қачон аслиятга тўғри келмаган”

Хитой тилидан Конфуцийнинг “Муҳокама ва баён”, Менгзининг “Менгзи”, Лаозининг “Дао ва фазилатлар китоби” асарларини ўзбек тилига таржима қилган, “Хитойча-ўзбекча қисқача тематик луғат”, “Хитойча-ўзбекча сўзлашгич луғат”лар муаллифи, таржимон-журналист Илҳом Қосимовнинг фикрича, хитой тилидан атоқли отларни аслиятига яқин ўгиришга ўзбек тилининг юз фоиз имконияти етади.

— Ҳақиқатдан хитойлик шахсларнинг исми ва географик жой номлари, шаҳарлар, провинцияларнинг номларини тўлиқ рус адабиётлари, рус манбаларидан олганмиз. Лекин рус тилидаги манбалар ҳеч қачон аслиятга тўғри келмаган. Чунки ўқувчиларим баъзан хитойлик тарихий шахснинг рус тилидаги исмини ташлашади. Ва шу шахснинг хитой тилидаги исмини топиб беришимни сўрашади. Хитойдаги провинция ёки шаҳар номларини диплом ишида ёки бирор ҳужжатда ёзиш керак бўлганда, ўша нарсани хитойча иероглифда ёзилиши ва аслиятда қандайлигини сўрашади. Демак, рус тилидаги вариант аслиятдан жуда узоқлашиб кетганки, уларни асл хитойча вариантини топиш қийин.

Аслида, атоқли отларни хитой тилидан тўғридан тўғри, аслиятига яқин ўгиришга ўзбек тилининг деярли 100 фоиз имконияти мавжуд. Фақат лотин алифбосида 1-2та товушни чиқаролмаслигимиз мумкин.

Масалан, Хитой социалистик партияси биринчи раисларидан бири 毛泽东 – Мáо Зéдōнг (инглиз тилида ўқилиши). Лекин уни руслардан ўрганиб Мао Цзэдун деймиз ва маъно ҳам ўзгариб кетган. Хитой тилида “донг” – шарқ ва “дун” – тонна деган маъноларни англатади. Бу бўйича инглизлар тўғри қилган, улар хитой тилидаги вариантни тўғридан тўғри қабул қилишган.

Ёки ХХР раиси Си Жинпинг – бу хитой тилида айтилиши. Руслар танлаган Си Цзиньпин шаклда исм чиқмаяпти. “Цзиньпин”да боши ва охиридаги товуш хитой тилида бундай талаффуз қилинмайди. Жинпинг шаклида талаффуз қилинади ва охирида “-пин” эмас, “-пинг” бўлади. Бу ерда “нг” товуши хитой ва ўзбек тилларида бор.

Ёки Хитойдаги шаҳар номларидан бири – 石家庄 – Shíjiāzhuāng. Бу рус тилида Шицзячжуан, инглиз тилида Shijiazhuang деб қабул қилинган.

Бу борада шахсий фикрим: биз рус тилидан кўра, инглиз тилидаги вариантидан фойдалансак, мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки инглизлар асл вариантни сақлашга ҳаракат қилади.

Хитойликларнинг ўзи эса ҳар бир хорижий сўзни ўз тилига таржима қилади. Масалан, компютер Америка, Британия ва бизда ҳам бир хил айтилса, хитойликлар бундай демайди, улар ўзлари учун сўз ўйлаб топишган. Хорижий атоқли отларни ҳам ўзларига қулай шаклини танлайди.

“Хорижий тилдаги атоқли отларни қандай эшитилса, шундай ёзишга ҳаракат қиламиз”

Шарқшунослик институти таржимашунослик кафедраси доценти, таржимон Хайрулла Ҳамидов атоқли отлар масаласини турк тили мисолида тушунтиришга ҳаракат қилди. Унинг айтишича, туркларнинг ўзи ҳам бошқа тиллардан сўз қабул қилганда, ҳам ўша тилдаги ёзилиш, ҳам талаффузни сақлаб қолишади.

— Мен ўзим ва шогирдларим, яъни талаба-магистрларим турк тилидан ўзбек тилига таржима қилинаётганда исмлар, жой номларини иложи бўлса қандай эшитилса, шундай ёзилишини, шу билан бирга ўзбек тили фонетик қоидаларини бузмаган ҳолда беришга ҳаракат қиламиз.

Аммо шу билан бирга, айрим ҳолларда исмларни бераётганда қуйидагича йўл тутилишини маслаҳат берамиз. Масалан, туркчада Фериде бўлса, ўзбекчада уни Фарида деб берилиши, Нилуферни – Нилуфар, Решидни – Рашид, Ҳажи Бекташ Велини – Ҳожи Бектош Вали, Анкара – Анқара деб берилишини талаб қиламиз.

Ёки айрим фамилияларни фонетик қоидаларга мослаб қуйидагича берган маъқул: Акчағ – Оқчоғ, Акташ – Оқтош, Четинкая – Четинқоя, Акба – Оқбол, Икбал – Иқбол каби.

Бизнинг таржималарда Решат Нури Гунтекин – Рашод Нури Гунтекин, Ўмер Сейфеттин – Умар Сайфиддин, Сеит Фаик Абасияниқ – Саид Фоиқ Абасиёниқ деб тўғри берилмоқда. Шунга қарамай, жуда кўп хатоликлар, айниқса фильм таржималарида жуда кўп хатоликларга йўл қўйилмоқда ва бу сир эмас.

Туркларнинг ўзи бошқа тиллардаги атоқли отларни ўша тил эгалари қандай талаффуз қилишса, шундай талаффуз қилишга ҳаракат қилишади. Ҳатто чет тилдаги ёзилишини ҳам сақлаб қолишади. Масалан, Bill Clinton'ни айнан ўзидек ёзишади, лекин Билл Килинтон деб талаффуз қилишади, ҳолбуки туркларда “с” ҳарфи ўзбек тилидаги “ж” товушини беради. Яъни ёзувда “Билл Жлинтон” бўлиши керак. Ёки Coca Colа ҳам турк тилида айнан ёзилади, лекин “жожа жола” деб эмас, “кока кола” деб талаффуз қилинади.

“Исмларни ўзбекчалаштираётганда эҳтиёткорлик керак, уларнинг шарқона варианти бўлиши мумкин”

Лев Толстой, Эрих Мариа Ремарк, Жек Лондон, Стивен Кинг асарлари таржимони Саиджалол Саидмуродов асосан рус тилидан таржима қилади. Таржимон чет эл атоқли номларини аслиятдаги тил қонун-қоидалари асосида ўзбек тилига мослаштиришни афзал кўради.

— Башарти, таржима учун танланган асар рус адабиётига тегишли бўлса, сўзсиз, бевосита оригинал тилдан таржима қиламан. Аммо-лекин таржима қилаётганим матн инглиз, француз, немис ёки бошқа миллат адабиётига оид бўлса, билвосита рус тилидан ўгирилади. Лекин бу ҳолда ҳам имкон қадар асос сифатида оригинал матнга юзланаман.

Тўғри, аслиятдан таржима қилганга нима етсин. Бироқ ҳамма таржимонлар ҳам зуллисонайн бўлолмайди-да. Ҳайтовур, фаранг адиби Ги де Мопассаннинг ҳикояларини баъзи “чапдаст” таржимонлар каби инглиз тилидан ўгиргандан кўра, тажрибамиздан ўтган рус тили орқали ўзбек тилига ўгирганимиз маъқулроқмиди, деб ўйлайман.

Чет эл атоқли номлари учраганда, албатта, аслиятдаги тил қонун-қоидалари асосида ўзбек тилига мослаштириш лозим. Айниқса, исмларни ўзбекчалаштираётганда ўта эҳтиёткор бўлмоқ лозим. Негаки ўша исмнинг шарқона варианти бўлиши мумкин (масалан Бенжамин – Ибн Ямин, Давид – Довуд, Иосиф – Юсуф ва ҳ.к.).

Бошқа, жой номлари, ўзга бир миллатнинг ўзига хос бўлган атоқли отлар туб моҳиятидан келиб чиқиб, ўзбекчалаштирилгани маъқул. Башарти, шундай сўзларга дуч келинганда, ўзимизнинг суюмли она тилимизга, шуурости сезимларимизга ёндашганимиз маъқул.

Муқобили ўзимизда мавжуд ном-атамаларнинг рус тилидагисини олишимиз шарт эмас, ўзимизда “ҳ” турганда “г”ни қўллаш, ўзимизда “Лубнон” турганда “Ливан” дейишимиз, “Ҳабашистон”ни “Эфиопия” дейишимиз мақбул эмас.

Четникини қўйинг, ҳозир Тиёншон тоғини “Тяншан” деб аташ жуда урфга кирган. Қани энди “Ҳой, барака топгур, лоақал Эркин Воҳидовнинг “Сенга тенгдош Помир-у Оқсоч Тиёншон, ўзбегим” сатрларини эсласанг бўлмайдими?! Ўқувчилик давримизда ҳаммамиз ўқиганмиз, ёдлаганмиз-ку”, дейдиган одам топила қолса.

Абдулла Қаҳҳор, Мирзакалон Исмоилий, Миркарим Осим, Ваҳоб Рўзиматов, Холида Аҳророва, Қодир Мирмуҳамедов, Низом Комил каби устоз таржимонларнинг таржималарини ўқиб, улар ишлатган нозик, диққатга сазовор ибораларни аслиятга солиштираман ва шу йўл билан бу устозлар амалиётидан сабоқ оламан. Бундан ташқари, янги сўз ясаб кўраман, кейин шу сўзни устозлар билан кенгашамиз. Агар маъқул бўлса, таржимада қўллайман.

Аввалбошда таржима матнда “самовар”, яъни “ўзиқайнар”, “пулемёт”, яъни “ўтсочар”, “порох” – “ўткукун” шаклида ясама сўзларни ишлатиб кўрдим, ўқувчида кўникма ҳосил бўлгач, ясама сўзни бемалол алоҳида ишлатадиган бўлдим.

Чет тиллар ҳозир бизга янгидан кириб келаётган тушунчаларни ифода этадиган даражада тараққий топган, шу тушунчадаги сўзларни ярата олган. Шундай экан, нима учун биз яратмаслигимиз керак? Бу билан бирорта ҳам чет сўзларни ўзимизга киритмаслик керак демоқчи эмасман. Лекин нима учун ўзимиздан, ўзбек тилимиздан, туркий тилимиздан, туркона-шарқона тилимиздан изламаслигимиз ёхуд маънодош сўзлардан янгисини ясамаслигимиз керак?

Шундай қилсак, биров бизни уришмаса керак? Ёки отувга ҳукм қиладими, ё сургунга жўнатадими?

Энг яхшиси, ўзимизнинг фольклор адабиётимизга, кексаларимизнинг тилига эътибор қилайлик. Мана, қаранг: “кактус”нинг ўзбекчаси бор экан – “қуманжир”. Ўзлаштиришдан олдин ўзимиздан излайлик, таппа-тайёр ичимизда турибди-ку. Халқнинг ўзига қўйиб бериш керакмикин, деб ўйлаб қоламан баъзида. Балки баъзи “ажнабий” сўзларнинг бизда истилоҳи топилмас, лекин бу қўл қовуштириб сўппайиб туриш керак, дегани эмас. Тилимизни қандай секин-секин бузган бўлсак, эндиликда ана шундай аста-секин, собитлик ила тиклашимиз даркор.

Нима қилиш керак?

Ўзбек тилига четдан сўз олиш бўйича филолог ва таржимонлар зудлик билан принциплар ишлаб чиқиши ва уни кенг жамоатчиликка эълон қилиши керак. Ҳозир билвосита эмас, бевосита асл тилдан таржималар тобора кўпаймоқда. Рус тилини восита тил қилиб олишга эҳтиёж анча камайган. Қолаверса, исталган тилда онлайн луғатлар топилади. Яъни таржимон сўзнинг асл тилда талаффузини топиш учун ўша тилни билиши ҳам шарт эмас. Луғатлардан кўриб ёзилиши ва талаффузини ўргана олади.

Биздаги асосий масала – хорижий тилдан атоқли от ва сўз ўгираётганда аслиятга мослашамизми ё ўзбек тилига мослаштирамизми? Сўз ўзбек тилига мослашадиган бўлса, бу қандай қонуниятлар асосида мослашади? Акси бўлса-чи?

Шу саволлар очиқ қолаверса, ўзбек тили имло ва талаффузда бўлиниш, бузилиш бекатига ҳам етиб келишига кўп қолмайди.

Зуҳра Абдуҳалимова,
Kun.uz журналисти

Top