Ўзбекистон | 21:16 / 29.01.2024
10023
9 дақиқада ўқилади

«Миллатни севишни шакллантирмас эканмиз, барча уринишларимиз бефойда» — Алишер Қодиров 

Ўзбек жамияти ҳаётида давлат тили қонунини амалиётда тўлақонли жорий қилиш зарур, ўзбек тили давлат тили экан, давлат идораларига мурожаат, ҳуқуқий ҳужжатлар, рекламалар, ташқи ёзувлар — умуман барчасида ўзбек тили устун бўлиши лозим, дейди партия етакчиси Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

—  Рус ватандошлар учун таълим ва телевидениеда рус тили номутаносиб даражада кўп дея билдирган фикрингизни асослаб берсангиз.

— Сўнгги пайтларда Россия жамоатчилигида Марказий Осиё халқлари ҳақида салбий, шовинистик фикрлар янграмоқда. Бундай фикрлар Ўзбекистон жамоатчилиги эътирозига сабаб бўляпти. Шу фонда биз ҳам миллий тараққиётни илгари сураётган партия сифатида ўз муносабатимизни билдиришни мақсадга мувофиқ деб билдик. Россия расмий идоралари, элчихоналари бундай чиқишларга шахсий фикр сифатида таъриф бериб, вазиятдан чиқиб кетишяпти. Бу давлат позицияси эмас, эътибор берманглар, деб шарҳ бериш қайсидир маънода «аллалаш»га ўхшайди. Лекин узоқ давлатчилик тарихига эга бўлган ўзбек халқи бундай чиқишларнинг тагида аслида қандай мақсад, маъно борлигини яхши билиб турибди.

Биз миллатчилик ёки миллатлараро низо қўзғатишдан йироқмиз. Глобал дунёдаги нотинч ҳолат фонида Марказий Осиёга нисбатан юзага келаётган тортишувли вазият собиқ иттифоқ давлатларига бўлаётган ғаразли бир ниятнинг кўрсаткичи. Собиқ совет империясини тиклаш ҳақида норасмий доиралардан ташқари Россиянинг расмий сферасида ҳам гапирилди. Шу баёнотлар негизини таҳлил қилсак, Ўзбекистондаги ҳолат қандай, нималарга эътибор беришимиз керак, деган масалалар юзага келади.

Бугунги Ўзбекистон жамияти ўз қадриятлари, давлатчилиги, ўзлиги нуқтаи назаридан аниқ позицияга эга. Рус миллатли ва бошқа юзга яқин бошқа миллатли ватандошларимизнинг қадриятини, миллий анъаналарини сақлаш конституцион мажбурият. Лекин шу билан бирга эслатиб қўйиш керак бўлган бошқа масалалар ҳам бор. Масалан, Ўзбекистонда ўзбеклардан ташқари 4,5 фоиз атрофида қозоқ ватандошларимиз бор, рус ватандошларимиз эса 2-2,5 фоизни ташкил қилади. Лекин Ўзбекистонда мактаб, боғчаларда рус тилида таълим бериш керагидан ортиқ, жуда ҳам кўп.

Биз ўз таклифимизда бошқа миллатли ватандошларимизнинг ҳуқуқлари таъминланишини эътироф этган ҳолда шуни айтдикки: қозоқ, қирғиз, туркман миллатли ва бошқа ватандошларимиз, ҳатто ўзбеклар ҳам рус мактабларида таълим олиши — ўйлаб қаралса,биз учун хавф сифатида шаклланяпти. Бугун тил юмшоқ сиёсий куч сифатида ишлатилаётганини кўряпмиз, тил шунчаки оддий муҳокама қилинадиган масала эмас. Қайсики миллат ўз тилига муносабатини ўзгартириб, ўз тилидан узоқлашса, бундай миллатлар йўқ бўлиб кетиши мумкин.

3 минг йиллик давлатчилик тарихимизни гапириб турсаг-у, лекин ўзбек тили кучли қонун, технологик ривожланиш тили бўлмаса, бу ҳолат бизни хавотирга солиши керак.

-- Ўзбекистон ҳаётида рус тили таъсирини камайтириш учун нима қилиш лозим?

— Кўп мактабларда рус тилида дарс ўтиляпти, баъзи ота-оналар боласини шундай мактабларга беряпти. Улар болам тил билсин деган мақсадда ҳаракат қилаётганини айтади, лекин тил ўрганиш масаласи боғчадан, биринчи синфдан бошланадиган нарса эмас. Бу даврлар боланинг асл пойдевор даври ҳисобланади. Шу даврда ўз қадриятлари, ўзлигини билиш масалалари сингдирилиши керак. Япония, Корея, Хитой каби давлатларда болаларга айни шу даврида миллий ўзликни англаш ўргатилади.

Ўзбекистоннинг давлат тили ҳақидаги қонунига кўра, фуқаролар ўзаро мурожаат тилини хоҳлаган тил сифатида танлаши мумкин, давлат тили ўзбек тили. Фуқароларнинг хоҳлаган тилда давлат идораларига мурожаат қилиши белгиланган. Ўзбек тилининг ривожига энг катта халақит бераётган меъёрлардан бири бу. Чунки тил ривожланиши учун унга эҳтиёж пайдо қилиш керак. Эҳтиёж бўлмаган тил ўз-ўзидан заифлашади.

Бугунги кунда таълим, телевидение, ҳуқуқий ҳужжатларда рус тилининг таъсири кучли. Ҳуқуқий ҳужжатлар, асосан, рус тилида тайёрланади. Германияда немис тилидан бошқа тилда давлат идораларига мурожаат қилишмайди, агар бошқа тилда мурожаат қилсангиз у нафақат умуман кўриб чиқилмайди, балки сиз бу ишингиз учун жаримага ҳам тортиласиз. Давлат тилига муносабатни шундай қуриш орқали немис тилига эҳтиёж юзага келтирилган. Биз эса эҳтиёжни ўзимиз камайтиряпмиз. Бунинг натижасида тил ривожланмаяпти ва ёш авлод бошқа тилли бўлиб катта бўляпти.

Қонундаги тил ривожига тўсиқ бўлувчи меъёрларни ўзгартириш ва бу борада янада талабчанроқ меъёрларни киритиш зарур.

Таклифимиз рус сегментидаги ахборот воситалари томонидан нотўғри талқин қилинди. Яъни мен бошланғич таълим она тилида бўлиши керак, деганман, улар эса ўзбек тилида деб таржима қилишган. Мен ўзбек одам ўзбек тилида, рус одам рус тилида бошланғич таълим олсин, деган маънода гапирганман.

Биринчи синфга бораётган болани қандай тилли мактабга қўйиш ота-она танлови, дейишади. Аммо боласининг умуман мактабда ўқишига қарши ота-оналар ҳам бор. Бола ўзбек миллатига мансубми, бошланғич таълимни ўз она тилида олиши керак. Хорижий тилларни ўрганиш юқори синфларда бўлаверади.

Бу фикримни миллатчилик сифатида талқин қилишяпти ҳам. Ўзбек халқида ҳеч қачон миллатчилик бўлмаган. Шундай бўлганда, Жаҳон уруши даврида бир нонни ҳам русга, ҳам немисга бермаган бўларди. Ўзбекдек бағрикенг миллат йўқ ўзи, табиатан шундай.

Ўзбекистонда нима учун рус тилини билмаслик уят-у, ўзбек тилини билмаслик уят эмас? Аксар одамлар онгида сингиб қолган бу стереотипни парчалаб ташлаш учун нима қилиш керак?

— Миллат масаласида бизда бир фобия шаклланган. Ўзбек ҳақида гапирсангиз, миллатчи бўласиз, бошқа миллат ҳақида гапирсангиз, бошқа миллатни қадрлаётган бўласиз. Биз бошқа миллатларни "қўллаш"ни яхши кўрамиз. Масалан, бир даврада 9 та ўзбек бўлиб, битта бошқа миллат вакили бўлса, ўша битта одамнинг тилида гапиришга ҳаракат қиламиз.

Совет даврида миллатларнинг ўзини англашда жуда кўп идеологик ишлар амалга оширилган. Афсуски, мана шу ишларнинг асоратлари ҳали ҳам кўринмоқда. Баъзиларни кўрамиз, ўзи ўзбек, лекин ўзбек тилини билмайди, ота-оналар боласини рус боғчага, рус мактабга қўйяпти, боғча ёшидаги боласи рус тилида гапираётганидан ғурурланаётган одамларни ҳам кўришимиз мумкин. Ўзимизга зиён қилаётганимизни англамаяпмиз. Ўзбек тили ҳақида, ўзбек қадриятлари ҳақида гапириш миллатчилик деб қараладиган бўлиб қолган.

Бизга яхши маънодаги миллатчилик етишмайди. Биз ўз қадримизни билишимиз керак. Катта авлодда собиқ иттифоқдан қолган асоратлар бор, деймиз, лекин таълим тизимида ҳали ҳам муваффақиятга эришолмаётганимиз натижасида ёш авлод ҳам ўша асоратлардан заҳарланяпти.Бир сиёсатчи шундай фикр айтади: босиб олинган миллатларда шундай синдром бўлади, улар ўзидан нафратланишга мажбур қилинади ва шу туфайли ўзига нисбатан адолатсиз бўлади. Афсуски, мана шундай синдромда ўзбек жамияти ҳам яшаяпти. Яъни ўз тилига нисбатан қадрсиз муносабатда бўлиб, бошқа тилни ҳурмат қилиши мана шундай синдромнинг кўриниши.

Президентимиз элчилар билан учрашувда ўзбек тилини билмаган дипломат қандай қилиб Ўзбекистон вакили бўлиши мумкин, деган эди. Хорижий тилни ўрганиш мобайнида ўз тилини унутиб юборган шундай элчилар бор ва афсуски, ҳозирги мактаб ўқувчиларида ҳам шундай муаммолар мавжуд. Халқаро минбарларда ўзбек тилида гапиришни кўтаришимиз мумкин, лекин асл муаммо мактаб ва боғчаларда эканини унутмаслик керак. Агар боғчада устувор тилни рус тили сифатида кўрсак, энди улғайишни бошлаган болаларга ўзга тилда таълим берсак, халқаро минбарда ўзбек тилида гапириш у ёқда турсин, ўз қадриятларига беҳурмат авлодни етиштиришимиз мумкин. Бизнинг тил борасида, ватанпарварлик борасидаги оқсашларимизни яхши англаган Марказий Осиёдан умид узмаган баъзи кучлар бундан унумли фойдаланишга ҳаракат қиляпти.

— Ўзбекистонда ўзбек тилига зарурат даражасини ошириш учун қандай ишларни қилиш керак?

— Таълим-тарбия соҳасида ислоҳотларни жадаллаштиришимиз лозим. Рус тилини қисқартириш учун давлат тили қонунини амалиётда тўла жорий қилиш зарур. Ўзбек тили давлат тили экан, давлат идораларига мурожаат, ҳуқуқий ҳужжатлар, рекламалар, ташқи ёзувлар — умуман барчасида ўзбек тили устун бўлиши, қўлланиши керак.

Диёрахон Набижонова суҳбатлашди.
Оператор ва монтаж устаси: Абдуқодир Тўлқинов.

Мавзуга оид