13:59 / 06.07.2022
16755

Қабул-2022: Республика чемпионларининг ўқишга киришдаги имтиёзи бекор қилинди, абитуриентлар бундан норози

Таҳририятга спортчи-абитуриентлардан кўплаб мурожаатлар келмоқда. Уларнинг қисқача мазмуни: шу пайтгача республика спорт мусобақалари ғолибларига ОТМларга киришда берилган имтиёзнинг бекор қилингани билан боғлиқ. 

Гап шундаки, "Халқаро ва республика танловлари, мусобақалари ғолиблари бўлган академик лицейлар, профессионал таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларини тақдирлаш тартиби тўғрисида"ги 2008 йилги Низомга мувофиқ, катталар ва ёшлар ўртасида Олимпия ва Паралимпия ўйинлари дастурларига киритилган спортнинг олимпия ва паралимпия турлари бўйича:

  • Олимпия ва Паралимпия;
  • Осиё ва Параосиё ўйинлари;
  • Жаҳон ва Осиё чемпионатларида охирги тўрт йилда;
  • ҳамда республика чемпионатларида охирги бир йилда ғолиб ва совриндор (1 — 3 ўрин) бўлган умумий ўрта таълим мактаблари, ўрта махсус профессионал таълим муассасаларининг битирувчилари олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжатлар қабул қилиш бошлангунига қадар олий таълим муассасаларининг жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги таълим йўналишларига қўшимча давлат гранти асосида кундузги, сиртқи, кечки таълим шаклларига имтиҳон синовларисиз қабул қилиниши белгилаб қўйилганди.

Бу дегани спортнинг олимпия ва паралимпия турлари бўйича Олимпия, Паралимпия, Жаҳон ва Осиё, республика мусобақалари ғолиблари ўз йўналишлари бўйича имтиҳонсиз ўқишга кириши мумкин эди.

Бироқ жорий йил 15 июнда қабул қилинган олий таълим муассасаларига қабул тўғрисидаги президент қарори билан спортчиларнинг ўқишга киришдаги имтиёзлари билан боғлиқ қисм таҳрирланди. Имтиҳонсиз ўқишга кирадиганлар рўйхатидан республика ғолиблари бутунлай олиб ташланган, Жаҳон ва Осиё чемпионатларининг охирги тўрт йиллик ғолиблари эмас, охирги бир йиллик ғолиблари имтиҳонсиз ўқишга қабул қилиниши белгиланган.

Яъни энди республика чемпионатлари ғолибларида ўқишга киришда имтиёз берилмайди. Бу эса шу пайтга қадар чемпионат ғолиби бўлган ва имтиҳонсиз ўқишга киришига ишонган абитуриентларни ора йўлда қолдирди. Спортчи-абитуриентлар Kun.uz’га ҳам мурожаат юборишмоқда. Улар имтиёзнинг олиб қўйилишидан, ушбу ўзгариш ҳақида ўзлари нега эртароқ хабар топишмаганидан норози.

Вазиятга аниқлик киритиш мақсадида бу турдаги имтиёзларни бериш учун масъул бўлган Спортни ривожлантириш вазирлиги билан боғландик.

Вазирлик томонидан берилган маълумотга кўра, ҳозирга қадар республика чемпионатларида 1–3 ўрин ғолиби бўлган 1,2 мингдан ошиқ абитуриент имтиёз олиш учун мурожаат қилган.

Вазирлик маълумотига кўра, республика ғолиби бўлган спортчиларга бериладиган имтиёзлар бекор қилиниши – ҳамма бир хил, тенг ҳуқуқлилик асосида имтиҳон топшириши ғояси билан боғлиқ. Бу бўйича Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан йиғилишлар ўтказилиб, мавзу муҳокама ҳам қилинган.

Энди республика чемпионати ғолиби бўлган спортчи-абитуриентларнинг асосий танлови битта – олий таълим муассасаларининг ижодий имтиҳонларига тайёргарликни бошлаб, бошқалар қатори имтиҳон топшириш. Сабаби имтиёз қонунан бекор қилиб бўлинган, қабул аллақачон бошланиб кетди, имтиҳон санасига эса оз қолди.

Top