23:46 / 14.07.2022
43673

Юридик шахслар учун ҳам газ ва электр нархи вақтинча ошмайдиган бўлди

Ўзбекистонда ҳукумат қарори билан юридик шахслар учун электр энергияси ва табиий газ нархи 15 июлдан ошиши белгиланган эди. 14 июл куни Энергетика вазирлиги нархлар оширилиши кечиктирилгани ҳақида хабар берди.

Фото: AP

Маълум қилинишича, бош вазир Абдулла Арипов Вазирлар Маҳкамасининг «Ёқилғи-энергетика ресурслари таъминотида бозор механизмларини жорий этиш тўғрисида» 2022 йил 30 июндаги 348-сон қарори амал қилишини вақтинча тўхтатиб туриш ҳақида қарор имзолаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалига нархлар маиший истеъмолчилар учун ҳам оширилиши кутилган, бироқ кейинчалик нархлар фақат юридик шахслар учун кўтарилиши белгиланганди.

30 июндаги қарорга кўра, 2022 йил 15 июлдан бошлаб қуйидагича нархлар кўзда тутилган эди (юқорида айтилганидек, бу нархларга ўтиш кечиктирилди):

1 кВт соат электр энергияси учун:

  • аҳоли учун ўзгаришсиз, яъни – 295 сўм;

  • НКМК, ОКМК ва бюджет ташкилотлари учун – 800 сўм (ҳозирда 450 сўм);

  • қолган юридик шахслар учун – 600 сўм (ҳозирда 450 сўм).

1 куб метр табиий газ учун:

  • аҳоли учун ўзгаришсиз, яъни – 380 сўм;

  • НКМК, ОКМК ва бюджет ташкилотлари учун – 1 300 сўм (ҳозирда 660 сўм);

  • автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари учун – 1 150 сўм (ҳозирда 1000 сўм);

  • иссиқлик электр станциялари учун – 1 000 сўм (ҳозирда 660 сўм);

  • қолган юридик шахслар учун – 1 100 сўм (ҳозирда 660 сўм).

Суюлтирилган газ нархи ҳам аҳоли учун ўзгаришсиз (1 120 сўм) қолмоқда.

30 июндаги қарорда, шунингдек, юридик шахслар учун 2023 йил 1 апрелдан кучга кирадиган янги нархлар ҳам белгилаб берилган эди:

Электр энергияси бўйича:

  • Навоий КМК, Олмалиқ КМК ва бюджет ташкилотлари учун – 850 сўм;

  • қолган юридик шахслар учун – 700 сўм.

Табиий газ бўйича:

  • иссиқлик электр станциялари учун – 1 200 сўм;

  • Навоий КМК, Олмалиқ КМК ва бюджет ташкилотлари учун – 1 350 сўм;

  • автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари учун – 1 350 сўм;

  • қолган юридик шахслар учун – 1 350 сўм.

Top