09:26 / 15.07.2022
6094

Евроиттифоқ Озарбойжон билан Россия газини алмаштириш бўйича битим тайёрламоқда

Еврокомиссия Европа иттифоқи давлатларига Россиядан газга қарамликни Бокудан ёнилғи сотиб олиш орқали камайтиришни таклиф қилмоқда. Ўзаро англашув меморандуми лойиҳаси Озарбойжон томонидан ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва қувурлар тармоғини кенгайтиришни назарда тутади.

Фото: TAP

Россия энергия ташувчиларига қарамликни камайтириш мақсадида Европа иттифоқи Озарбойжон газини харид қилиш ҳажмини ошириш ниятида. Шу мақсадда Еврокомиссия Европа иттифоқи мамлакатларига Боку билан битим тузишни таклиф қилди, бу Озарбойжон томонидан газ қазиб олишни кенгайтириш ва қувурлар тармоғини кенгайтиришни назарда тутади, деб хабар беради Reuters 14 июль, пайшанба куни.

«Томонлар табиий газ савдосини, шу жумладан, Европа иттифоқига экспорт қилиш, 2027 йилгача Жанубий газ йўлаги орқали ҳар йили камида 20 миллиард кубометр газ ҳажмини қўллаб-қувватлашни мақсад қилган», — дея агентлик ўзаро англашув меморандуми лойиҳаси матнидан иқтибос келтирган. У ҳали Европа иттифоқига аъзо мамлакатлар ҳукуматлари томонидан тасдиқланиши керак. 

Ҳужжатда «узоқ муддатли, тахмин қилинадиган ва барқарор шартномалар» муҳимлиги қайд этилган ва улар Европа иттифоқининг иқлим ўзгариши бўйича мақсадларига мос келиши кераклигига ишора қилинган. Брюсселнинг фикрича, бунинг учун 2030 йилдан кейин газ истеъмолини кескин камайтириш керак бўлади. 

Европа иттифоқи ва Озарбойжон, шунингдек, қайта тикланадиган манбаларни ривожлантириш учун энергия тизимларини боғлаш имкониятларини ўрганади ва келажакда водород савдосини муҳокама қилади, дея хабар берди Reuters. 

Ўтган йили Европа давлатлари Трансадриатик газ қувури (Жанубий газ йўлаги қувурлари тармоғининг участкаси) орқали 8 миллиард кубометрдан ортиқ Озарбойжон газини қабул қилиб олди. 

Top