19:59 / 16.07.2022
9655

Қишлоқ хўжалиги – Ўзбекистон иқтисодиёти учун ўсиш нуқтасидир

Ҳуқуқшунослар Умида Ҳақназар ва Илҳом Азизов, иқтисодчи Юлий Юсупов Ўзбекистонда аграр ислоҳотларни таҳлил қилувчи мақолани нашр қилишди. Мутахассислар материалда ер муносабатлари, ер участкаларини ажратишда шаффофлик ва давлат буюртмаларини олиш борасида гўёки ечим топилмаган масалаларга ишора қилишмоқда. Бунга жавобан Инновацион ривожланиш вазирлигининг Ҳудудларни инновацион ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Фазлиддин Мўминов қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилишда эришилган ютуқлар ҳақида маълумот берди.

Қишлоқ хўжалиги Ўзбекистонда асосий иқтисодий тармоқ ҳисобланади. У ЯИМнинг қарийб 27 фоизини эгаллайди, мамлакатдаги жами аҳолининг 30 фоиздан ортиғини иш билан таъминлайди, қашшоқликни камайтиришга ҳисса қўшади. Бугунги кунга қадар қишлоқ хўжалигида 20 миллион гектардан ортиқ ер, жумладан, 3,2 миллион гектар суғориладиган экин майдонларида аҳоли эҳтиёжлари учун озиқ-овқат маҳсулотлари, иқтисодиёт тармоқлари учун зарур хомашё етиштирилмоқда.

2017 йилда кластер тизимининг пайдо бўлиши туфайли қишлоқ хўжалиги янада ривожлана бошлади. Бу тизим эндигина йўлга қўйилмоқда, занжирнинг айрим бўғинларида муаммолар мавжуд, аммо уни янада такомиллаштириш Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг ишлаб чиқариш салоҳиятидан самарали фойдаланиш имконини беради.

2019 йилда Қишлоқ хўжалигини 2020-2030 йилларда ривожлантириш стратегияси тасдиқланди. Мазкур Стратегия 2030 йилгача 1,0 миллион гектардан ортиқ қишлоқ хўжалиги ерларини ўзлаштириш, 535,0 минг гектардан ортиқ лалми, яйлов ва бошқа ерлардан самарали фойдаланишни таъминлаш; тармоқда банд бўлган ҳар бир кишига ўртача меҳнат унумдорлигининг 1,7 баробар ёки йилига 6,5 минг долларгача ўсишини таъминлаш; қайта ишланган тайёр маҳсулотлар ҳажмини 30 фоизгача ошириш; маҳсулот экспортини 20 миллиард долларгача оширишни назарда тутади.

2017–2021 йилларда қишлоқ хўжалиги ялпи маҳсулоти 6,8 фоизга ўсди. Ушбу даврда ишлаб чиқаришнинг ўртача йиллик ўсиш суръати тахминан 1,7 фоизни ташкил этди. 2017-2021 йилларда қишлоқ хўжалигининг ҳар бир банд кишига тўғри келадиган қўшилган қиймати 7,0 фоизга ошиб, 2019 йилдаги ўртача жаҳон кўрсаткичидан 60 фоизга ошди.

2020-2021 йилларда квоталар ва нархларни назорат қилишнинг бекор қилиниши экинларни диверсификация қилиш, бошқа экинлар, мева ва сабзавотлар етиштиришга босқичма-босқич ўтишга ёрдам бермоқда. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти республика ташқи даромадининг 10 фоиздан ортиғини ташкил қилмоқда.

Ўзбекистонда 2019 йил 15 октябрдан бошлаб ун нархини давлат томонидан тартибга солиш тўхтатилди. 2020 йил ҳосилидан бошлаб давлатнинг ғаллага буюртмаси 25 фоизга қисқартирилди, 2021 йил ҳосилидан эса давлат томонидан ғалла харид нархларини белгилаш амалиёти бутунлай бекор қилинди. 2020 йил ҳосилидан пахта хомашёсининг харид нархларини белгилаш амалиёти бекор қилинди ва пахтани эркин жойлаштириш ҳуқуқи берилди.

Илмий ва инновацион ишланмаларни жорий этиш ҳисобига мева-сабзавот, картошка, дуккакли ва ёғли ўсимликлар ишлаб чиқариш ҳажми йилига 6-8 фоизга, гўшт 16 фоизга, сут 13 фоизга, тухум 27 фоизга, балиқ етиштириш ҳажми 2 маротабага, асал 30 фоизга ортади. Мева-сабзавотни қайта ишлаш даражаси 15 фоизга, гўшт 9 фоиздан 15 фоизга, сут 14 фоиздан 18 фоизга етказилади.

Бундай тартибнинг ўрнатилиши ер унумдорлиги ва ердан фойдаланиш самарадорлигини оширишга, жумладан, алмашлаб экишни таъминлашга қаратилган самарали усул ва технологиялардан фойдаланишга хизмат қилмоқда.

Марказий Осиё давлатлари орасида аҳоли зичлиги бўйича Ўзбекистон биринчи ўринда – 1 кв.км.га 51,4 киши тўғри келади. Ҳар гектар суғориладиган ерга республика аҳолисининг 8 нафари тўғри келади. Аҳолининг ўсиш суръати суғориладиган ерлар майдонининг ўсиш суръатларидан анча юқори. Шунинг учун сўнгги 30 йил ичида аҳоли жон бошига тўғри келадиган суғориладиган ерлар майдони, яъни аҳолининг ўсиши ҳисобига 0,23 гектардан 0,16 гектаргача, қарийб 25 фоизга камайди. Осиё тараққиёт банки маълумотларига кўра, агар ҳозирги тенденциялар давом этса, кейинги 30 йил ичида суғориладиган майдонлар яна 20-25 фоизга қисқаради.

Демак, ердан илмий асосланган ҳолда фойдаланиш, унумдорлигини ҳар томонлама ошириш ва сақлаш ишига қишлоқ хўжалигини ривожлантиришдаги давлат сиёсатининг устувор масаласи сифатида қараш лозим.

Ўзбекистонда ер хусусий мулкка айланмоқда. Ер майдонига бундай мулк ҳуқуқининг киритилиши мулкдорни, унумдорликни оширишга қаратилган узоқ муддатли инвестицияларни киритишга ундайди. Ер эгаси ердан узоқ муддатли самарали фойдаланишни режалаштириши мумкин.

Агар давлатга ер участкаси керак бўлса, уни хусусий сектордан бозор нархида, шартнома асосида сотиб олиши мумкин. Давлат келишилган нархда ер сотиб олсагина, давлатга ўтиши мумкин. Ер кодексида ер давлат мулки, у умумхалқ мулки деб белгиланмаган.

Ушбу тартиблар Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 29 июндаги “Давлат эҳтиёжлари учун ер участкаларини компенсация тўлаш шарти билан олиб қўйиш тартиби тўғрисида”ги ЎРҚ-781-сон Қонуни билан белгиланган.

Республика агросаноат мажмуининг бугунги ҳолатини таҳлил қилганлар “экин майдонларининг 70 фоиздан ортиғини пахта ва ғалла учун ажратиш мутлақ давом этмоқда. Бошқача айтганда, мажбурий давлат буюртмаси институти амалда сақланиб қолди ва бу соҳа самарасизлиги ва бундан кейин ислоҳотларни амалга ошириш мумкин эмаслигининг асосий сабабидир” дерканлар, мақола муаллифлари озиқ-овқат хавфсизлиги, қишлоқ хўжалигини бошқариш ва унинг йўналишлари бўйича мутахассис эмасга ўхшайди. Бир мисол: 2021 йилда 3148,3 минг гектар экин майдонларининг 2070,7 минг гектари (65 фоизи) техник экинлар – бошоқли дон ва пахта учун ажратилган. Ўтган 2020 йилда 2967,5 минг гектар экин майдонларининг 71 фоизи ёки 2096,8 гектари шу техник экинларга ажратилган эди. Биргина 2018 йилнинг ўзида 99 минг 371 гектар паст ҳосилдор пахта майдонларига сабзавот, картошка, соя, сабзавот, ем-хашак экинлари, узумзорлар ва бошқалар экилди.

Рақамлардан кўриниб турибдики, техник экинлар майдонлари йилдан йилга камайиб бормоқда, мева-сабзавот экинлари майдонлари маҳсулотларни диверсификация қилиш билан бир вақтда кўпаймоқда. Бу қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштиришда давлат сиёсатини мажбурий сақлашни англатмайди.

Яна бир мисол. Барча ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларда экинларни жойлаштириш давлат аҳамиятига эга сиёсат ҳисобланади. Масалан, деярли бутун Европани озиқ-овқат билан таъминловчи Нидерландияда экинларни жойлаштириш манзилли деҳқончилик тамойили асосида амалга оширилади. Мамлакат қишлоқ хўжалигининг асосий афзалликларидан бири билимлар, технологияларни жорий этиш бўлиб, фермерлар, саноат компаниялари, илмий муассасалар ва давлат ўртасидаги ҳамкорликка асосланган.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқдаки, унинг натижалари соҳанинг барқарор ўсишини таъминлаш, ресурслар самарадорлигини оширишга катта ҳисса қўшди. Келгусида бу республика қишлоқ хўжалиги салоҳиятини кенгайтиришга ёрдам беради ва режалаштирилганидек, Ўзбекистонни қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва экспорт қилиш бўйича жаҳон етакчилари билан яқинлаштиради.

Top