«Тупроқ таркиби ва репозиторийси, сифати таҳлил маркази» давлат унитар корхонаси 60 йиллик тарихга эга бўлиб, унга 1959 йилда асос солинган. Дастлаб Тупроқ экспедицияси сифатида ташкил қилинган. Бугунги кунда корхонада 128 нафар мутахассис фаолият юритмоқда.

Унитар корхонанинг асосий вазифалари - тупроқ билан боғлиқ назарий-амалий таҳлиллар амалга ошириб, шу асосда тавсиялар бериш. Хусусан:

  • ер ресурсларидан истиқболли фойдаланиш бўйича таклифлар ва режалар ишлаб чиқиш, барча турдаги тупроқ тадқиқотларини амалга ошириш;
  • вилоятлар, туманларнинг тупроқ хариталарини тузиш;
  • қишлоқ хўжалиги ер майдонлари мониторинги;
  • шўрланган тупроқлар картограммаларини тузиш;
  • оби ва лалми ерлар тупроқ сифатини баҳолаш хариталарини тузиш, агрокимёвий текширишлар ўтказиш ва бошқалар.

Унитар корхона директори Одил Жабборов республикадаги мавжуд экин ерларидаги тупроқлар ҳолати, тупроқнинг ишлаб чиқариш тизимидаги аҳамияти, уни бойитиш ва асраш борасидаги ишлар, муаммо ва камчиликлар хусусида тўхталди.

«Бугунги кунда Ўзбекистон тупроқлари 54 балл бонитетга баҳоланади. Бу ўртача кўрсаткич. Республикадаги айрим ҳудудлар - Самарқанд, Тошкент вилоятларида 90-100 балли унумдор ерларни учратиш мумкин.

Бизнинг ҳар бир кийимимиз ва озиқ-овқатимиз тупроққа боғлиқ. Ундан тоза экологик маҳсулот чиқадиган бўлса, соғломлик ҳам ўз ўрнида бўлади. Тупроқдаги озиқ элементлари ҳозирда фақат фосфор, калий ва бошқа кимёвий минераллар бўлиб қолди. Пахтали кийимни оладиган бўлсак, шу пахтанинг ўзини олиш учун ҳам қанча кимёвий элемент берилади, бу эса пахтада ўзининг таъсирини кўрсатади.

Нима учун тупроққа алоҳида эътибор бериш керак, нега ерларимиз шўрланиб кетяпти, бунинг олди етарли даражада олинмаяпти, деган саволлар бугунги куннинг долзарб муаммоларидан ҳисобланади. Буни танқидий назардан ўтказиш керак.

Молдовада FAO йиғилишида қатнашганимда бир нарса эътиборимни тортди, улар фақат ўсимлик маҳсулотинигина олишар экан, холос. Яъни маккажўхори бўлса, унинг жўхориси олинади, қолган барча нарсаси: пояси бўладими, ҳатто сўтасигача ерни ҳайдаб кўмиб юборилади. Тасаввур қиляпсизми, мол ҳайдамасдан, ерни ёқиб юбормасдан шунчаки тупроққа қўшиб юборишар экан. Ўзи шундоқ ҳам бу ерлар қора тупроқ.