15:47 / 16.07.2022
9495

Россиянинг 36 та ҳудудида армия ҳақидаги «фейклар» бўйича ишлар тергов қилинмоқда

Армия ҳақида «ёлғон маълумот тарқатиш» бўйича ишлар асосан журналистлар ва фаолларга нисбатан қўзғатилмоқда.

Фото: Kirill Kudryavtsev / AFP

Россия армияси ҳақидаги «фейклар» бўйича жиноий ишлар Россиянинг 36 та ҳудудида тергов қилинмоқда, жами 73 та иш ушбу модда бўйича қўзғатилгани маълум, дея хабар беради «Сетевые свободы» инсон ҳуқуқлари лойиҳаси 15 июль, жума куни. Россия армияси ҳақида «ёлғон маълумотни оммавий тарқатиш» (Жиноят кодексининг 207.3) моддаси бўйича аксарият ишлар Москвада тергов қилинмоқда - 16 та. Санкт-Петербургда ҳуқуқ ҳимоячилари саккизта, Новосибирскда - тўртта, Ингушетия ва Киров областида - учта ҳолатдан хабардор.

Аксарият ҳолатларда - 12 та иш - журналистлар ёлғон маълумот тарқатишда айбланмоқда, етти ҳолатда - фуқаролик фаоллари, олтита иш сиёсатчилар ва блогерларга қарши тергов қилинмоқда. Айбланувчилар орасида икки полициячи, ўқитувчи, рассомлар, руҳонийлар, шифокор, талаба ва мактаб ўқувчиси ҳам бор, деб ёзади «Сетевые свободы». 

Жиноят кодексининг 207.3-моддаси иккинчи қисми оғир жиноятларга тааллуқли бўлиб, 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини назарда тутганлиги сабабли, терговчилар суддан айбланувчини қамоққа олишни талаб қилишга ҳақли, деб ёзади инсон ҳуқуқлари фаоллари.

Тергов жараёнида 24 нафар шахс қамоққа олинган, 10 ҳолатда суд сиртдан ҳибсга олиш, учта ҳолатда — мамлакат ёки шаҳардан чиқиб кетмаслик тўғрисида ёзма мажбурият, бир марта — уй қамоғи ва муайян ҳаракатларни тақиқлаш ҳақида эълон қилган. Ҳуқуқ ҳимоячилари 34 та ҳолатда эҳтиёт чорасини аниқлай олмаган.

«Шахсий суҳбатларда терговчилар ушбу тоифадаги ишлар бўйича ҳеч нарсани ҳал қилмасликларини билдирди, сабаби барча кўрсатмалар фақат юқоридан келади», деб таъкидлайди «Сетевые свободы». 

Россия армияси ҳақида «фейклар»нинг тарқалиши бўйича жиноий модда Россиянинг Украинага бостириб киришидан кўп ўтмай жорий қилинган. Муниципал депутат Алексей Горинов бунинг учун ҳозиргача энг узоқ муддат - етти йиллик қамоқ жазосини олди. Аввалроқ ушбу модда бўйича иккита ҳукм чиқарилган: Байкалортида яшовчи фуқаро 1 миллион рубль миқдорида жаримага тортилган, Қримда эса Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг собиқ ходими шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

«Фейклар учун» тўртинчи ҳукм Оренбургда чиқарилди: 22 ёшли эркак иш ҳақининг 10 фоизини давлатга ушлаб қолиш шарти билан 8 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинди. Маҳкум ижтимоий тармоқларда Россия қуролли кучларининг ҳаракатлари ҳақида учта видео жойлаштирган, деб ёзади адвокат Павел Чиков. 

«Россия армияси ҳақидаги фейклар» бўйича жиноий иш очилганлар орасида журналистлар Александр Невзоров, Иля Красилшчик, Майкл Наки, сиёсатчилар Владимир Кара-Мурза, Иля Яшин, Елена Котеночкина, ёзувчи Дмитрий Глуховский, рассомлар Ирина Бистрова ва Саша Скочиленко бор. 

Top