Жаҳон | 10:50 / 25.01.2024
2241
3 дақиқада ўқилади

Давлат думаси «фейклар» учун мулкни мусодара этиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди

Биринчи ўқишда думанинг 395 нафар депутати «фейклар» учун судланганларнинг мулкини мусодара қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ёқлаб овоз берди, 3 нафари қарши чиқди. Ҳужжат кейинги ҳафта иккинчи ўқишда кўриб чиқилади.

Фото: Sergei Fadeichev/dpa/TASS/picture alliance

Россия Федерацияси давлат думаси Россия қуролли кучлари ҳақидаги «фейклар» моддаси бўйича судланганларнинг мулкини мусодара этиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. 24 январ, чоршанба куни ҳужжатни 395 депутат қўллаб-қувватлади, 3 нафар депутат қарши овоз берди. Қонун лойиҳаси кейинги ҳафтада иккинчи ўқишда кўриб чиқилиши мумкин, деди дума спикери Вячеслав Володин.

У, шунингдек, қонунчиликни қатъийлаштириш зарурлигини таъкидлади, чунки «ёвузларга қарши кураш» учун мавжуд чоралар етарли эмас. Ўз навбатида, ЛДПР депутати Андрей Луговой «ватанга зарар етказишга ҳаракат қилган» ҳар қандай одам «ҳамма нарсани йўқотиши» мумкинлигини таъкидлади. «Новые люди» партияси раҳбари Алексей Нечаев аввалроқ бу қонун лойиҳасига қарши чиққан эди. 

Ҳужжат давлат думасига 22 январ куни тақдим этилди

22 январ куни давлат думасига Россия армияси ҳақидаги «фейклар» ва дезертирликка оммавий чақириқлар айблови билан судланганларнинг мулкини мусодара қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси киритилди. Ушбу тузатишларни қабул қилиш ташаббуси билан давлат думаси вице-спикери Ирина Яровая ҳамда думанинг хавфсизлик ва маданият қўмиталари раҳбарлари Василий Пискарев ва Елена Ямполская чиқди. Ҳукумат бу ташаббусни қўллаб-қувватлади. 

Ҳужжат Россия Федерацияси жиноят кодексининг иккита моддасини мулкни мусодара қилиш назарда тутилган жиноятлар рўйхатига киритишни назарда тутади - 207.3-модда, қуролли кучлардан фойдаланиш тўғрисида «қасддан ёлғон маълумотни оммавий равишда тарқатиш» ва 280.4-модда, «давлат хавфсизлигига қарши қаратилган фаолиятни амалга оширишга оммавий чақириқлар». Мулкни мусодара қилиш тарзидаги жазо, агар фуқаролар ушбу жиноятларда айбдор деб топилса ва бу атайин содир этилган бўлса, қўлланиши кўзда тутилган. 

Уруш бошидан бери Россия судлари Кремлнинг расмий позициясига зид бўлган Россия Федерациясининг Украинага қарши уруши ҳақидаги маълумот учун «фейклар» ва «армияни обрўсизлантириш» моддалари бўйича жиноий иш қўзғатмоқда. РФ Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин январ ойи ўрталарида Россияда 2022 йилда армия ҳақида «фейк» маълумотларни тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этилганидан бери унинг идораси 273 та жиноий иш очганини айтди. Уларнинг 90 таси 2023 йилда қўзғатилган. 

Мавзуга оид